Мақолалар

Фосиқни гуноҳлардан қайтарган беш жавоб

Фосиқни гуноҳлардан қайтарган беш жавоб

Аллома Ибн Қудома “Китабут-тавваабийн”да ёзадилар:

“Бир шахс Ҳазрат Иброҳим бин Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига келиб: “Эй, Абу Исҳоқ! Мен ўзимга ўзим жуда кўп зулм қилдим. Менга шундай гап айтингки, қалбга таъсир қилсин ва мен гуноҳлардан воз кечайин”, деди.

Ҳазрат: “Агар сен беш нарсани қабул қилиб олсанг ва уларга қодир бўлсанг, у ҳолда сенга на бирор гуноҳ зарар етказа олади ва на бирор дунёвий лаззат сени ҳалок қила олади”, дедилар.

У: “Эй, Абу Исҳоқ! У беш нарса қайсилар?”, деб сўради.

Ҳазрат: “Агар сен Аллоҳ таолога итоатсизлик қилмоқчи бўлсанг, у ҳолда Унинг ризқини ема”, дедилар.

У: “Унда нима еяйин? Ердаги барча нарсалар айнан Унинг ризқи эмасми?”, деди.

Ҳазрат: “У ҳолда сен айтчи, ҳам Унинг ризқини есанг ва ҳам Унга итоатсизлик қилсанг, бу яхшими?”, дедилар.

У: “ Йўқ, яхши эмас”, деб жавоб берди. Энди, сиз иккинчи нарсани айтинг.

Ҳазрат: “Агар сен Аллоҳ таолога итоатсизлик қилмоқчи бўлсанг, у ҳолда Унинг бирор ерида яшама”, дедилар.

У: “Ахир, бу аввалгисидан ҳам қийинроқ нарсаку, машриқ ва мағриб ҳамда уларнинг орасидаги барча ер айнан Уники бўлса, у ҳолда мен қаерда яшай оламан?”, деб жавоб берди.

Ҳазрат: “Сен, ҳам Унинг ризқини есанг, ҳам айнан Унинг ерида яшасанг ва ҳам Унга итоатсизлик қилсанг, бу яхшими?”, дедилар.

У: “Учинчи гапни айтинг”, деди.

Ҳазрат: “Агар Унинг ризқини ейишинг ва Унинг ерида яшашингга қарамасдан, Унга итоатсизлик қилмоқчи бўлсанг, у ҳолда У кўрмайдиган шундай жойда қил”, дедилар.

У: “Иброҳим! Бу қандай мумкин. Ахир, У барча махфий ва ошкор нарсаларни билади. Ундан бирор инсон қандай яширина олади?”, деди. Ҳазрат: “Сен, ҳам Унинг ризқини есанг, ҳам Унинг ерида яшасанг ва ҳам гуноҳ қилганингда У кўриб турган бўлса, бу яхшими?”, дедилар.

Энди, тўртинчи нарсани айтинг. Ҳазрат: “Қачонки, жонингни олиш учун ўлим фариштаси олдингга келса, сен чин тавба қилиб олайин ва бироз солиҳ амал қилиб олайин, менга бирозгина муҳлат бер десанг. У сенга муҳлат берадими?”, дедилар.

У: “Асло йўқ”, деб жавоб берди.

Ҳазрат: “Сен ўлим фариштасини ортга суриб, тавба қилиб олишга қодир бўлмасанг ва келган ўлимни ортга суришнинг иложи йўқлигини билсанг, у ҳолда қандай нажот топиш мумкин?”, дедилар.

У: “Бешинчи нарсани айтинг”, деди.

Ҳазрат: “Қиёмат куни дўзах фаришталари сени дўзахга олиб кетиш учун келганларида, сен улар билан кетишни инкор қила оласанми?”, дедилар.

У: “Йўқ, улар мени тарк қилмайдилар, менинг бирор узримни қабул қилмайдилар”, деди.

Ҳазрат: “Ундоқ бўлса, қандай қилиб нажот топишни умид қиласан?”, дедилар.

У: “Иброҳим! Бас, бу ваъз ва насиҳат мен учун кифоядир. Мен Аллоҳ таолога чин тавба қиламан ва мағфират сўрайман”, деди. Кейин ҳазратнинг суҳбат ва ҳамроҳликларини ихтиёр қилди. Қолган бутун умрини ҳазрат билан бирга Аллоҳ таолога ибодат ва риёзатда ўтказди. Фақат ўлимгина уларни айирди.

 

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби

Абдулқайюм Ғофуров таржимаси

Read 2901 times

Мақолалар

Top