Мақолалар

Кўз билан боғлиқ мўъжиза

Аллоҳ таоло кўзни ўзига хос нозик қилиб яратган. Кўзнинг ташқи пардаси мугуз парда (шох парда) деб аталади. Бу ниҳоятда шаффофдир.

Тананинг барча ҳужайралари капиллярлар (майда томирлар) орқали озиқланади. Борди-ю, кўзнинг мугуз пардасини ҳам шу услубда озиқлантирилганда, биз борлиқни тўрпарда ортидан кўрган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу мугуз пардани ҳулул орқали озиқланадиган қилиб яратди. Ҳулулда кўзнинг мугуз пардасида жойлашган ҳужайра озуқани тўғридан-тўғри ҳаводан олиб, керакли озуқани ўзидаги мембрана орқали ёнидаги ҳужайрага узатади ва шу тарзда барча ҳужайралар озиқлангунича бу жараён давом этади. Мана шундай озиқланиш туфайли мугуз парда шаффофлигича қолади ва тасвир ҳам шаффоф ҳолда кўринади.

Ҳа, биз атрофни шаффоф, тиниқ ҳолда кўришимиз учун Аллоҳ таоло кўзимизнинг мугуз (кўзнинг энг устки шаффоф) пардасини тўғридан-тўғри ҳаводан озиқланадиган қилиб қўйди. 

Кўзнинг тўрпардаси эса ўнта табақадан иборат.

Ҳозирги кундаги энг сўнгги русумдаги рақамли фотокамеранинг бир квадрат миллиметр жойида ўн мингта ёруғликни қабул қилувчи рецепторлар бор. Кўзнинг тўрпардасидаги бир квадрат миллиметр жойида эса бир юз қирқ миллионта ёруғликни қабул қилувчи рецепторлар жойлашган. Бу рецепторлар конуссимон ва таёқча кўринишидадир. Мана шу кўп миқдордаги рецепторлар сабабли инсон кўзи саккиз миллион рангни бир-биридан ажрата олади.   

Инсон Финляндияга борса, у ерда қиш фаслида об-ҳаво минус 69-70 даража паст бўлади. Совуқдан музламаслик учун у устига қалин кийимлар кийиб, бошини ҳам ўраб олади. Оёқларига ҳам қалин этиклар кийиб, қўлини қўлқоп билан совуқдан асрайди. Аммо кўзларини беркита олмайди.

Бундай совуқда кўздан чиқадиган сув дарҳол музлаб, кўз кўрмай қолиши керак эди. Аммо шундай ноқулай об-ҳавода ҳам кўз музлаб қолмайди. Нега? Чунки, Аллоҳ таоло кўзнинг сувига музлашнинг олдини оладиган моддани қўшиб яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

    أَلَمْ نَجْعَل لَّهُ عَيْنَيْنِ

“Биз унга икки кўзни бермадикми?” (Балад сураси, 8-оят).

Инсон биргина шу кўз ҳақида тафаккур қилиши билан Аллоҳ таолонинг санъати, азамати олдида лол бўлиб, бутун танаси қўрқувдан титрайди, иймонининг нури зиёда бўлиб, Унга кўпроқ ибодат қилишга уринади.

Сўзимизга ушбу оят билан хулоса қиламиз:

صُنْعَ اللَّهِ الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ

“Бу ҳар бир нарсани пухта қиладиган Аллоҳнинг санъатидир” (Намл сураси, 88-оят).

 

 

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Read 3813 times

Мақолалар

Top