Мақолалар

Исроф ва дабдабабозлик – тараққиётимиз душманидир!

Халқимиз озгина маблағ топса, яхши ниятлар билан тўйга, яхши кунларга деб жамғариб қўяди. Бу халқимизнинг бошқа миллатлардан ажратиб турадиган, мақтовга сазовор, фазилатли хислатларидан десак муболаға бўлмайди. Халқимизнинг бундай мехмондўстлиги қадимдан тилларда достон бўлиб келмоқда. Лекин халқимизнинг ушбу меҳмондўстлик каби фазилати, минг афсуслар бўлсинки, иллатга айланиб қолмоқда.

Бугунги кунда тўй, маърака ва маросимларда динимиз белгилаб берган чегарадан чиқиб, ким ўзарга пойга ўйнаётган айрим инсонларнинг қилаётган хатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсак, ҳеч қайси меъёрларга тўғри келмаётганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, келинларнинг ғарб модалари асосида тикилган қимматбаҳо кийимларни ижарага олишлари, турнақатор тўй картежларининг йўллардаги куракда турмас ҳаракатлари, келин-куёвларнинг миллийлигимиз ва қадриятларимизга умуман тўғри келмайдиган севги қиссаларию, валс тушишлари каби кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Бу ҳолат фақатгина тўй маросимларидагина эмас, балки мусибат бўлган жойларда ҳам бундан ҳам аянчлироқ бўлган ҳолатларни кузатишимиз мумкин.

Яқин ўтмишда ўтган маърифатпарвар аждодларимиздан Махмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари “Ойна” журналининг 1915 йил, 13-сонида ушбу иллат ҳақида ёзиб: Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёйинки, сил, сил-ар-ия (ўпка сили) ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош (жон азоби), бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сорилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалатурғон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман, дея куйинганларида нақадар ҳақ эдилар. Чунки ушбу иллатлар ҳақиқатда ҳам жамиятимизни таг-тагидан емирувчи иллатлар бўлиб, бугунги кунда ушбу дабдабабозлик, хашаматбозлик, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак миллиардлаган маблағ нафақат ҳавога совурляпти, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилаётганлигимиз аён бўлади. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму-маърифат ҳисол қилишлари учун, уларни касби-корли қилиш учун, ишлаб-чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни обод қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби ҳисобсиз тараққиётимизга хисса қўшувчи ишлар турган бир даврда ҳисобсиз маблағларни дабдабабозликка берилиб, исроф қилишимиз ҳеч кечирилмас иллат эканлигини тарих давомида кўплаб гувоҳи бўлганмиз. Муаррихлар айтишадики, тарих такрорлардан иборат, ақлли инсонлар ундан ўзлари учун зарур ибратларни олиб, бахтли хаёт кечиришади, дейишган.

Аллоҳ таъло исрофнинг ёмон иллат эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг жуда кўп жойларидан марҳамат қилган. Жумладан, Аъроф сураси, 31 оят мазмунида: “...Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”, дея марҳамат қилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Динимиз нафснинг хоҳишларига қул бўлишдан қайтаради. Дабдабабозлик ва исрофгарчилик иллат эса айнан мана шу қайтариққа итоат этмаган инсонлар томонидан содир этилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ исрофчиларни, дабдабабозларни ҳар бир яхшиликнинг душмани, ҳақиқатни кўра билмайдиган, доимо унга қарши турадиганлар, деб сифатлаган. Улар доимо Аллоҳнинг пайғамбарларига ҳам қарши чиққанлар.
«Сабаъ» сурасида шундай дейилган: «Қайсики бир шаҳар-қишлоққа огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг маишатбозлари: «Биз, албатта, сиз ила юборилган нарсага куфр келтиргувчилармиз», дедилар. Улар: «Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз», дерлар» (34-35-оятлар).

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата Қуръони Каримнинг «Зухруф» сурасида шундай дейди: «Худди шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: «Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз», дедилар» (23-24-оятлар).

Дабдабабозлар ёмон ишларга доим тайёр турган кишилардир. Чунки уларнинг қоринлари тўқ бўлиши, лаззатга берилиши, чўнтаклари пулга тўла бўлиши ҳаётдаги ягона мақсадларидир.

Бехбудийнинг айтишича, яҳудий миллатига мансуб бўлган кишилар, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида баъзан ўликларини кечаси дафн қилишар экан. Сабаби, кундуз куни ишларидан ва манфаатларидан қолмаслик учун. Биз бўлсак, тўй ва маъракаларимиз учун нафақат кунларимизни балки, ҳафталар, ҳатто, ойларимиз шу ишга бағишлаб, йиллар давомида тўплаган мулкимизни бир онда на дунёмиз, на охиратимизга фойда бермайдиган бир ишга совуриб, юборамиз. Ва энг афсусланарлиси бу ишимиз билан фахрланамиз.

Ваҳоланки, бугун ғарб дунёси ушбу иллатлардан нисбатан ўзини тийиб, илму-маърифат хосил қилишга қилган ҳаракатлари сабаб, фан ва технологиядан, ишлаб чиқариш соҳаларида биздан жуда кўп олдинлаб кетди. Агар теран фикр юритиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ушбу технлогияларнинг асоси бўлмиш илм-фан кашфиётларини бизнинг Ал-Хоразмий, Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби юзлаб ота-боболаримиз кашф қилганлигини кўришимиз мумкин. Биз эса ўзимизнинг зараримизга хизмат қиладиган ишлар билан овора бўлиб, ота-боболаримизнинг ҳам бизга қолдирган меросларидан тўғри фойдалана олмаяпмиз.

Бизга тўғри йўлни кўрсатувчи шариатимиз ҳам бизни исрофдан, дабдабадан қайтариб, бу иллатлар барча умматни ҳалокатга олиб келади деяётган бўлса, ҳар бир ишимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қилишга чақириб турсаю, наҳот биз бу ишларда фақат ўз зараримизга хизмат қилаётганимизни англаб етмасак.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида шундай марҳамат қилган: «Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у(шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунда унга «сўз» ҳақ бўлур. Бас, Биз у(шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз» (16-оят).

Бу оятнинг мазмунидан шуни англаб етишимиз керакки, жамиятда кенг тарқалган иллат бўлмиш, ҳашаматчилик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўяётганлар бу ишларидан тўхтамас экан, албатта, Яратган зотнинг азобига дучор бўлинади.

Бугунги кунда юртимизда ва дунёда ёрдамга муҳтож бўлган инсонлар жуда ҳам кўп. Мол дунёсида кенгчилик бўлган инсонларни бойлигини тўғри тасарруф қилиб, уни исроф қилиш ўрнига халққа манфаати етадиган ишларга ва ёрдамга муҳтож бўлганлар учун ишлатар экан, ҳам ўзининг молига барака киради, ҳам жамиятни тараққий топтиради.

Бугунги ҳаёт шиддат билан давом қилаётган бир даврда, вақтимизни ва нақдимизни ўзимизга ва миллатимизга зарар-заҳмат келтирувчи иллатлар йўлида исроф қилмасдан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаравонлиги, фарзандларимиз маърифати, динимиз ривожи учун сарф этар эканмиз, албатта бу ишларимиздан дунёю охиратда фойда топжагимиз шубҳасиздир.

 

 

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

Read 2568 times

Мақолалар

Top