Мақолалар

Улуғбек мадрасасининг мударриси – бурсалик Қозизода Румий…

Темурийлар даврида Самарқандда илм-фан ва таълимга алоҳида эътибор берилган, катта-катта маблағ сарфланиб, мадраса, масжид ва расадхоналар барпо этилган.

Бу даврда наққош Абдулҳай Ҳожа, хаттот Мирзо Ғиёсиддин Бойсунқур, миниатюра устаси Беҳзод каби давр маданияти тамалини тўшаган санъаткорлар Темурийлар мадрасасидан етишиб чиққан эди. Ўша пайтда майдонга келган асарлар нафақат туркий тил ва адабиёти учун, балки бутун Шарқ дунёси учун жуда аҳамиятли эди ва даврга “Темурийлар Ренессанси” номи берилган. Темурийлар даврида яратилган асарларнинг энг буюк хусусияти – масжид, мадраса ва бошқа даргоҳлар Самарқанддаги Шоҳи Зинда мажмуаси каби куллиётлар шаклида барпо этилганидир. Мирзо Улуғбекнинг 1417 йилда Бухорода ва 1420 йилда Самарқандда қурдирган мадрасаси ҳам муҳим меъморий асарлардандир.

Бу меъморий қолип айни вақтда санъат ва илм-фан соҳасида тарбиялаб етиштириладиган кишиларнинг бир нечта соҳада билим ва кўникма олишини таъминлаган. Улуғбек давридаги мадраса ва расадхоналар шуҳрати бутун дунёга тарқалган эди. Турк олими Қозизода Румийни 4 минг километрлик йўл босиб Самарқандга ушбу довруқли шаҳар ва мадрасада ўқиш орзуси етаклаб келган эмасми?

Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовнинг “Самарқанд университети қачон ташкил топган?” сарлавҳали мақоласи билан танишгач, шулар ҳақида ўйладим. 2017 йил кузида Бухоро ва Самарқандга, Самарқанд давлат университетига қилган сафарларим, СамДУ бош биноси фойесидаги “Маърифат гулшани” деворий расмларида ифода этилган ўзбек таълим тизими тарихига бағишланган ранго-ранг миниатюралар кўз олдимдан ўтди.

Усмонийлар ва Темурийлар даври илм-фан ва маданий алоқаларини бошлаб берган киши бурсалик Қозизода Румий сифатида билинадиган математик ва астроном олимнинг асл исми Селаҳаддин Муса Беше Меҳмет бин қози Меҳмет Эфендидир.

Қозизода Румий 1407 йилларда Шарқ ўлкаларида ривожланган аниқ фанларни ўрганиш мақсадида Бурсани тарк этиб, аввал Хуросонга, кейинчалик 1410 йилда Самарқандга боргани маълум. Ўша пайтлар Амир Темур вафотидан кейин ҳокимият унинг ўғли Шоҳруҳ Мирзога ўтган эди. Шоҳруҳ Самарқандни назорат қилишни ўғли Улуғбекка топширди, Қозизода Румий илм-фан соҳасида ҳам Улуғбекнинг хизматида бўлди, Самарқанддаги Улуғбек мадрасасининг 1417 йилда олий таълим муассасаси сифатида қурилиши бошланишига ўз фикрлари билан бош қўшди.

1420 йилда мадраса қурилиши тугаллангач, Мирзо Улуғбек 60 нафар олимни, жумладан, Қозизода Румий, ал-Коший, Ғиёсиддин Жамшидни бу таълим даргоҳига мударрис қилиб тайинлади. Қозизода Румий Самарқанд мадрасасида ҳам ишлай бошлади, ҳатто Ғиёсиддин Жамшиднинг вафотидан кейин расадхона мудирлиги вазифаси унга топширилди.

Аввало, Бурсадаги илмий тадқиқотлари, сўнгра Самарқанддаги изланишлари натижаси ўлароқ у астрономия, математика, геометрияга оид жуда қимматли асарлар яратди, Али Қушчи, Фатхуллаҳ Ширвоний каби машҳур олимларни тарбиялаб етиштирди.

Хуллас, Туркистондаги, унинг маданият ва илм-фан маркази Самарқанддаги мадрасалар туркий дунё ва мусулмон оламининг ўрта асрлардаги тараққиётига катта ҳисса қўшган. Бугун мустақил Ўзбекистоннинг энг пешқадам университетларидан бири – Самарқанд давлат университети тарихини Мирзо Улуғбек мадрасаси билан боғлаш, тарихий ҳақиқатни тиклаш бу минтақадаги ўтмишда мавжуд бўлган буюк тамаддун олдидаги, тарих олдидаги бурчимиздир.

Хайреттин Ивгин, Жаҳон Сўз академияси президенти, профессор. Анқара (Туркия).

Read 3129 times

Мақолалар

Top