Мақолалар

Аллоҳ таоло нега дунёни сувга ўхшатди?

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда дунёни сувга ўхшатиб, шундай марҳамат қилган:

وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاء أَنزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ

“Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайдир” (Каҳф сураси, 45-оят).

Биринчидан, сув бир жойда бир хил ҳолатда туравермайди. Балки чайқалиб, оқиб, туради. Агар бир жойда оқмай турса, вақт ўтиб, айниши, ҳидланиши ва истеъмолга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин. Дунё ҳам шундай. У ҳам доим бир хил турмайди. Бугун мен бой бўлсам, эртага менинг қўлимдан пул кетади ва сиз бой бўласиз. Индинга сизнинг ҳам қўлингиздаги молу дунё кетиб, бошқа бир одам бойликка эришади. Қувончли ва маҳзунли кунлар ҳам доим бир хил тарзда давом этавермайди. Бугун хафа бўлган кишининг эртага хурсанд бўлиши бор. Бугун қувонч ичра яшаётган одамнинг эртага бошига ташвиш тушиши бор ва ҳоказо.

Иккинчидан, оқаётган сув тўхтаб турмайди, балки оқиб кетади. Қўлдаги молу дунё сарф этилиши билан озайиб бораверади. Шунинг учун уни фақирлар, муҳтожларга бериб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб қолиш керак. Сув тугаганидек, дунё ҳам тугайди. Бир кун келиб сув бутунлай тугайди. Дунё ҳам фоний бўлади. Инсон бир кун келиб тугайдиган дунёга муккасидан кетмасин. Охиратини унутмасин. Аллоҳ таолодан бошқа барча нарса йўқ бўлувчидир.  

Учинчидан, сувга кирган одам қуруқ қолиши мумкин бўлмаганидек, дунёга берилган одам унинг фитнасидан омонда бўлмайди. Денгизда юрадиган кема эркин сузиши учун денгиз унинг остида бўлиши керак. Бордию сув кеманинг ичига кирса, у денгизга ғарқ бўлади. Худди шунингдек, дунё ҳам инсоннинг оёқлари остида, ҳамёнида, қўлида бўлиши керак. Аммо қалбида бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда у ҳам кема каби ғарқ бўлиши аниқ.

Тўртинчидан, агар сув керакли миқдорда ишлатилса, истеъмол қилинса, фойда бўлади, ташналик қонади. Бордию миқдоридан ортиқ ичилса, инсон саломатлигига зарардир. Дунё ҳам худди шундай. Етарли миқдордаги дунё, яъни кунлик озуқаси учун, аҳли аёли ва фарзандларининг нафақаси учун, бировларга муҳтож бўлмаслиги учун етрали миқдордагиси фойдалидир. Агар инсоннинг яшашдан асосий мақсади мол-дунё йиғиш бўлиб, хаёлида фақат пул кўпайтириш бўлса, оқибатда дунёга нега келганини унутиб, бандалигини эсидан чиқаради. Натижада, икки дунёда бахтсиз бўлади.  

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3453 times

Мақолалар

Top