Мақолалар

Эркак ва аёл миясидаги фарқлар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари буюк ҳақиқат бўлиб, Аллоҳ таолонинг Ўзи “У ҳаводан нутқ қилмас” дея у зотни васф этган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар. Улардан бир гапга уста аёл: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди.

«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир?» деди. 

«Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир», дедилар».

Бухорийнинг иборасида: 

«Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими?» дедилар. 

«Худди шундай», дейишди.

«Бу диннинг нуқсонидир», дедилар» шаклида келган.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни “ақли ва дини ноқислар” дея васф қилганлар. Хўш, нима учун шундай деганлар? Бу ноқислик қандай маънони англатади ва биз буни қандай тушунишимиз керак? “Ақли ноқислик” деган гапни тушунишга уриниб кўрайлик!

Ҳақиқат шуки, аёлнинг ақлидаги ноқислик маънавий эмас, моддийдир. Яъни эркак миясининг вазни 1360 грамм бўлиб, аёл миясининг вазни бундан 100 грамм кам экан, яъни 1260 грамм.

Олимлар эркак ва аёлнинг мияси устида кўп изланиш ва тадқиқот олиб борганларидан сўнг аёл миясининг ҳажми эркак мияси ҳажмидан 10-15 фоизга кичик эканини аниқладилар. Мия кичик бўлгач, ундаги ҳужайралар сони ҳам кам бўлади.

Шунингдек, ўрганишлар натижасида аёлнинг мияси таркиби эркак мияси таркибидан фарқ қилар экан. Аёл киши ҳис-туйғуларга берилувчан, тез таъсирланувчан бўлади.

Аёллардаги бу ноқислик сабаб шариатимизда гувоҳлик пайтида иккита аёл бўлиши талаб этилади. Чунки, уларнинг бири унутса, дугонаси унга эслатади.

Ҳар бир инсон кўп яхшиликларга эга бўлишни орзу қилади. Қуръони Каримда “кўп яхшилик” жумласи иштирок этган икки оят бор. Бири Бақара сурасида, кейингиси Нисо сурасида келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилган:

يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُوْلُواْ الأَلْبَابِ

“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар”. (Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб. қоиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.) (269-оят).

Аллоҳ таоло Нисо сурасида шундай марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَرِثُواْ النِّسَاء كَرْهاً وَلاَ تَعْضُلُوهُنَّ لِتَذْهَبُواْ بِبَعْضِ مَا آتَيْتُمُوهُنَّ إِلاَّ أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً

“Эй иймон келтирганлар! Сизларга аёлларни зулм-ла меросга олиш ҳалол эмас. Очиқ фоҳиша иш қилмасалар, берган нарсаларнингизнинг баъзисини олиш учун уларни зўрлик-ла ушлаб турманг ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (19-оят).

Эътибор берсак, биринчи оятдаги “кўпгина яхшилик” ҳикмат, кейинги оятдаги “кўпгина яхшилик” аёл экан. Демак, Аллоҳ таоло аёл кишида кўплаб яхшиликлар пайдо қилар экан. Мана шунинг ўзиёқ Ислом дини аёлни улуғлаганига далолат қилмайдими?

Аёл кишининг “дини ноқислиги” эса ҳайз, нифос кўрган пайтларида намоз ўқий олмаслиги, рўза тута олмаслиги, Каъбани тавоф қила олмаслиги, Қуръонни ушлай олмаслиги, тиловат қила олмаслиги деган маънодадир.

Ҳисоб-китоблардан кейин маълум бўлдики, агар аёл кишининг қиладиган ибодатларини бутун умрига тақсимлаб чиқсак, юқоридаги ҳайз, нифос каби узрлар сабаб у эркакдан 10-15 фоиз кам ибодат қилар экан.  

Демак, аёл миясининг эркак миясидан кичиклиги 10-15 фоиз, ибодатларининг эркак ибодатларидан камлиги ҳам 10-15 фоиз экан. Илм-фан бугунга келиб аниқлаган ушбу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан ўн тўрт аср олдин юқоридаги муборак ҳадисларида айтиб қўйганлар.

Биласизми, Қуръони Каримда (رجل) “эркак” сўзи 24 марта, (امرأة) “аёл” сўзи ҳам 24 марта келган. Инсонийлик жиҳатидан эркак ва аёлнинг тенглиги шунинг ўзидан ҳам маълум.

Аммо (رجال) “эркаклар” сўзи 27 марта, (نساء) “аёллар” сўзи 46 марта зикр қилинган. Бу эса Исломнинг аёлга бўлган эътиборидир.

Қуръони Каримдаги узун суралардан бирининг номи “Нисо” (Аёллар)дир. Аммо Қуръони Каримда “Эркаклар” деган сура йўқ. Бу ҳам Ислом дини аёлни эъзозлаганининг ёрқин кўринишларидан биридир.   

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳажжатул Вадоъдаги энг сўнгги васиятларида ҳам “Аёлларга яхши муносабатда бўлинглар!” деб амр қилганлар. Бу ҳам Ислом динида аёлларнинг ўрни қандайлигини кўрсатади.

Мана шу далиллардан кейин ким “Ислом аёлларни икром қилмаган” деб айта олади?!

Аллоҳ таоло барчамизга Динимизни янада чуқур ўрганиб, иймонимиз нури бундан-да ошиб, ихлосимиз зиёда бўлишини насиб этсин!

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 4130 times

Мақолалар

Top