Мақолалар

Қуръон қироатига бериладиган ажр

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Умома розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни ўз соҳибларига шафоатчи бўлади” деганларини эшитдим» (Муслим ривоят қилган)

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳнинг Китобидан битта ҳарф ўқиса, унга битта ҳасана ёзилади, ёзилганда ҳам ўн баробар қилиб ёзилади. «Алиф лам мим» битта ҳарф демайман. Балки, «Алиф» битта ҳарф, «Лам» битта ҳарф, «Мим» битта ҳарфдир» (Термизий ривоят қилган)

Агар Қуръони каримдаги ҳарфларнинг сони тахминан 340740 та деб олсак, Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилган кишининг ажри жуда улкан бўлишини билиб оламиз. Яъни, ҳар бир ҳарфига бир яхшилик ўн баробар қилиб ёзилишини ҳисобга олсак, Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққан одамга бериладиган ажр 340740 та бўлади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳар бир ҳасана ўн баробар қилиб ёзилишини унутмайлик. Демак, 340740 ни 10 га кўпайтирсак, натижа 3407400 бўлади. Бунча ажр Қуръонни бир марта ўқиган кишига берилади.

Агар биз ҳар ойда Қуръонни бир мартадан хатм қилиб борсак, у ҳолда Аллоҳнинг изни билан бир йилда 40888800 та ажрга, ҳасанага эга бўламиз.

Ҳа, азизлар, Аллоҳнинг марҳамати кенг. У зот бизга берган ваъдасига асло хилоф қилмайди. Фақат биз ихлос билан, чин қалбимиздан, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб адо этсак, ваъда қилинган ажру мукофотларга албатта эришамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни доимий тарзда ўқиб, унга амал қилувчилардан қилсин. Омийн!

Манба: https://islom.uz

 

 
Read 3018 times

Мақолалар

Top