Мақолалар

Бахиллик хорлик келтиради

Ҳикоя қилинишича, эр ва хотин товуқ гўштидан тайёрланган таомни еб ўтиришганда, тўсатдан эшик тақиллаб қолибди. Иштаҳасини бузиб, бемаврид эшикни қоққан кишидан жахли чиққан хонадон соҳиби эшик қоққан кишини койиб, қувиб юборди. Кунлар ўта бошлади, ҳалиги кишининг турмуши кун сайин қийинлаша борди, кўп ўтмай бор бойлигидан ажралиб қолди. Ҳатто, ейишга таом ҳам тополмай, охир оқибат аёли билан ажрашиш даражасигача етиб борди. Аёли бошқа кишига турмушга чиқиб кетди. Кунларнинг бирида, аёл турмуш ўртоғи билан собиқ турмуш ўртоғи сингари пиширилган товуқ гўштидан истеъмол қилиб турганда, бир киши эшикни тақиллатди. Шунда  хонадон соҳиби келган сўровчига таомни бериб юборишини аёлига буюрди. Аёл уйдан ташқарига чиқиб, сўровчига таомни берди ва таажжубда қолди, чунки сўровчи ўзининг биринчи турмуш ўртоғи эди. Сўнгра, аёл йиғлаган ҳолда қайтиб келди. Ундан турмуш ўртоғи йиғисининг сабабини сўраганида, аёл тиламчи унинг биринчи турмуш ўртоғи эканини ва у билан турмушида худди шундай воқеа содир бўлганида, тиламчини койиб, қувиб солганини айтиб берди. Шунда эри аёлига қараб, нимага таажжубланасан, Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, мен эринг ҳайдаб солган тиламчи бўламан.

Қиссадан ҳисса шуки, саховат соҳиби иззат-ҳурматда ва бахиллик соҳиби хор бўлур. Ҳазрат Али каррамоллоҳу важҳаҳу айтганларидек, «Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради».

 

                                    

                                           Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Read 5910 times

Мақолалар

Top