Мақолалар

Жаннатга элтувчи амал

         Ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли бўлишини истайди. Уларнинг қорни тўқ, усти бут, яхши касб-ҳунар эгаси бўлиши, тенги билан турмуш қуриб, уйли-жойли, бола-чақали бўлиши учун ҳаракат қилади.

         Ота-она фарзандга берадиган ва қолдирадиган энг яхши ва икки дунёда кор қиладиган мероси чиройли хулқи ва тарбиясидир. Зеро ҳадиси шарифда: “Ота ўз фарзандига гўзал хулқдан яхшироқ нарсани мерос қилиб қолдира олмас”, дейилган.

         Тарбия фарзанд камчиликка йўл қўйган пайтида унга хатосини тушунтириш ва қайтаришдангина иборат эмас, балки ота-она томонидан уларга яхши хулқ-одобларнинг мазмуни ва аҳамиятини ўргатиб, эслатиб бориш билан амалга ошади. Айниқса, азалий қадриятларимиздан бири - дастурхон атрофида жамланганда оила аъзоларининг биргаликда таомланиши, қўлларни ювган ҳолда “бисмиллаҳирроҳманирроҳим” дея бошлаш, катталардан олдин дастурхонга қўл узатмаслик, таомланиб бўлгач Яратганга шукр айтиб, дуо қилгач, биргаликда туриш, уйнинг катталари  вақти-вақти билан фарзандларга дастурхон атрофида каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳалоллик, поклик, яхшилик, сабр, адолат, шижоат, иффат каби ахлоқнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида панд-насиҳат қилиши бугунги кунда долзарб бўлиб бормоқда.

         Лекин, тил билан тушунтириш ва панд-насиҳатнинг ўзи етарли эмас. Ота-она аввало ўзлари фарзандларига амалда ўрнак бўлиши керак. Чунки ҳар қандай фарзанд учун комил инсон – унинг ота-онасидир. Қуш уясида кўрганини қилади, ота-она фарзанд учун андоза.

         Баъзан кимдир бизни чақириб келса ёки телефонда сўраса, фарзандимизга “Дадам уйда йўқ эди, деб юбор” – деймиз. “Болам, китоб ўқи, дарс тайёрла” - деймиз-у, ўзимиз эса телефонда вақтимизни беҳуда ўтказаётганимиз уларга салбий таъсир кўрсатаётганини унутиб қўямиз, насиҳатимиз эса қулоқларидан у ёққа ўтмайди.

Кунларнинг бирида ота ўз болаларини илк бор гольф ўйингоҳига томоша кўриш учун олиб келди. Кассага келиб, чипта нархини сўради.

-Олти ёшгача бепул, ундан катталар учун уч доллар. Нечта чипта берай?

-Кичигим уч ёшда, каттаси еттида. Демак, иккита чипта оламиз, мана олти доллар.

Чиптачи кулиб:

-Жаноб, агар катта ўғлингизни олти ёш деганингизда мен бунга ишонган ва сиз пулингизни тежаб қолган бўлардингиз. Ахир кўпчилик шундай қилади. Олтими, еттими, болаларни фарқлаш қийин.

-Тўғри, сиз пайқамасдингиз, - деди ота. – Лекин ўғлим билади-ку! Атига уч доллар деб уни ёлғонга ўргатишни истамадим...

         Дарҳақиқат, донишмандлар фарзандларнинг яхши хулқли бўлишида ростгўйлик ва хиёнатнинг зидди бўлмиш омонатдорлик хулқларининг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлашган. Зеро, тил дил калитидир.

         Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар сенда тўрт хислат бўлса, дунёнинг қолгани йўқотсанг ҳам зарари йўқ, улар - омонатни сақлаш, ростгўй бўлиш, чиройли хулқ-одоб ва ҳалол луқма ейиш”, дедилар.

Бошқа бир ҳадисда эса: “Тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга олиб боради”, деб таъкидланган.

Фарзандларга илм ва амал билан яхши тарбия бериб, икки дунёда раҳмат олиб келадиган инсонлар этиб вояга етказиш барчамизга насиб қилсин!

 

Сирдарё вилояти “Исломобод” масжиди имом-хатиби

ДИЛМУРОД СУЛАЙМОНОВ

 

Read 3210 times

Мақолалар

Top