Мақолалар

Ваъдага  вафо – мўминлик аломатидир

Мусулмон киши хулқланиши лозим бўлган гўзал хулқлардан бири аҳдга вафодорликдир бўлиб, бу инсон ихтиёридаги иш эмас, балки, Роббимизнинг бизга буюрган қатъий буйруғларидан биридир. Бу ҳақда  Қуръони каримда бундай дейилади: "Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир"(Исро сураси, 34-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, аҳдга вафодорлик арзимас амал эмас.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, вафодорликни алоҳида мадҳ этади: “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (Муъминун сураси, 8-оят). Демак, вафодорлик мўминнинг аломатларидан биридир.

Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом ваъдага вафо бобида ҳам пешқадам эдилар. Ҳаттоки, ҳали Пайғамбар бўлмасларидан олдин ҳам  ваъдаларига содиқ турганлари учун халқ орасида “Содиқул ваъда” деган  ном қозонганлар. У зотнинг ҳаётларида бўлган ушбу воқеа  сўзимизга далилдир.

Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлмасларидан аввал у зотдан бир нарса сотиб олдим. У кишининг бир оз пуллари менда қолди. “Эртага шу ерга келиб қолганини бераман”, деб ваъда бердим. Эртасига келишим лозимлигини унитдим. Уч кундан кейин келсам, пайғамбаримиз мени ўша ваъдалашилган жойда кутиб турган эканлар. Мени кўргач, “Эй, бола! Уч кундан бери мени машаққатга қўйдинг. Мен сени уч кундан бери интизор бўлиб пойлаб турибман”,  дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам  ўз умматларини ҳам аҳдига вафодор бўлишга ундаб, аҳдни бузишдан, бевафоликдан қаттиқ қайтарганлар. Анас розияллоҳу анҳудан қилинган бир ривоятда у зот алайҳиссалом: “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”, дея вафосизликнинг хатарини таъкидлаганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадисга эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Аҳди йўқ кишининг Исломи йўқ”, эмас, балки, “Аҳди йўқ кишининг дини йўқдир”, дея вафодорликни динга боғламоқдалар. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, вафодорликка барча илоҳий динларда тарғиб қилинган. Бунга Қуръони каримда бир неча оятлар бор. Хусусан, Марям сурасининг 54-оятида Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад!) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи набий ва расул эди”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломни зикр қилиб, у зотни энг аввало “ваъдасига содиқ турувчи...” дея танитмоқда. Демак, вафодорлик Аллоҳ яхши кўрган ҳислатлардан биридир.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан вафодорликнинг қанчалик мақталган, Аллоҳ яхши кўрган ҳислат эканлигини билдик. Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай мақталган сифатнинг акси ёмон кўрилган ва қайтарилган хунук сифат бўлади. Худди шунингдек, вафодорликнинг акси бўлган бевафолик ва хиёнаткорлик ҳам динимизда қаттиқ қораланган ҳислатлар қаторида зикр қилинади. Бунга мисол, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт хислат борки кимда бу хислатлар бўлса у чин мунофиқ бўлади. Агар унда бу хислатларнинг бири бўлса, тоинки уни тарк қилмагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади. Агар омонат қўйилса хиёнат қилади, гапирса ёлғон гапиради, аҳдлашса хоинлик қилади, агар баҳслашса бузуқлик қилади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда аҳдга вафо қилмаслик мунофиқ кишининг аломатлари қаторида зикр қилинишининг ўзи ҳам бунинг нақадар ёмон иллат эканлигини билдиради. Демак, ҳар бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида даража топмоқни истаса, кишилар орасида қадр топмоқни истаса, сўзига эътиборли, ваъдасига вафодор бўлмоқлиги лозим экан. Ваъдага вафодорлик нафақат  олди-берди масалаларида, балки умумий ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олиши керак.  Шундагина Аллоҳ таоло зикр қилган “Нажот топган мўминлар” сафида бўламиз.

Ушбу йўлда барчамизга Роббимиз тавфиқ бериб, Ўзи ёрдамчимиз бўлсин!

 

Ёрбек ИСЛОМОВ,

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби.

Read 2487 times

Мақолалар

Top