Мақолалар

Буюк муфассирнинг ишончи

Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳнинг қизларидан бири шундай ҳикоя қилади: “Отам раҳматли масжиднинг томига чиқиб, тарновлардан бирини созлаётган эдилар. Йўлдан ўтувчилардан бири: “Эй Шайх, нега бундай қиляпсиз?” деб сўради. Шунда улуғ муфассир: “Эртага истисқо (ёмғир сўраш) намозини ўқиймиз!” дея жавоб бердилар”.

Субҳаналлоҳ! Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиб, ўқийдиган намозининг натижаси гўзал бўлишига, ёмғир сўраб қиладиган дуосининг ижобат бўлишига чин қалбдан ишонган мусулмон ана шундай бўлади.

Биз эртага ёмғир сўраб дуо қиламиз, ёмғир ёғади. Шунинг учун тарновларни созлаб қўйяпман деган маънода гапиряптилар.  

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан имом Аҳмад ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар.

Аллоҳ таоло бизларни ихлос ва ишонч билан дуо қилувчилардан айлаб, дуоларимизни ижобат қилсин! 

“Қуръон мўъжизалари” саҳифаси маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2674 times

Мақолалар

Top