Мақолалар

Рамазонда бажарадиган амалларимиз

Аллоҳ таолонинг иродаси ва мадади билан муборак Рамазон ойида қуйидаги тўрт амалга астойдил киришамиз:

  1. Қуръонни ўқиб-ўрганиш.
  2. Ибодат.
  3. Илм.
  4. Садақа.

Қуръонни ўқиб-ўрганиш.

Рамазон “Қуръон ойи” деб аталади. Унда Қуръонга бўлган аҳамият: тиловат қилиш, ёд олиш, маъноларини тушуниб етиш тобора ортади. Бу ойда Қуръони Каримни тўғри ўқишни ўрганамиз, тажвид илмидан таълим оламиз, тиловатини пухта қиламиз, ўқиётганда тадаббур ва тафаккурни ўрнига қўямиз, маъноларини тушунишга ҳаракат қиламиз. Зеро, Қуръони Карим биз мусулмонлар тиловат қилишимиз, тушунишимиз, амал қилишимиз учун нозил қилинган.

Рамазон ойида Қуръонни тўғри ўқишни, маъноларини тушунишни йўлга қўйиб олсак, йил давомида Қуръон тиловатида ва унга амал қилишда бардавом бўламиз. Қуръон нозил бўлган пайтда саҳобаи киромлар аввало уни ўқиганлар, кейин тушунганлар, ундан кейин эса тушунганларига амал қилиб, сўнгра бошқаларга ҳам ўргатганлар. Натижада улар инсонлар учун чиқарилган энг яхши умматга айландилар.  

Буюк тобеинлардан Абу Абдураҳмон Суламий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Бизга Қуръон ўқиб берадиган Усмон ибн Аффон, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо каби зотлар айтишганки, агар улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнта оят ўргансалар, ундаги ҳукмларни, илмларни ўрганиб, унга амал қилмагунларича бошқа оятларга ўтишмас экан. Шу сабабли биз ҳам улардан Қуръонни, илмни ва амал қилишни биргаликда ўргангандик”.  

Демак, улар аввал қироатни яхши ўзлаштиришган, кейин уни яхши тушунишган ва Қуръонга амал қилишни ҳам пухта бажаришган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

كِتَابٌ أَنزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِّيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

“Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”. (Қуръон оятларидан ақлли киши эслатма олади) (Сод сураси, 29-оят).

Қуръон аввало яхшилаб тиловат қилинади, ундан кейин яхшилаб тушунилади, ундан кейин эса ихлос билан амал қилинади.

Унутмайликки, бу ойда Қуръондан бир ҳарф ўқиганга ўнта яхшилик ёзилади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳнинг Китобидан битта ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана ёзилади, ёзилганда ҳам ўн баробар қилиб ёзилади. “Алиф лам мим” битта ҳарф демайман. Балки, “Алиф” битта ҳарф, “Лам” битта ҳарф, “Мим” битта ҳарфдир”. Термизий ривояти.

Ибодат.

Аллоҳнинг ёрдами билан барчамиз Рамазон ойида намозларимизни масжидларда жамоат билан адо этамиз.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Демак, бу ҳадиси шарифда айтилишига кўра, киши намозини масжидда жамоат билан адо этса, ўзи ёлғиз ўқиганидан кўра йигирма етти даража кўп савоб олар экан. Қолаверса, Рамазон ойида бир фарз учун бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби берилади. Энди бу ойда фарз намозларини жамоат билан адо этганга қанча савоб берилишини тасаввур қилаверинг! Ҳам жамоатнинг савоби, ҳам Рамазон ойининг баракасидан етмишта фарзнинг савоби!

Рамазон кечаларини таровеҳ, таҳажжуд намозлари, Қуръон тиловати, зикр билан ўтказишнинг савоби ниҳоятда улуғдир.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Демак, бу ойнинг кундузларини рўзадор ҳолда ўтказганимиздек, кечаларини ҳам тоат-ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилсак, ҳадисдаги ваъдага кўра олдинги гуноҳларимиз кечирилар экан.

Илм.

Рамазон илм-маърифат ойидир. Аллоҳ таоло Қуръонни Рамазон ойида нозил қила бошлади ва шу пайтдаги илк нозил бўлган оят “Ўқи!” эди. Шунинг ўзи ҳам бу ойнинг илм ойи эканини кўрсатади. Бу ойда дунёвий ишларимизни камайтириб, илм олишга кўпроқ вақт ажратамиз. Рўзанинг фазли ва ҳукмларига, тақво малакасини ҳосил қилишга оид китоб, рисола ва мақолаларни ўқиймиз, аудиоларни тинглаб, видеоларни томоша қиламиз. Бу ойда Қуръон, Тафсир, Ҳадис, Ақида, Фиқҳ, Руҳий тарбияга оид китобларни мутолаа қилиб, илмий савиямизни ошириб борамиз. Масжидларда бўладиган илмий-маърифий суҳбатларда иштирок этиб, ўзимизнинг илмимизни ошириб, билмаган нарсаларимизни ихлос билан ўрганиб борамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган.

Аллоҳ таолони таниш, Ундан қўрқиш учун ва Унинг розилигини топиш учун илм ўрганамиз.

         Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди», деганларни эшитдим, деган эканлар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Лафз Термизийники.

Шу ҳадиснинг ўзиёқ илм ва олимларнинг, илм талаб қилувчининг фазли қандайлигини яққол кўрсатиб турибди.

Садақа.

Рамазон хайру саховат ва мурувват ойидир. Бу ойда ҳамма солиҳ амал қилишга, жумладан кўп садақа беришга ошиқади. Биз мўмин-мусулмонлар Ислом динининг устунларидан бири бўлмиш – закотимизни ҳам фақирларга айнан шу ойда берамиз. Ҳа, бу ой том маънода эҳсон ва хайриялар ойидир.

Имом Термизийнинг ҳадис тўпламларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинган садақадир» дейилган.

Юқорида айтганимиздек, бу ойдаги бир фарз амалга бошқа ойлардаги етмишта фарз амални қилганлик савоби берилади. Шунинг учун ҳам барча инсонлар бу ойда солиҳ амалларни кўпроқ қилишга уринадилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳалол касбдан топганидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан яъни ниҳоятда хурсандлик ила қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек ўстиради, ҳатто у тоғдек бўлиб кетади», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шайх Муҳаммад Хайр Шаъъолнинг мавъизалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 3290 times

Мақолалар

Top