Мақолалар

Илтимос қалбни қотирманг

Шу кунларда атрофдаги ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган кўплаб холатлар менда бази саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бугун қайсики сайт, телеканал ёки ижтимоий тармоққа кўз ташласангиз ҳақорат қилди, сўкди, дўппослади, пичоқлади, ўлдирди каби эшитганда одамни сескантирадиган янгилик, овозли хабар ёки видеороликлар оқимининг гувоҳи бўласиз. Улардан хафсалангиз пир бўлиб бошқасига ўтсангиз одоб, миллий қадриятларни четга суруш тугул иймонингизни заифлаштирадиган турли махсулотлар, шоулар, янгидан янги либос ва кераксиз буюмлар, фахш ва баҳаёликни тарғиб қилувчқи  рекламалар уммонига ғарқ бўласиз. Афсуски, бу “хабарлар”нинг инсонларга фойдасидан кўра кўпроқ зарари тегмоқда. Қандай? Жавоби, қисқа ва лўнда: бу каби янгиликлар, рекламалар ва айниқса аудо-видео махсулотлар инсонларнинг дийдаси қаттиқ, такаббур, кераксиз орзулар оғушидаги тайёр истеъмолчи манқуртга айланишига олиб келади. Хўш бунинг нимаси хатарли? Бу саволга жавобни улуғ аллома ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг асарларидан топдик.

Қуйида Абу Лайс Самарқандий ҳазратларининг асарларида келтирилган бази ўгитлар билан яқиндан танишинг. Зеро, бу ўгитлар бугун аксариятимизга сув билан ҳаводек зарур:  

  • Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир. 
  • Хатоларнинг оналари уч нарсадир: ҳасад, ҳирс ва кибр. Кибрнинг асли иблисдандир. У такаббурлик қилган вақтда сажда қилмоқдан бош тортди. Сўнгра лаънатланди. Аммо ҳирс Одам алайҳиссаломдан эди. Унга айтилган эди: «Жаннатнинг ҳаммаси сенга ижозатдир, фақат бу дарахтга яқинлашма». Уни ҳирс кўтариб, дарахт мевасидан емоқликка ундади ва жаннатдан ҳайдатди. Ҳасаднинг асли Одамнинг ўғли Қобилдан эди. Укасини ўлдирган вақтда кофирга айланди ва унинг жойи абадий дўзах бўлди. 
  • Ким орзуларни камайтирса, қисқа қилса, Аллоҳ таоло тўрт хил кароматлар билан ҳурмат қилади;

Биринчиси, тоатда кучли қилади. Чунки банда яқинда ўлимини билса, унга юзланадиган нохуш нарсаларга аҳамият бермайди. Тоатларда кўп ҳаракат қилади ва амалларни кўпайтиради.

Иккинчиси, ғамларини камайтиради, чунки яқинда ўлишини билса, рўбарў келган кароҳиятларни ўлим санамайди.

Учинчиси, ози билан рози бўлади. Чунки яқинда ўлимини билса, кўп нарсани талаб қилмайди. Унинг ғами фақат охират ғами бўлади.

Тўртинчиси, унинг қалбини нурли қилади. 

  • Қалбинг нури тўрт нарсадир: Биринчиси, оч қорин (рўза). Иккинчиси, солиҳ дўст. Учинчиси, ўтган гуноҳларни эслаш. Тўртинчиси, қисқа орзу.

Албатта, кимки орзуни кўп қилса, тўрт нарса билан азобланади. Биринчиси, итоатлардан дангаса бўлади. Иккинчиси, дунёда ғамлари кўпаяди. Учинчиси, мол йиғишга ҳарис бўлади. Тўртинчиси, қалби қаттиқ бўлади. 

  • Қалбнинг қаттиқ бўлиши тўрт нарсадан:

Биринчиси, тўлиб қолган қорин.

Иккинчиси, ёмон дўстнинг суҳбати.

Учинчиси, ўтган гуноҳларни унутиш.

Тўртинчиси, узун орзулар.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2863 times

Мақолалар

Top