Мақолалар

Таомнинг таъми ва лаззати шундадир

Бу дунё ажиб бир дунёдир. Унда баъзилар еганини ҳазм қилиш учун бир неча мил пиёда юрса, бошқалари эса қорнини тўйдириш учун бир неча миллаб таом излайди. Бири берилган неъматни исроф қилса, бошқа бири берилган неъматни паст санаб ношкурлик қилади.

Доимо чанқаганимизда сув ёки бирор бир шарбатларни ичамиз. Оч қолганимизда эса бир неча хил таомларни тановул қиламиз. Бироқ, кўпчилигимиз аксар ҳолларда бу неъматларни ким яратганлиги ва қандай қилиб бизга насиб қилганини эслашни унитиб қўямиз.

Таомланишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни ва еб бўлгач “Алҳамдулиллаҳ”ни унутиб, ўзимизни гўёки бу неъматлар ота-боболаримиздан бизга мерос қолгандай тутамиз.

Агар таомда таъм ва лаззатни ҳис қилишни истасак, аввало “Бисмиллаҳ” билан бошлашимиз ва “Алҳамдулиллаҳ” билан тугатишга одатланишимиз керак бўлади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, шу билан бир қаторда ушбу кичик бир сўзда жуда кўплаб ҳикматллар ва фойдалар бор.

Инсон таом ер экан ҳар замон “Алҳамдулиллаҳ” деса, еяётган таоми ҳақида тафаккур қилади. Натижада фақирларни, етим-есирларни ва ночорларни эслаб, Аллоҳ таолога шукр қилади. Бу иши билан еяётган нарсасининг таъмини ва лаззатини ҳис этади.

Аммо ҳайвон каби шоша-пиша, кам нафас олиб ва пала-партиш ейдиган кимсалар эса, на ҳамд айтади ва на шукр қилади. Натижада одобсиз таомланиб, таомнинг таъмини ҳам, лаззатини ҳам ҳис қилмайди. Бу эса энг хунук ҳолатдир.

Демак, кимда ким сув ичар экан уни ким яратганини, таом ер экан уни ким ато қилганини тафаккур қилса, ўзга ҳаёт ва ўзга оламни ҳис қилади ҳамда руҳан таскин топади.

Хулоса шуки, агар тоамимизни таъми ва лаззатини топишни истасак, уларни яратган ва берган Зотни эслашимиз лозим бўлади.

Эй Роббимиз, бизни бу неъматга сазовор қилгин.

 

ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё              

Read 2948 times

Мақолалар

Top