Мақолалар

“Панда-чумоли” ҳақида эшитганмисиз?

Пандага ўхшаган бу ёқимли мўйнали чумоли аслида арилар оиласига мансуб бўлиб, унинг илмий номи Euspinolia militaris. Аниқроқ қилиб айтганда, у 8000 турдаги арилардан биридир. Савол туғилиши мумкин: “Нега у чумолига ўхшайди? Унинг қанотлари қани?”

Аниқланишича, бу турдаги ариларнинг эркаги билан урғочиси орасида фарқлар катта ва шу қадар кўпки, баъзида олимлар уларнинг қайси турга мансублигини аниқлолмайдилар. Фақатгина уларни жуфтлашиш мавсумида жуфти билан ушлаб олганларидагина аниқлай оладилар. Демак, уларнинг орасидаги асосий фарқ шундаки, урғочиларининг қанотлари бўлмайди. Шунингдек, улар эркакларига қараганда анча кичик ҳам бўлади.

Сиз расмда кўраётганингиз мафтункор қанотсиз урғочисидир. Уларнинг танаси тук билан қоплангани ва чиройлилиги учун баъзан “Тукли чумолилар” деб ҳам аталади. Улар ўзларига теккан қўлни қичитадилар ва жуда қаттиқ тишлайдилар. Уларнинг танасини майдалаш ҳам осон эмас. Урғочи ҳашарот қобиғини метал игна билан ҳам тешиш қийин.

Улар жамоа бўлиб яшамайдилар ва йилига 2000 дона тухум қўядилар.

Бу жонзотлар Чили, Аргентина, АҚШ ва Мексикада яшайди.

Бу арилар бошқа ариларга нисбатан узоқроқ умр кўриб, 2 йилга яқин яшар эканлар. Солиштириш учун айтамиз: қорамтир ва сариқ оддий арилар 10 ой, ишчилари эса 4 ҳафта умр кўради.

Эркакларининг кўзлари аниқ билиниб турса, урғочиларида кўз камроқ сезилади. Ушбу ҳашаротлар қуруқ, иссиқ иқлимли очиқ чўл ҳудудларида яшайди.

“Панда-чумоли” заҳарли бўлиб, тахминан ўн марта чақиши туфайли сигир ҳалок бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли уларни “сигир қотиллари” деб атайди. Ҳатто бу ҳашаротлар чақиши одамларга ҳам кўп муаммолар келишига сабаб бўлиши мумкин.

Эркак чумолилар кечаси, урғочилари эса кун давомида фаол бўлади. Бу ҳашаротлар кўпинча қум ёки қуруқ тупроққа кўмилиб кетишади.

Улар ўсимликлар ширасини сўриб озиқланишади. Баъзан урғочи чумолилар бошқа ҳашарот турларининг жасадларини сўриб кун кўради. Ҳақиқий чумолилардан фарқли ўлароқ бу “панда-чумоли”да турли вазифаларни бажарадиган, ишлайдиган чумолилар йўқ. Тукларнинг мавжудлиги намликни сақлаб туришга ёрдам беради, бу эса уларнинг қуруқ шароитда яшашига имкон беради.

Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани улкан ҳикматга кўра яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ مَا كَانَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ سُبْحَانَ اللَّهِ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ

“Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир” (Қасас сураси, 68-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2979 times

Мақолалар

Top