Мақолалар

«Фиқҳи акбар» китоби

(давоми) 

6-қисм

Аллоҳ таоло ўз бандаларига нисбатан фазлу карамли ҳамда адолатлидир: баъзида бандасига қилган ишига яраша эмас, балки неча баробар ортиғи билан савоб бахш этар. Гоҳида гуноҳига яраша жазо берур. Баъзан фазлига олиб, кечириб юборур.

Пайғамбарларнинг, шу жумладан, бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳкор мўъминлар жазога мустаҳиқ кабира гуноҳ эгалари ҳаққига қилажак шафоатлари ҳақ ва ростдир.

Қиёмат куни амалларнинг ўлчаниши, тарозу ҳақ ва ростдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳавзи Кавсарлари ҳақ ва ростдир.

Хамслар ўртасида савоблари билан ҳисоб-китоб қилиниши, агар савоби бўлмаса, гуноҳларидан олиб берилиши ҳақ ва ростдир.

Жаннат ва дўзах шу кунда ҳам мавжуддир. Улар абадий, фоний бўлмайдилар. Жаннатнинг нозу неъматлари, ҳуру ғилмонлари ҳам абадий барҳаётдирлар. Аллоҳнинг жазоси ҳам, савоби ҳам абадий, туганмасдир.

Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини Ўз фазли билан ҳидоятга йўллар. Хоҳлаганини Ўз адли билан залолатга қолдирур. Яъни, Ўз розилиги сари тавфиқ ато қилмас. Бу Унинг адолатидир. Шунингдек, мазкур бетавфиқни жазолаши ҳам Унинг адли ҳисобланур.

Мўъмин кишининг имонини шайтон мажбуран суғуриб олмайди, балки банданинг ўзи имонни тарк этган пайтда у олиб қўяди.

Қабрда Мункар ва Накир исмли фаришталарнинг кириб, марҳумдан савол сўрашлари ҳақ ва ростдир. Қабрда бандага руҳнинг қайтарилиши, қабрнинг кофирлар ва баъзи гуноҳкор мусулмонларни қисиши, уларнинг қабр зоббини тортишлари ҳақ ва ростдир.

Уламоларнинг Аллоҳ сифатларини форс тилида (Арабчадан бошқа тилларда) зикр этишлари жоиздир. Аммо «яд» сўзини Аллоҳга нисбат берилганда форс тилида «Дасти Худо» – деб зикр этилмагай. «Аллоҳнинг юзи» деб айтиш жоиз, лекин ташбеҳсиз ва кайфиятсиз айтилиши шарт. Аллоҳнинг узоқлиги ва яқинлиги ўртасидаги масофанинг узун-қисқалиги билан изоҳланмайди, балки яқинлик – банданинг мукаррамлиги, узоқлик – унинг хорлигидир. Итоаткор одам Аллоҳга яқиндир, лекин кайфиятсиз. Итоатсиз кимса Ундан узоқдир, лекин кайфиятсиз. Яқинлик, узоқлик, юзма­юз бўлиш, жаннатда ёнма­ён бўлиш, Унинг ҳузурида туриш кабиларни кайфиятсиз деб билиш зарурдир. 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг Фиқҳи акбаркитоби)

Read 3012 times

Мақолалар

Top