Мақолалар

Дунё амаллар диёридур!

Аллоҳ таоло бандасига бу дунёни охират учун амаллар диёри қилиб берди. Банда нима қилса қилаверсин чунки нимаики қилса ўзи учундир. Истаса эҳсон қилсин, истамаса қилмасин. Истаса адолатли бўлсин, истамаса адолатли бўлмасин. Истаса сахий бўлсин, истамаса бахил, истаса савоб амал қилсин, истамаса гуноҳ. Зотан Аллоҳ таоло каломида: “Нимани хоҳласангиз, қилаверинг”, (Фуссилат сураси 40-оят) деган бўлса бошқа оятда: “Фойдаси ҳам ўз ксбидан, зарари ҳам ўз касбидан” (Бақара сураси 286-оят) дейди. Яна бир оятда: “Ким куфр келтирса, унинг куфри ўз зарарига. Кимлар яхши амаллар қилган бўлса, ўзлари учун замин тайёрларлар” (Рум сураси 44-оят) дейди.

Яъни: Хоҳласангиз, қуёшга сажда қилинг. Хоҳласангиз, ойга сажда қилинг. Хоҳласангиз, Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр сўзлар айтинг. Ҳар бир ишингизни Аллоҳ таоло кўриб туради, деганидир.

Демак, яшаб турган дунёйимиз охират учун захира қилиш имконини берувчи маскандир. Нимаики қилсак, уни кўриб, билиб турувчи зот ва ёзиб турувчи фаришталар бор.

Охират эса, амалларимизга яраша ё жазо, ё мукофот бериладиган диёрдир. Агар жон олувчи фаришта келса, ҳамма нарса тугайди. Ихтиёр тугуйди, амонат тугайди.

Бир ўйлаб кўрайлик! Талаба ўқишга кирса унда бир муҳлат ихтиёр бўлади. Бу даврда у истаса дарс қилади, истамаса қилмайди. Истаса тиришқоқлик билан берилган фанни ўрганади, истамаса ўрганмайди. Истаса вазифаларини ёзади, истамаса ёзмайди. Қачонки имтиҳон топшириш вақти келса, ана энди унда ихтиёр бўлмайди. Зотан унга имконият берилган ва унда муҳлат бор эди. Қани жавоб бер дея, олдига савол ташланади.

Биз ҳам хозир шу талаба кабимиз. Бизда фурсат бор. Хоҳласак илм ўрганамиз хоҳламасак ўрганмаймиз. Бу дунё бир бекат кабидир. Унда бироз дам олиб, яна юришда давом этилади.

Дунё таклиф диёри бўлса, охират ташриф диёридур. Охират ихтиёр, мукаллафлик, ҳалол-ҳаром сўзи каби ишлар тугайдиган майдонидир. Унда жаннат ва дўзох бордир. Жаннатга кирган киши учун кўзингни тий, эрта тонг бомдод намозига тур, молингни сарф қил дейиш йўқ ва инсонни қийнайдиган қуёшнинг иссиқ ҳарорати  ҳам йўқ.

Аллоҳ таоло жаннат аҳли ҳақида шундай дейди: “Албатта, жаннат эгалари у кунда завқланувчилик ила машғуллар. Улар ва уларнинг жуфтлари сояларда сўриларда ёнбошлаб ётурлар. Улар учун у ерда мевалар бордир. Улар учун у ерда истаган нарсалар бордир. (Ясин сураси 55-57 оятлар)

Азизлар! Ҳаммамизнинг умидимиз жаннатга киришдир албатта. Шундай экан унга кириш учун имконят бўлган аммаллар дунёсида бор эканмиз бизга берилган умрдан унумли фойдаланиб қолайлик. Шунда иншаоллоҳ мақсадимизга ва орзуйимизга етамиз албат.

Тошкент шаҳаридаги

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом хатиби

Абдурахманов Яхё

Read 2887 times

Мақолалар

Top