Мақолалар

Муборак  ва Нуҳ ибн Марям

Марв шаҳрида Нуҳ ибн Марям исмли киши яшаб ўтган. У Марв ҳокими ва қозиси бўлган. Унинг кўп мол-дунёси ва гўзал қизи бор эди. Қизига казо-казолардан совчилар келар, лекин ҳаммасига рад жавоби бериларди. Унинг ўзи ҳам ким билан қуда бўлишини билмай қийин аҳволда қолган эди. 

Унинг яна меваларга тўла катта боғи бор эди. Нуҳ ибн Марям боққа Муборак исмли ҳинд қулини жўнатар экан: "Ўша боғни яхшилаб қўриқлагин", деди. Муборак боғда икки ой хизмат қилди.

Бир куни Нуҳ боққа келди-да, қули Муборакка узум олиб келишни буюрди. Олиб келган узумни еб кўриб, меванинг нордонлигини ва бошқа узум олиб келишни айтди. Олиб келинган иккинчи бош узум ҳам ширин эмас экан. Шунда хўжайин қули Муборакдан сўради: "Нега шундай катта боғдан менга фақат аччиқ узум олиб келяпсан?" Қул жавоб берди: "Чунки мен қайси узум ширин-у, қайсиниси нордонлигини билмайман". Хўжайин: "Ё, Аллоҳ! Сен бу боғда икки ой яшаб, қайси узум қанақалигини ўрганмадингми?” – деди. Қул деди: "Аллоҳга қасамки, мен ҳеч қайси узумни татиб кўрмадим". "Нега емайсан?" Қул жавоб берди: "Чунки сиз менга боғни қўриқлашни буюрдингиз".

Ҳоким ҳайратда қолиб, деди: "Аллоҳ сенинг софлигингни йўқотмасин!" 

У йигитнинг жуда ақлли эканлигини билиб, деди: "Эй, Муборак, сен менга ёқиб қолдинг. Айтган буйруғимни бажарасанми?". Муборак тасдиқлагач, Нуҳ ибн Марям деди: "Менинг бир қизим бор. Кўп кишилардан совчилар келди. Қизимни кимга берганим тўғрироқ бўлади?" Қул жавоб берди: "Жоҳилият давридаги бутпарастлар аждодлари билан фахрланардилар, яҳудий ва насоролар ҳуснга қизиқадилар, аммо Аллоҳнинг Пайғамбари замонларида имон ва тақвони қидирганлар, бизнинг давримизда эса, бойлик одамларга яқин бўлиб қолди. Шу тўрттасидан ўзингиз танланг?" Шунда ҳоким унга деди: "Муборак, мен тақво ва имонни танладим. Ва сенга ўз қизимни никоҳлаб бераман". Қул унга жавобан деди: "Эй, жаноб! Мен қора, ҳинд қул бўлсам. Мени ўз пулингизга сотиб олган бўлсангиз?" Ҳоким уни етаклаб уйига олиб келди ва хотинига деди: "Бу йигит тақволи, Аллоҳдан қўрқадиган одам экан. Мен унга қизимизни бермоқчиман. Сен нима дейсан?" Онаси қизига отанинг қарорини айтганда, қиз: "Мен сизлар нима десангиз шуни қиламан. Аллоҳ ва сизларнинг раъйингизга қарши бормайман", деди.

Шундай қилиб Муборак ҳокимнинг қизига уйланди. Улар ўғил кўриб исмини Абдуллоҳ қўйдилар. Бу зот бутун Ислом оламида Абдуллоҳ ибн Муборак номи билан машҳур олим, муҳаддис бўлиб етишди.

Абдуллоҳ ибн Муборак, Нуҳ ибн Марям

Mehrob.uz 

 

Read 4614 times

Мақолалар

Top