Мақолалар

Сув ичаётганимизда...

Сув Аллоҳнинг улкан неъматидир. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз суюқлик танамизни, либосларимизни поклайди, ташналигимизни қондиради, ҳаётимизнинг давом этишига сабаб бўлади. Бежизга сувни “Обиҳаёт” (“Ҳаёт суви”) дейишмайди.

Дунёда ичишга яроқли сув захираси жуда оз. Денгиз ва уммонлар суви шўр. Чучук сувлар асосан тоғдаги музликларда жамланган. Ундан кейин дарё ва кўлларнинг сувлари ҳам чучукдир. Дарё ва кўл сувлари қайта ишланиб, аҳолига етказилади.

Аммо дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам бундай эмас. Ичимлик суви танқислигидан қийналаётган кўплаб мамлакатлар бор. Буларнинг асосий қисми Африка қитъаси мамлакатларига тўғри келади. Ёғингарчиликнинг камлиги, сув ҳавзаларининг мавжуд эмаслиги ва бошқа омиллар шундай ҳолга сабаб бўлган.

Аллоҳга шукрки, бизнинг юртимизда ичимлик суви борасида бундай муаммолар йўқ. Аммо бу дегани сувни исроф қилса бўлаверади дегани эмас. Бизда ҳам сув миқдори ўлчовлидир. Банда неъматни қадрига етса, шукр қилса, ўша неъмат зиёда қилиб берилади. Бордию ношукрлик қилиб, исрофга йўл қўйса, неъмат тортиб олинади ва ўрнига азоб келади.

Афсуски, сувни исроф қилиш ҳолларига тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Жўмраги бузилган сув қувурларидан тоза ичимлик суви шариллаб оқиб ётади. Ўша сувдан ичадиган аҳоли вакилларидан бирортаси: “Кел, шу жўмракни тузаттириб қўяй! Ахир бу сувдан ўзимиз ичамиз-ку! Шунча сув исроф бўлиб оқиб ётмасин. Бу исрофнинг ҳам сўроғи бор” деб ўйлаб кўрмай, ўша қувур ёнидан бепарволарча ўтиб кетаверади.

Сув шариллаб оқиши у ёқда турсин, ҳатто томчилаб оқиб турса ҳам исроф бўлади. Чунки шу томчилар жамланса, катта миқдорда сув исроф бўлаётгани ойдинлашади.

Биз турли кафе, ошхона ва бошқа овқатланиш жойларига кирганимизда, официантга “Бу муздек эмас-ку! Бошқа муздекроғидан олиб чиқ!”, “Мен кўк чой ичмайман, қора чой ичаман”, “Менга лимонли чой опкелинг!” деб ўз истакларимизни баён қиламиз. Шу пайтда дунёнинг қайсидир нуқтасида одамлар лойқа, иссиқ, шўр, тозаланмаган, ҳайвонлар ичиб юрадиган сувдан истеъмол қилиб ҳаёт кечираётганини унутмасак бўлди!

Ҳа, дунёнинг айрим жойларида инсонлар танага зарарли микроблар билан тўла бўлган, дизбактериоз, диарея ва бошқа заҳарланиш кўринишларига олиб келадиган сувларни ичишмоқда.

Шуларни ўйлаб, ичаётган мусаффо, пок, муздек сувимиз учун Роббимизга кўп-кўп шукрлар қилайлик!

Аллоҳ таоло бизга ато қилаётган чучук сув неъмати ҳақида шундай марҳамат қилган:

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ

“Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).

Азизлар, Роббимизнинг берган барча неъматлари қатори, истаганимиздек сув ичиш неъматини бергани учун ҳам кўпроқ шукр қилайлик! Шунда Аллоҳ бу неъматларини янада зиёда қилиб беради!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3514 times

Мақолалар

Top