Мақолалар

Бу ҳол қиёматгача давом этади

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан олти ой ўтиб, ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо  хасталаниб қолди…
Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…
Шу пайтгача ора-сира касал бўлиб турарди, аммо бу сафаргиси аввалгиларига ўхшамади.
Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар доимгидек ёнларидан жилмасди.
– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…
Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик ва ғамга ботирмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасининг ёнига олиб келди. Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Шундан сўнг онамизнинг ёнларига Асмо бинти Умайс ва Умму Рофеъ розияллоҳу анҳолар киришди.
– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?
– Ҳа.
Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо Умму Рофеъ розияллоҳу анҳони «онажон» дерди. Чунки бу аёл Фотима розияллоҳу анҳога доимо худди онадек меҳр кўрсатар эди.
– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?
– Албатта, қизим.
Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосини кийди.
– Тўшагимни хона ўртасига солинглар.
– Хўп.
Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда изтироб чекишарди.
– Мени ётқизинг ва юзимни қиблага қаратинг.
– Хўп.
– Энди мени ёлғиз қолдиринг!
– Аммо…
– Илтимос.
– Аммо…
– Роббимга дуо ва илтижо қилмоқчиман.
– ...!
Фотима онамиз дуо ва илтижога шунчалар берилиб кетдики, жони қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди.
Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотима Фотима розияллоҳу анҳонинг вафот этганини кўришди.
Бу хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг суюкли қизи ҳам бу фоний дунёдан боқий дунёга йўл олган эди.
Эндигина йигирма саккиз ёшни қаршилаган, бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди.
Ортида кўзлари ёш суюкли ёри ва беш нафар фарзандлари қолди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенжа қизлари, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг севимли завжаси ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳо вафот этганида Ҳасан розияллоҳу анҳу саккиз, Ҳусайн розияллоҳу анҳу етти, Умму Гулсум розияллоҳу анҳо беш, Зайнаб розияллоҳу анҳо уч, Руқийя розияллоҳу анҳо икки ёшда эди. Ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳонинг қабрига боқаркан, ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ёдига аёли вафотидан бироз олдин айтган гаплари тушди:
– Эй Али (розияллоҳу анҳу), вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг. У меҳрибон ва тақволи.
Афсуски, саодат асрининг гуллари, мусулмонларнинг улуғ оналари бирин-кетин дунёни тарк этишди. Илоҳий тақдир шундай. Зотан, бу одамзотнинг қисмати. Бири келади, бири кетади…
Қиёматгача давом этади бу ҳол…
Аввал ҳазрат Руқийя розияллоҳу анҳо…
Сўнг ҳазрат Зайнаб розияллоҳу анҳо …
Ҳазрат Умму Гулсум розияллоҳу анҳо …
Ва охирида ҳазрат Фотима розияллоҳу анҳо …
Улар гулларнинг гуллари эди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўз нурлари эди.
Буни тафаккур қилган билади, ақл юритган билади, англаб етган билади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда севимли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга марҳамат қилганидек:

 “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир. Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз. (Кейин)  Бизнинг ҳузуримизгагина қайтарилурсиз”. (Анбиё сураси, 35-оят) 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3377 times

Мақолалар

Top