Мақолалар

Аллоҳнинг ибодатида ўсган йигит

Қиёмат қоим бўладиган кун – ниҳоятда оғир, даҳшатли кундир. Аллоҳ таоло у куннинг нақадар қўрқинчи эканини баён қилиб шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمْ إِنَّ زَلْزَلَةَ السَّاعَةِ شَيْءٌ عَظِيمٌ يَوْمَ تَرَوْنَهَا تَذْهَلُ كُلُّ مُرْضِعَةٍ عَمَّا أَرْضَعَتْ وَتَضَعُ كُلُّ ذَاتِ حَمْلٍ حَمْلَهَا وَتَرَى النَّاسَ سُكَارَى وَمَا هُم بِسُكَارَى وَلَكِنَّ عَذَابَ اللَّهِ شَدِيدٌ

“Эй одамлар! Роббингиздан қўрқинг! Албатта, (қиёмат) соати зилзиласи улкан нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда, ҳар бир эмизувчи ўзи эмизаётган нарсасини унутар. Ҳар бир ҳомиладор ҳомиласини ташлар. Одамларни маст ҳолда кўрарсан. Ҳолбуки, улар маст эмас. Лекин Аллоҳнинг азоби шиддатлидир” (Ҳаж сураси, 1-2-оятлар).

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни қуёш халқларга жуда яқин келтирилади, ҳатто бир мил миқдорида қилинади. Шунда одамлар амаллари миқдорига қараб тер ичида бўладилар. Баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача (терга ботади), айримларини тер юганлаб олади”, шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Тер қиёмат куни ерда етмиш қулочгача кетади, у одамларнинг оғизларигача ёки қулоқларигача – ровий шак қилган – етади” (Имом Муслим ривояти).

Ана шундай оғир кунда одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. Аммо у кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўша соя ҳақида тушунча берганлар.

Абу Ҳурайра, Абу Саид Ал-Худрий ва Салмон Ал-Форсий розийаллоҳу анҳулардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Етти тоифа мўминларни Аллоҳ таоло Ўзининг (Арши) соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган Кунда Ўзининг сояси ила соялантиради.

Улар қуйидагилар:

  1. Адолатли имом – раҳбар.
  2. Аллоҳнинг ибодати-тоатида улғайган йигит.
  3. Қалби доимо масжидларга талпиниб турадиган киши.
  4. Аллоҳ йўлида севишиб, ана шу Аллоҳ йўлидаги муҳаббат билан жамланиб, ана шу муҳаббат устида тарқалиб яшаган кишилар.
  5. Мансаб ва гўзаллик соҳибаси бўлган аёл (зинога) чақирган пайт “Мен Аллоҳдан қўрқаман” деб (зинодан ўзини узоқ тутган) киши.
  6. Ўнг қўли билан инфоқ қилганда, берган садақасини чап қўли ҳам билмай қоладиган (даражада сир сақлаган, ихлоси кучли) киши.
  7. Аллоҳни ёлғиз қолган пайтида зикр қилиб, кўзидан ёш оққан киши”.

(Муттафақун алайҳи)

Бу ҳадисда оғир кунда арш соясида турувчилардан бири Аллоҳнинг ибодатида униб-ўсган йигит экан. Хўш, нега йигит дейилди?

Одатда, кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги шаҳвоний истаклар ёшларникидек бўлмайди. Унинг устига уларга тез-тез беморлик етиб туради. Кўп ҳолларда кекса кишилар гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлиб, ибодатга мойилроқ бўладилар. Ҳа, уларга ибодат қилиш жуда осон ва енгил бўлади.

Аммо ёшларда шаҳвоний истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлганидан ибодатга мойиллик, истак кексаларникидан камроқ бўлади. Шунингдек, ёшлар ўлимни узоқ нарса деб ўйлашади. Уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Масалан, “Ҳали ёшман-ку. Тавба қилиб, ибодатни қилишга улгураман” деган ўй-хаёллар уларни кўп чалғитади. Ана шундай хаёлларга учмай, ўзларидаги гуноҳ, шаҳвоний ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, масжидга борганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун улар қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар. Чунки, улар нафснинг истакларини енгиб, ибодатни ундан устун қўя олдилар.

“Аллоҳнинг ибодати” деганда йигитнинг фақат масжид бурчагида ўтириб олиб Қуръон тиловат қилиши, намоз ўқиши ёки уйида намоз ўқиб, Қуръон тиловатига машғул бўлишини тушуниб қолмаслик керак.

“Ибодатда ўсган йигит” деганда дунёдан, яқинларидан, оиласидан юз ўгиришни тушунмаслигимиз керак.

Биз “Ибодат” деганда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзларни айтиш, У Зот рози бўладиган зоҳирий ва ботиний амалларни бажаришни назарда тутяпмиз. Йигит ва қиз Аллоҳ рози бўладиган ишларда жисмини, руҳини, вақтини, молини ишлатса, Аллоҳнинг берган неъматларини У Зот рози бўладиган ўринларга сарф қилса, шу ишлари билан Аршнинг соясида туришга ҳақли бўлади.

“Роббининг ибодатида ўсган” деганимизда университетда, институтда ва бошқа таълим даргоҳларида илм олаётган, шу илми билан Динга, ўзига, умматга фойда келтиришни ният қилган талабани ҳам айтаётган бўламиз.

“Ибодатда ўсган йигит” деганимизда ота-онасига яхшилик қилаётган, Роббининг розилигига эришиш учун ота-онасини рози қилишга уринаётган фарзандни назарда тутган бўламиз.

“Ибодатда ўсган йигит” деганимизда фарзандларига исломий тарбия бераётган ёш отани, ота ўрнида ота бўлиб, укалари ва сингилларининг солиҳ инсон бўлишларига қайғуриб, шу йўлда ҳаракат қилаётган ёш акани, кекса ота-онасини, кичик укаларини, аёли ва фарзандларини боқиш учун ҳалол касб қилиб, зиммасидаги вожиб амални бажариш умидида юрган ёш оила раҳбарини назарда тутаётган бўламиз.

У шундай йигитки, Аллоҳ таоло уни ёшлик чоғларидан солиҳ амаллар қилишга, гўзал амалларни яхши кўришга ва гуноҳ-маъсият ишларни ёмон кўриб, уларни тарк қилишга муваффақ этгандир. Йигитнинг бундай солиҳ бўлиб тарбия топишига ё салоҳиятли оилада ўсгани ё солиҳ дўстлар билан бирга юргани ёки яхши устознинг таълим-тарбиясини олгани сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло у йигитни бошқа кўплаб йигитлар мубтало бўладиган гуноҳлардан, ўйин-кулгудан, вақтни зое қилишдан, намозларни қолдиришдан, ота-онаси, оила аъзолари ва яқинларининг дилларига озор беришдан асраган.

Аллоҳ таолонинг ибодатида ўсган йигит жанг майдонида аскар, бозор ва дўконларда савдогар, далада деҳқон, шифохонада шифокор, корхонада муҳандис, ишчи, жамиятнинг солиҳ бир аъзоси бўлиши мумкин. Агар уларни бир яхшилик қилишга чорланса, дарҳол лаббай деб ўша ишни бажарига келадилар. Агар бир ёмонликни кўриб ёки эшитиб қолсалар, дарҳол уни қўл биланми, тил биланми қайтаришга уринадилар.

Ҳа, улар, бир ҳадисда айтилганидек, кексайишидан олдин ёшлигини, ўлишидан олдин тириклигини, касал бўлиб қолишидан олдин саломатлигини ғанимат биладиган йигит-қизлардир.

Шаҳвоний истакларига эгалик қила олган, нафсининг сўзига кирмаган, улфатларига ўхшаб гуноҳларга ботмаган, бу дунёга нега келганини унутмаган, болалигидан тоатга ўрганиб, яхши ўғил, яхши эр, яхши ота, яхши қўшни, яхши дўст, яхши мусулмон бўлган йигит-қизларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади 

Read 3567 times

Мақолалар

Top