Мақолалар

Бу Аллоҳнинг раҳмати эмасми?!

Аллоҳ таоло биз бандаларига раҳмлидир. У Зотнинг раҳмати барча нарсани қамраб олгандир. Қуръони Карим оятларини ихлос билан ўқисак, унда Аллоҳнинг раҳмати нақадар улуғ ва кенг эканига гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи – Қуръонда шундай марҳамат қилган: 

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

“Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар” (Бақара сураси, 186-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг раҳмати яққол кўриниб турибди.

 Маълумки, Қуръони Каримда يَسْأَلُونَكَ “ясъалуунака” (сендан сўрайдилар) деб бошланадиган кўплаб оятлар бор. Қуръоннинг қаерида шу жумла келса, ортидан قُلْ “қул” (айт) деган калима ҳам келади. Масалан: 

يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِن نَّفْعِهِمَا وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ كَذَلِكَ يُبيِّنُ اللّهُ لَكُمُ الآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ

“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: “Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир”, деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: “Ортиқчасини”, деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз”. 

وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّن الْعِلْمِ إِلاَّ قَلِيلاً

“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”. 

يَسْأَلُونَكَ عَنِ السَّاعَةِ أَيَّانَ مُرْسَاهَا قُلْ إِنَّمَا عِلْمُهَا عِندَ رَبِّي لاَ يُجَلِّيهَا لِوَقْتِهَا إِلاَّ هُوَ ثَقُلَتْ فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ لاَ تَأْتِيكُمْ إِلاَّ بَغْتَةً

“Сендан (қиёмат) соати қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: “Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўладир. Сизларга фақат тўсатдан келадир”, деб айт”.

Қуръони Каримда бу каби оятлар кўп. Эътибор берсак, барчасида “қул” (айт) калимаси бор.

Аммо биз энг юқорида келтирган оятда Аллоҳ таоло وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалардегандан кейин فَإِنِّي قَرِيبٌ    قُلْ “айт, мен уларга яқинман” демади. Балки فَإِنِّي قَرِيبٌ “Мен, албатта, яқинман” деди. “Қул” калимасини келтирмади. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўртада воситачи қилмай, “Мен ҳақимда сўровчига Мен яқинман, дуо қилувчининг дуосини Ўзим ижобат этаман”, деди. Бу ҳам дуонинг қанчалик аҳамиятли, улуғ нарса эканини кўрсатади.

Аллоҳ таоло мазкур оятда яна “Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан” деб марҳамат этди. Намоз ўқувчи дуо қилганда, рўза тутувчи дуо қилганда, ибодат қилувчи дуо қилганда, ҳаж қилувчи дуо қилганда, зикр қилувчи дуо қилганда, садақа берувчи дуо қилганда демади. Бу дегани мусулмон нафақат намоздан сўнг, ибодатдан кейин, балки қаерда, қандай вазиятда бўлса ҳам, Аллоҳ таолога дуо қилса, У Зот унинг дуосини ижобат қилишини эълон қилди. Бу ҳам Роббимизнинг улкан марҳаматидир.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни ихлос билан дуо қилувчи бандаларидан айлаб, дуоларимизни ижобат қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3459 times

Мақолалар

Top