Мақолалар

Масжидлар қуриш ва уларни обод қилишнинг фазли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло масжидларни Ўзига энг маҳбуб макон қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга ёқимсиз жойи – бозорларидир” деганлар (Муслим ривояти).Бунинг сабаби – масжидларда Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингани, у ерларда Унинг исми зикр этилгани, у ерларда Унинг буйруқ ва қайтариқлари эълон қилингани, у ерларда мусулмонлар ибодатларнинг турли кўринишлари, жумладан, намоз, зикр, Қуръон тиловати, эътикоф, тасбеҳ, дуо кабилар билан Унга қурбат ҳосил қилганлари, у ерларда нафслар гуноҳ ва исён кирликларидан поклангани, у ерларда роҳат, унс, хотиржамлик, иймон, Аллоҳга муножот лаззати пайдо бўлгани учундир.

Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Масжидларда мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, улфат бўладилар, бир-бирларига ёрдам бериб, ҳамжиҳат бўладилар, бир-бирларини зиёрат қилиб, бир-бирларига раҳм-шафқат кўрсатадилар. Бунинг натижасида ораларида боғланиш, дўстлик, меҳрибонлик кучаяди.

Масжидларда мусулмон авлод тарбия топади. Тавҳидни, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишни, Аллоҳни яхши кўришни, Унга юзланиб, тавба қилишни, Унинг ибодатларига бўлган рағбатнинг кучайишини, Унга исён қилишдан узоқлашишни, Ундан қўрқишни, Ундан умидвор бўлишни, Унга ихлос, таваккул қилишни, Унга ибодат қилишни, Унга бандалик қилишни ўрганадилар.

Аллоҳнинг дини масжидлардан тарқала бошлайди. Масжидлардан Аллоҳга берган аҳдларида содиқ бўлган кишилар чиқадилар. Улар Роббиларини яхши кўриб, Унинг уйини обод этадилар. Улар Унинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтадилар. Улар намозга бўлган чақириққа “Лаббай” дейдилар ва Унинг ҳузурига киришга ошиқадилар.

Аллоҳ таоло Қуръонда каримда шундай деб марҳамат қилган: “Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 37–38-оятлар).

Масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни каримни ёдлаш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини таълим олиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган бўстонлардир. У ерда одамлар бир-бирларидан тарбия, ахлоқ, одоб ўрганадилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг замонларида камбағал мусулмонлар масжидларда яшашган. Элчилар масжидларда кутиб олинган. Турли мамлакатларга мусулмон элчилар масжидлардан тарқалишган. Аллоҳ таоло масжидларни ширк ва куфр ифлосликларидан тозалашга буюриб: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз!”деган (Жин сураси, 18-оят). 

Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда каримда: (У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч  тасбиҳ айтурлар” деб айтган (Нур сураси, 36-оят). 

Аллоҳ таоло масжидларни обод қилувчиларнинг иймони борлигига гувоҳлик бериб шундай деди: “Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар” (Тавба сураси, 18-оят). 

Масжидларда Аллоҳни зикр қилишдан тўсадиган, масжидларнинг бузилишига сабаб бўладиган кимсаларни У Зот дунёда хорлик, охиратда улкан азоб билан қўрқитди, таҳдид қилди. У зот Қуръон каримда шундай деган: “Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни бузишга ҳаракат қилгандан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар у жойларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди-ку! Уларга бу дунёда хорлик бордир ва уларга охиратда улуғ азоб бордир” (Бақара сураси, 114-оят).

Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман». 

Бошқа бир ривоятда: «Жаннатда бир уй», дейилган.

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким эртами-кечми масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, у хоҳ кичик бўлсин, хоҳ катта бўлсин, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”. Термизий ривоят қилган.

Бошқа бир ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким унда Аллоҳ зикр қилиниши учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.

Насоий ривоят қилган. 

Яна бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун какликнинг тухумларини қўядиган еричалик бўлса ҳам, масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй қуриб беради” деганлар.

Аҳмад ривоят қилган. 

Аллоҳ таоло бизларни масжид бино қилишга буюрганидек, масжидларни обод қилишга ҳам буюрган ва бу ишни иймоннинг аломатларидан бири қилиб қўйган. Қолаверса, масжид бино қилиш садақаи жорий бўлиб, кишининг вафотидан кейин ҳам савоби бориб туради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Еттита иш борки, бандага, у вафот этганидан кейин қабрида ётганида ҳам ажри етиб туради: ким илм ўргатса ёки дарё кавласа ёки қудуқ қазиса ёки хурмо экса ёки масжид бино қилса ёки Мусҳафни мерос қилиб қолдирса ёки вафотидан кейин унга истиғфор айтадиган фарзанд қолдирса”. Баззор ривоят қилган. 

Мўмин одам Аллоҳнинг уйларини обод қилишга, унга инфоқ қилиб, моддий ободлигини зиёда қилишга, унда намоз ўқиб, маънавий ободлигини зиёда қилишга уринар ва қалби доим масжидларга боғлиқ бўлар экан, икки дунёнинг бахту саодатига, хайру баракасига эришади.

Нозимжон Иминжонов
 
Манба: https://islom.uz
 
Read 3073 times

Мақолалар

Top