Мақолалар

Буюк Ислом тарихидан лавҳалар

Европаликлар Ой тутилса, “Иблис Ойни ютиб юбормоқчи” деб йиғи-сиғи қилиб, қичқириб, иблисни бундан қайтаришга “уриниб” юрган пайтларида мусулмон олим Абу Райҳон Беруний Ойнинг тутилишини изоҳлаб, “Ер сайёраси Қуёш билан Ой орасига тушиб қолиб, Ер Қуёшнинг Ойга етиши керак бўлган нурини тўсиб қўйганда Ой тутилиши содир бўлади” деган. 

*****

Тарихда илк сиёҳли ручкани кашф этган олим Аббос ибн Фирнасдир. Шунингдек, у учиш қурилмасини кашф этган ва учишга уринган илк инсон ҳам ҳисобланади. Бундан ташқари тиббиёт кўзойнаги ишлаб чиққан ҳам удир.

*****

Шарқий Европага илк кириб борган мусулмон ҳукмдор Ўрхан ибн Усмон ибн Эртуғрул бўлиб, у Болгариягача етиб борган.

*****

Уй олдидаги чироқ

Агар Андалусияда уй олдида чироқ бўлса, ушбу уйда Қуръони Каримни ёд олган қиз бор деган маънони билдирган экан.

*****

Мусулмонларнинг юртида қушлар оч қолибди дейилмаслиги учун тоғ (адир)ларга ҳам дон сепинглар!

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ

*****

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг лақаблари «Сайфуллоҳ» бўлиб, бунинг маъноси «Аллоҳнинг қиличи» демакдир.

У киши машҳур саҳобийлардан ва забардаст қўмондонлардан бўлиб, юзта жангда иштирок этганлар ва бирор марта мағлубиятга учрамаганлар.

Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин!

*****

Бешинчи рошид халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ 2 йилу 5 ойдан сал кўпроқ халифа бўлганлар. У кишининг даврларида ишчилар закот молини кўтариб олиб, кўчаларни, маҳаллаларни айланиб юришарди. Аммо уни оладиган одам топилмасди.

Аллоҳ таоло ҳалоллик, омонатдорлик ва одилликка ана шундай барака беради.

Аллоҳ таоло у кишини раҳматига олсин!

*****

Жарчи кўчаларни айланиб юриб, шундай нидо қиларди:

  • Ким уйланишни истаса, келиннинг маҳри бизнинг зиммамизда.
  • Ким уй қурмоқчи бўлса, унга уй қуриб берамиз.
  • Кимнинг зиммасида қарзи бўлса, уни тўлаб берамиз.
  • Ким ҳажга бормоқчи бўлса, унга йўл озуқаси ва харажатларини осонлаштириб берамиз.

Бу сўзлар умавий халифалардан, бешинчи рошид халифа деб эътироф этилган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг даврлари (ҳижрий 99 – 101 йиллар)да эълон қилинарди.

*****

Денгиз сувини илк бор чучуклаштириб, уни ичишга яроқли қилишга уринган инсон тобеин Холид ибн Язид ибн Муовия ибн Абу Суфёндир. У киши ҳижрий 90 йилда вафот этганлар. У зот Абдулмалик ибн Марвонга: “Агар хоҳласангиз, денгиз сувини чучуклаштириб бераман” деганлар. Кейин бир кўзачада сув келтиришни буюрадилар. Сув келгач, уни қандай қилиб ичишга яроқли қилиб чучуклаштиришларини кўрсатиб, охири сувдаги шўрликни йўқотадилар. Бу маъломутни Ибн Абу Дунё “Ёмғир ва момақалдироқ китоби”да келтирганлар.

   *****

 

Мағриб (Марокаш) ва Шимолий Африканинг фотиҳи, “Африка фотиҳи” лақаби билан танилган Уқба ибн Нофеъ раҳимаҳуллоҳ (милодий 622-683 йилларда яшаган) 10 минг кишилик аскарлари билан 80 минг кишилик Рум қўшинига қарши жангга чиқди.

Чиқаётганда аёли ундан: “Жанг қизиб, уруш авжига чиқса, сизни қаердан топаман?” деб сўради.

Шунда у киши: “Ё Рум қўмондонининг чодиридан ёки жаннатдан” деб жавоб берди.

*****

1949 йилда Шайх Абдулҳамид Аббор БМТда Ливиянинг мустақиллиги ҳақида гапирганда, Франциянинг ўша вақтдаги президенти Венсан Жюль Ориоль: “Сизлар қўй боқувчи саҳройисизлар. Мустақил бўлишга ҳақли эмассизлар” дейди. Шунда Шайх Абдулҳамид Аббор мана бу машҳур гапини айтган:

“Биз Италия империясига қарши 20 йил жанг қилдик. Сизларни эса Гитлер уч кун ичида босиб олди. Хўш, қайси биримиз истиқлолга ҳақлироқмиз?!”

Бу жавобни эшитган президент ҳеч нарса деёлмай жим бўлиб қолди.

*****

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 3112 times

Мақолалар

Top