Мақолалар

Нега?

(Ижтимоий тармоқларда уламолар, аҳли илмларни ҳақорат қиладиган, масхара қиладиган кимсаларга қаратилган) 

Нега олимларни ёмон кўрасизлар?!

Нега илм аҳли бўлган кишиларни турли сўзлар билан ҳақорат қиласизлар?!

Нега ёқтирмаган одамингизга нисбатан турли камситувчи сўзларни ишлатасизлар?!

Нега ҳақорат қилувчилар тўдаси бўлиб йиғилиб олгансизлар?!

Нега тилидан ва қўлидан бошқаларга озор бермайдиган мусулмон эмассизлар?!

Фейсбук, телеграмда урушиб, ҳақорат қилиб, устидан истеҳзо қилиб, кейин телефонни ўчириб, масжидга кириб, намоз ўқиб, намоздан сўнг «Эй Роббим, турли жойларда қийналаётган диндош биродарларимизга нусрат бергин! Мусулмонларни азиз қилгин! Мусулмонларнинг қалбларини улфат қилгин!» деб дуо қиласизлар-да, кейин масжиддан чиқиб, интернетни ёқиб, яна ҳақорат, инсонларни ер билан битта қилиш ишини давом эттирасизлар-а?!

Сизлар чиндан ҳам мусулмонларнинг қалблари улфат бўлишини, азиз бўлишларини истайсизларми?!

Нега одамларнинг хатосидан қувониб, уни омма ўртасига олиб чиқиб, муҳокама қилиб, роҳатланасизлар?!

Сизлар диндош биродарингизнинг ислоҳини, тузалишини, унга чинакам насиҳат қилишни хоҳлайсизларми ёки шарманда бўлиб, юзи қаро бўлишини, ҳеч тузалмаслигини истайсизларми?!

Сизларга жамият, инсонларнинг салоҳиятли бўлиши керакми ёки интернетда кунига битта-иккита муҳим мавзу бўлса, шуни кавлаштириб вақт ўтказсанглар бўлдими?!

Асл мақсадингларни белгилаб олганмисизлар?

Баъзиларингиз имом номи борки, ёқтирмайсизлар. Худди масжидда ишласа, ўша одам сизларнинг наздингизда хоин, сарой мулласи, давлат одами, сотқин, шундайми?!

Сизларга ким ёқади ўзи?!

Алкашми, фоҳишами, мунофиқми, иккиюзламачими, фирибгарми, ким?!

Мусулмонмисизлар?!

Мусулмон бўла туриб, мусулмонларга амру маъруф, наҳйи мункар қиладиган, намозини вақтида ўқийдиган, тунги клубда эмас, масжидда хизмат қиладиган инсонларни нега ёқтирмайсизлар?!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

Ҳамма мусулмонлар бир-бирига чин маънода кўзгу бўлишини истовчи гуноҳкор, ожиз, заиф, банда

Нозимжон Ҳошимжон

Read 2889 times

Мақолалар

Top