Мақолалар

Шукр фазилати

Аллоҳ таоло Унга шукр қилишимиз учун каттаю кичик неъматларини эслатиб: “Эй инсонлар! Сизларга (ато этган) Аллоҳнинг неъматини эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган  Аллоҳдан  ўзга  яратувчи  борми?! Ундан  ўзга  илоҳ  йўқ.  Бас,  (тўғри  йўлдан)  қаёққа  бурилиб кетмоқдасиз?!” (Фотир, 3); “(Эй инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга  барча  зоҳирий  ва  ботиний  (моддий  ва  маънавий)  неъматларини комил  берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон, 20), дейди.

Одамлар кўп неъматларни билишади, лекин билмайдиган неъматлари ундан ҳам кўп. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар  Аллоҳнинг  неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз” (Иброҳим, 34). Неъматларнинг саноғини билмаган инсон, албатта, уларни билмайди.

Аллоҳ таоло инсонларга неъматларни Ўзининг тоати ва ибодатига ишлатиш учун ато этган: “Аллоҳ  сизларни  оналарингиз  қоринларидан  бирор  нарсани  билмайдиган  ҳолингизда  чиқарди  ва шукр қилишингиз учун сизларга қулоқ, кўзлар ва қалбларни берди” (Наҳл, 78), “Аллоҳ  сизлар  учун  ўзи  яратган  нарсалардан  соя  жойлар  (бунёд)  этди  ва  сизлар  учун  тоғлардан бошпаналар  қилди  ҳамда  сизлар  учун  иссиқ  (ва  совуқ)дан  асрайдиган  кийимлар  ва  сизларни  (турли) хавфдан  сақлайдиган  совутлар  яратди.  (Имон  келтириб)  мусулмон  бўлурсиз,  деб  У  сизларга  ўз неъматини шу тарзда мукаммал етказиб туради” (Наҳл, 81).

Неъматларга шукр қилиш, аввало, Неъмат берувчини яхши кўриш, унга итоат қилиш, ҳар бир неъмат Унинг эҳсони ва фазли эканига қатъий ишониш, шу неъматлар учун тили билан шукр айтиш, неъматни қадрига етиш, у неъматни Аллоҳ рози бўлган йўлда ишлатиш билан амалга ошади. Ким неъматларни Аллоҳ рози бўладиган ишларга ишлатса, уларни ўз зиммасидаги фарзлар ва бурчларни адо этиш учун сарфласа, ўша неъматларнинг шукрини адо қилган бўлади. Аксинча, агар уларни Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган ишларга, гуноҳу маъсиятларга сарфласа, куфрони неъмат қилган, яъни ношукрлик қилган бўлади.

Шунингдек, неъмат инсонни ҳаддидан оширмаслиги, уни кибрлантирмаслиги, у неъмат билан ўзини бошқалардан афзал санамаслиги керак. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик билан ҳам, ёмонлик билан ҳам синайди, имтиҳон қилади.

Иймоннинг ярми шукрдир, ярми сабрдир. Аллоҳ таоло айтди: “Сизларга  Аллоҳнинг  мўъжизаларидан  кўрсатиш  учун  кемалар  Унинг  марҳамати  билан  денгизда (сузиб)  юрганини  кўрмадингизми?!  Албатта,  бунда  барча  (қийинчиликларга)  сабр  қилувчи  ва (неъматларга) шукр қилувчилар учун аломатлар бордир” (Луқмон, 31).

Энг улуғ шукр бу Оламлар Раббига иймон келтиришдир. Бу Аллоҳ таоло бутун оламларга раҳмат қилиб жўнатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларига шукрдир. Энг катта ношукрлик эса, Қуръони карим ва суннати набавияни инкор этишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилди: “Кимки, имондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Моида, 5).

Аллоҳ таоло шукр қилувчиларга неъматларни зиёда қилишини, давомли беришини, баракот ато этишини ваъда қилган: “Яна  Раббингиз  эълон  қилган  (бу  сўзлар)ни  эслангиз:  «Қасамки,  агар  (берган  неъматларимга)  шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир»” (Иброҳим, 7).

 

Абдурасул ҚАЮМОВ,

“Муҳсинхон Тўра Эшон” жоме масжиди

имом-хатиби

Read 3097 times

Мақолалар

Top