Мақолалар

Қубо масжидига борсангиз кўпроқ намоз ўқинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчаётганларида Қубо қишлоғида тўхтаб, у ерда бир неча кун турадилар. Шу кунлар мобайнида масжид қуришга киришадилар. Бу ишда муҳожирлар ва ансорлар иштирок этишади. Масжид битгач, илк бор шу ерда жамоат намози ўқилади. Ҳа, бу Ислом тарихида биринчи қурилган масжид – Қубо масжиди эди. Қуръони Каримда ушбу масжид “Тақво асосида қурилган масжид” дея васф этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

لاَ تَقُمْ فِيهِ أَبَداً لَّمَسْجِدٌ أُسِّسَ عَلَى التَّقْوَى مِنْ أَوَّلِ يَوْمٍ أَحَقُّ أَن تَقُومَ فِيهِ فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (Тавба сураси, 108-оят).

Бу масжид ҳижрий 1-йилда бино қилинди. 

Ушбу масжиднинг фазилати борасида бир неча ҳадислар ворид бўлган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубога ҳар шанба куни уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Дийнор айтади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзи шундай қиларди (яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиб, ҳар шанба келиб намоз ўқирди)”. Бу ривоятни Имом Муслим ривоят қилганлар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжидига уловда ёки пиёда келар эдилар”. Ибн Нумайр “Бизга Убайдуллоҳ ибн Нофеъ “У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерда икки ракат намоз ўқир эдилар” ҳадисини айтиб берди” деган гапни зиёда қилган. Буни Имом Бухорий ривоят қилганлар.

Қубо масжидида ўқилган нафл намоз умранинг савобига тенглаштирилган.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким уйида яхшилаб таҳорат олиб, сўнгра Қубо масжидига келса ва у ерда намоз ўқиса, унга умранинг савобидек савоб бўлади”. Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.

Қубо масжиди Макка билан Мадина орасида, ҳижрат йўли устида, Масжидун Набавийдан уч ярим километр узоқликда жойлашган. Ушбу масжид Мадинада Масжидун Набавийдан кейинги катта масжидлардан ҳисобланади.

Масжиднинг 4 та минораси, 56 та гумбази бор бўлиб,  ўзида 20 мингдан ортиқ намозхонларни сиғдира олади. Келажакда масжидни 55 минг намозхонни сиғдира оладиган даражада кенгайтириш режалаштирилган.

Ҳаж ва Умра ибодатини адо этиш учун борган зиёратчилар ушбу муборак масжидни ҳам зиёрат қилиб, у ерда намоз ўқийдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга Масжидул Ҳаром, Масжидун Набавий билан бир қаторда ушбу масжидда ҳам намоз ўқиб, ҳадисда айтилган фазилатларга эришишимизни насиб этсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 5724 times

Мақолалар

Top