Мақолалар

Неъматга шукр қилиш ҳақида улуғлар ҳикмати

“Яқинда Раббингиз Сизга (шундай неъматлар) ато этурки, Сиз, албатта, (ундан) рози бўлурсиз”. (Зуҳо сурасидан)

Неъмат оддий эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган неъмат. Умрининг сўнггида «Умматим, оҳ, умматим!» деган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса умматлари нажот топса, барчаси ортларидан жаннатга кирса, шунда рози бўладилар.

Эй Роббим! Севикли Расулингнинг биз умматларини жаннатга киритиш ила у зот алайҳиссаломни рози қилгин!

*****

Товус раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар Аллоҳ азза ва жалла бир бандага неъмат берса, кейин одамларнинг эҳтиёжини ўша бандага тушириб қўйса, банда бунга сабр қилса ва бардошли бўлса, Аллоҳ таоло неъматни унда бардавом қилади. Бордию (одамларнинг унинг олдига келишларига) сабр қилмаса, неъматни заволга учратади”

*****

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ушбу неъматларни кўп зикр қилинглар! Чунки уларни эслаш, зикр қилиш ҳам шукрдир”.

*****

Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар ҳар бир неъмат бандани Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирмаса, бас, у балодир”.

*****

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларини Аллоҳ таолога шукр қилиш билан боғлаб қўйинглар!”

*****

Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ юк кўтариб кетаётган ҳаммолни кўриб қолдилар. У устида юки билан “Алҳамдулиллаҳ”, “Астағфируллоҳ” деб кетаётган эди. Бакр ҳазратлари уни бироз кутиб турдилар. У юкларини ерга қўйгандан сўнг ундан: “Бундан бошқа ҳасанотларни ҳам бажарасанми?” деб сўрадилар. У “Ҳа, албатта, бажараман. Кўп яхши амаллар қиламан, Аллоҳнинг Китобини ўқийман. Лекин банда неъмат ва гуноҳ ўртасида бўлади-да. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг менга берган неъматларига ҳамд айтиб, гуноҳларимга истиғфор айтаман” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Ҳаммол Бакрдан фақиҳроқ экан” дедилар.

*****

Муовия ибн Қурра раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Ким янги либос кийганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади. Ким таом еганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади. Ким ичимлик ичганда “Бисмиллаҳ валҳамдулиллаҳ” деса, гуноҳлари кечирилади”.

*****

Бакр ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Эй Одам боласи, агар Аллоҳнинг сенга берган неъматининг қадрини билмоқчи бўлсанг, кўзларингни юмиб кўр!”

*****

 

 

“Солиҳларнинг дурдона сўзлари” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3677 times

Мақолалар

Top