Мақолалар

Биз учун яратилган жонзот

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга кўп неъматларни ато этган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً

“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.) (Исро сураси, 70-оят).

Ҳа, Роббимиз бизга қуруқликда миниб юришимиз учун маркабларни ато этган. Булар от, эшак, ҳачир, туя ва ҳоказолардир. Бу ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи ояти каримада шундай марҳамат қилади:

 وَالْخَيْلَ وَالْبِغَالَ وَالْحَمِيرَ لِتَرْكَبُوهَا وَزِينَةً وَيَخْلُقُ مَا لاَ تَعْلَمُونَ

“Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратадир”. (Яъни, Аллоҳ таоло келажакда сизлар учун туя, от, хачир ва эшакдан бошқа сиз билмайдиган нақлиёт воситаларини яратади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Ушбу оятлар тушган даврда мавжуд бўлмаган ҳавода, сувда ва ерда юрадиган кўплаб нақлиёт воситалари вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, Қуръони Карим мазкур: «ва сиз билмайдиган нарсаларни яратади», жумласи ила мўмин-мусулмонларни келажак янгиликларидан хабардор қилаётганига далолатдир.) (Наҳл сураси, 8-оят).

Дунёда отнинг турлари жуда кўп. Улар асосан юк ташиш, миниш, аравага қўшиш ва ер ҳайдаш учун боқилади. Ана шундай от зотларидан бири – ахалтака от зотидир.

Ахалтака от зоти – ноёб от турларидан бўлиб, чопқирлиги, чиройлилиги, ақллилиги ва бақувватлиги билан бошқа от зотларидан ажралиб туради. Туркманистоннинг миллий рамзларидан ҳисобланган ушбу от зоти дунёдаги энг қиммат от зотларидандир, маълумотларга кўра, унинг бошланғич нархи 100 минг доллардан бошланар экан. 500 минг ва ҳатто 1 миллион долларлик ахалтакалар ҳам бор экан. Туркман миллатининг Така уруғига мансуб кишилар асосан ахалтака от зотини етиштириш билан шуғулланади. Ахал сўзи туркманчада “чодир” деган маънони билдирар экан. Ушбу от қуруқ иссиқ иқлимга мослашгани билан ҳам ажралиб туради. Ушбу зот асосан Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия ва АҚШда боқилади. Бугунги кунга келиб, мазкур зот туридан чатиштириш йўли орқали кўплаб янгича ноёб чопқир от зотлари етиштирилади.

Дунёда отнинг 400 дан ортиқ зоти мавжуд. Аллоҳ таоло буларнинг ҳар бирини ўзига хос хусусиятлар билан яратган. От минган инсонлар қадимдан виқорли кўринишган, шу билан биргаликда соғлом ва бақувват бўлиб шаклланган. Гап шундаки, бизга бўйсундириб берилган уловлар орасида айнан от ўзгача фусун ва чопқирлиги билан ажралиб туради. Шу сабабли инсонлар доим от минишга иштиёқманд бўлишган. Аллоҳ таоло биз бандаларига бу жониворни бўйсундириш билан бирга унга минганимизда қандай дуо ўқишимизни ҳам таълим берган:

  لِتَسْتَوُوا عَلَى ظُهُورِهِ ثُمَّ تَذْكُرُوا نِعْمَةَ رَبِّكُمْ إِذَا اسْتَوَيْتُمْ عَلَيْهِ وَتَقُولُوا سُبْحانَ الَّذِي سَخَّرَ لَنَا هَذَا وَمَا كُنَّا لَهُ مُقْرِنِينَ وَإِنَّا إِلَى رَبِّنَا لَمُنقَلِبُونَ

“Токи сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб: «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, Биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз», дегайсиз”. (Инсон маркабга минганда аллақандай бир кўтаринкилик, ғурур ва манманлик пайдо бўлганини сезади. Ана шунда унга маркаб миниш имконини берган зотни эсласа ва шу оятдаги дуони ўқиса, ҳамма нарса ўрнига тушади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафарга чиқиб уловга минсалар, уч марта «Аллоҳ акбар», деб такбир айтар ва қуйидагиларни ўқир эдилар: «Бизга буни бўйсундирган зот покдир. Биз бунга қодир эмас эдик. Ва, албатта, биз Роббимизга қайтгувчилардирмиз». Ё Аллоҳ! Биз сендан бу сафаримизда яхшилик ва тақвони, ўзинг рози бўладиган амалларни сўраймиз. Ё Аллоҳ! Ўзинг бизга бу сафаримизни осон қилгин. Унинг узоғини яқин қилгин. Ё Аллоҳ! Сенинг ўзинг сафардаги соҳибсан. Аҳлиаёлдаги халифасан. Ё Аллоҳ! Мен сендан сафар қийинчиликларидан, турли ёмонликлардан, молу мулк ва аҳлиаёлнинг ёмонликка юз тутишидан паноҳ сўрайман».) (Зухруф сураси, 13-14-оятлар).

Аллоҳ таоло бизни уловга минганимизда Ўзига шукр қилиб, камтарлик билан уловларда юришимизни насиб этсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон ва Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3927 times

Мақолалар

Top