Мақолалар

Сиз буларни билармидингиз?

Биласизми, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо эгизак эмаслар. Балки Ҳасан розияллоҳу анҳу Ҳусайн розияллоҳу анҳудан деярли бир ёш каттадирлар.

Биласизми, Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ оқсоқ эдилар. Урушлардан бирида оёқлари жароҳатланиб, то вафотларигача оқсоқланиб юрганлар. Жангу жадалларда ҳам шу ҳолда иштирок этганлар.

Биласизми, Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг асл исмлари Юсуф ибн Айюб бўлиб, “Салоҳуддин” у кишининг лақабларидир.

Биласизми, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юздан ортиқ жангда иштирок этганлар. Аммо бирор марта мағлуб бўлмаганлар. Таналарида қилич, найза, камон ўқи тегмаган бирор жой йўқ эди. Деярли ҳамма жойлари яраланган эди. Лекин шунга қарамасдан у киши жанг майдонида эмас, балки уйларида, тўшакда вафот этганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини “Аллоҳнинг қиличи” деб номлаганлар. “Аллоҳнинг қиличи” деб аталган кимса мағлуб бўлармиди?!

Биласизми, Муҳаммад ибн Қосим Сақафий тарихдаги энг кичик фотиҳдир. У Синд (Покистон ҳудуди), Ҳинд ўлкаларини фатҳ қилганда ўн етти ёшда эди.

Биласизми, эркакларга номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилиш буюрилганидек, аёлларга ҳам номаҳрам эркакларга назар солишдан тийилиш буюрилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир. Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар...” (Нур сураси, 30-31-оятлар)

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2878 times

Мақолалар

Top