Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Агар ҳақни айтолмасанг, ҳеч бўлмаса, ботилга қарсак чалма!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Аллоҳ таоло бизни ҳам берадиган, инфоқ қиладиган бандаларидан қилсин!

***** 

Агар ҳақни айтолмасанг, ҳеч бўлмаса, ботилга қарсак чалма!

 Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

***** 

Бомдод вақти киришидан бир-икки соат олдин кўпроқ истиғфор айтишга уринайлик! Шояд «Саҳарларда истиғфор айтувчилар» сафида бўлсак!

***** 

Баъзи пайтларда турган жойингдан кетишинг барчани сақлаб қолади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Бошқаларнинг бизга нисбатан қилган хатоларини ёзиб, ҳисоблаб юришга ҳаёт қисқалик қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Бир киши Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳдан: “Соатни ўнг қўлимга тақайми ёки чапигами?” деб сўради. Шунда Шайх: “Соатни ўзинг ишлаб чиқаргин-да, оёғингга тақиб ол!” дедилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Шахсий манфаат омманинг манфаатидан устун бўлган пайтда Ватан таназзулга юз тутади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Одамларнинг ичидаги нарсани билмоқчимисан? Унда уларнинг ҳазил-мутойиба қилаётган пайтларида бироз эътиборли бўлиб турсанг, эшитасан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

***** 

Фарзандларингизни оталарингиз сизларни тарбия қилганларидек тарбия қилманглар. Чунки улар сизларнинг замонингиздан бошқа замон учун яратилганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу

***** 

Бир солиҳ кишига: “Сизни ҳеч бировни айблаганингизни кўрмаймиз” дейилди. Шунда у киши: “Ўзимдан рози эмасман-у, одамларни ёмонлашга қандай қўл ураман?!” деб жавоб бердилар.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

***** 

Бола отасига: “Уйимиз олдига ахлатчи келди” деди. Шунда ота: “Эй ўғилчам, ахлатчи бизмиз. У эса уйимизни ахлатлардан тозаловчидир. Бизга ёрдам бергани келган” деб тушунтирди.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

***** 

Инсонлар ҳурматли бўлишлари учун покиза кўчаларга муҳтож эмаслар. Балки кўчалар покиза бўлиши учун ҳурматли инсонларга муҳтождир.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

***** 

Ҳаётда ўйинчи каби бўл, ҳакам каби бўлма. Ўйинчи нишонни қидиради. Ҳакам эса хатони.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

***** 

Сув томчилари қувватли бўлгани учун эмас, балки давомий тушиб тургани учун харсангтошни ўйиб юборади. Ёқимли сўз, гўзал амаллар давомли бўлиши билан қалбларга йўл топади, бағритош инсонларнинг дилини юмшатади.

 “Ҳаётнинг нариги юзи”

***** 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 2311 times

Мақолалар

Top