Мақолалар

Муфтий ҳазратлари халқаро саммитда нутқ сўзладилар

15 ноябрь куни Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Иккинчи Боку дунё диний етакчилари саммитида нутқ сўзладилар. Ушбу саммитда 5 та қитъадан келган 85 дан ортиқ мамлакат вакиллари ва 350 дан зиёд меҳмонлар иштирок этмоқда.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқларининг аввалида Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода жанобларининг муборак 70 ёшга тўлишлари ва шайхулисломлик фаолиятларининг 40 йиллиги муносабати билан қутладилар. Шайхулислом жанобларининг Ислом дини маърифатини кенг тараннум этиш, мўмин-мусулмонлар ҳамжиҳатлигини таъминлаш ва динимиз равнақи йўлида олиб бораётган меҳнатларини алоҳида қайд этдилар.
Дарҳақиқат, Ислом динининг эзгу таълимотларини гўзал шаклда етказиш савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (Муҳаммад, 7).
Ҳамкорликда Ислом динининг асл қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, турли хатарларга қарши биргаликда курашиш ва мўмин-мусулмонларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришдаги саъй-ҳаркатлар таҳсинга лойиқ эканига маърузада катта урғу қаратилди.
Муфтий ҳазратлари ҳар икки қардош давлат раҳбарлари ўзларининг доно сўзлари ҳамда амалий саъй-ҳаракатлари билан минтақаларимизда тинчлик-барқарорликни мустаҳкамлаш, халқларимизнинг ҳамкорлигини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганларини мамнуният ила изҳор қилдилар.
Ушбу Саммитда таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари долзарб мавзулардаги чиқишларини давом эттирмоқдалар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2583 times

Мақолалар

Top