Мақолалар

Аллоҳ таолога итоат қилувчи инсонни бутун борлиқ яхши кўради

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятнинг борлиқ каби Аллоҳ таолога итоат қиладиган бўлиши учун келган эдилар. Чунки, борлиқ ўзининг жонсиз нарсалари, ўсимликлари, жонзотлари билан биргаликда Аллоҳ таолога бўйсунувчидир. Борлиқда юз берадиган барча нарса Аллоҳ таолонинг иродаси билан амалга ошади. Лекин инсонга жузъий ихтиёр берилгани сабабли унда итоаткорлик ва осийлик содир бўлиб туради. Инсонда содир бўлиб турадиган борлиқ билан ҳамоҳанг бўлмаслик ҳолатини тузатиш учун Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбар юбориб, Пайғамбарига китоб нозил қилиб туради. Ҳа, фақатгина инсон баъзида Роббисини унутиб, Унга итоат қилмай қўяди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يَسْجُدُ لَهُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَمَن فِي الْأَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَابُّ وَكَثِيرٌ مِّنَ النَّاسِ وَكَثِيرٌ حَقَّ عَلَيْهِ الْعَذَابُ وَمَن يُهِنِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِن مُّكْرِمٍ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ

“Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади”. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.) (Ҳаж сураси, 18-оят).

Аслида инсонларнинг ҳаммаси ҳам борлиқ каби Аллоҳ таолога итоат қилиш керак эди. Борлиқнинг Аллоҳ таолога бўйсунишини юқорида айтдик. Шунинг учун Аллоҳ таолога бўйсунувчи бу борлиқ Аллоҳ таолога итоат қилувчи инсонни яхши кўради, унга улфат бўлади. Борлиқ ўзи итоатли бўлгани учун итоатли инсонларни ёқтиради.

Борлиқ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади, бўйсунади, аммо инсон баъзан итоатсизлик қилиб, тасбеҳ айтишни унутади. Аллоҳ таоло инсонни ҳам борлиқ каби Ўзига итоатли бўлишига изн берганда, ҳаммани итоатга чорловчи пайғамбар юборади. У пайғамбар бутун инсониятни борлиқ билан ҳамоҳанг бўлишга, Аллоҳ таолога бўйсунишга чақиради. Шунинг учун борлиқ у пайғамбарни яхши кўради, унинг келганидан қувонади. Бутун борлиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ана шундай яхши кўради.

Ислом дини келишидан олдин Арабистон яриморолида жоҳилият даври, яъни Аллоҳ таолога итоат қилмайдиганлар жамияти мавжуд эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бутун инсониятни Аллоҳ таолога бўйсунишга даъват қилиш учун келдилар. Шунинг учун фаришталар, итоат қилувчи жинлар, тошлар, дарахтлар, ўсимликлар ва бошқа махлуқлардан иборат бутун борлиқ у зот алайҳиссаломни яхши кўриб, пайғамбар этиб юборилишларидан хурсанд бўлиши ҳеч ажабланарли иш эмас.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен Маккада бир тошни билурман. У менга (пайғамбар этиб) юборилишимдан олдин салом берар эди. Албатта, уни ҳозир ҳам танийман», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Юқорида борлиқ ҳам тасбеҳ айтади дедик. Ҳа, шундай. У ўзига хос тарзда тасбеҳ айтади. Унда ҳам хурсанд бўлиш ёки хафа бўлиш деган нарсалар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Ҳа, осмону ер ва улардаги кимсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Биз тасбеҳ айтишда лафзалар ва тилни ишлатамиз. Борлиқнинг тасбеҳ айтаётганини эшитмаганимиз учун баъзи уламолар “Борлиқнинг тасбеҳ айтиши дегани бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг борлигига ва бирлигига далолат қилиши деганидир” дейишган. Биз уларга айтамиз “Тўғри, сизлар айтганингиздек, бу тасбеҳ “Далолат тасбеҳи” ҳамдир. Аммо борлиқнинг ҳақиқий тасбеҳ айтишини ҳам ман этолмайсизлар. Агар фақат “Далолат тасбеҳи”нинг ўзи бўлганида сизлар ушбу тасбеҳни тушунолмаган, англолмаган бўлишингиз керак эди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар” деб айтган. Демак, “Далолат тасбеҳи”дан ташқари сизлар тушуна олмайдиган тарздаги тасбеҳ ҳам борлиги бу оятдан маълум бўляпти.

Борлиқнинг тасбеҳ айтиши ҳақида сўз юритар эканмиз, бунга ишора қилувчи оятларни келтиришда давом этамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда яна шундай марҳамат қилган:

وَلَقَدْ آتَيْنَا دَاوُودَ مِنَّا فَضْلاً يَا جِبَالُ أَوِّبِي مَعَهُ وَالطَّيْرَ وَأَلَنَّا لَهُ الْحَدِيدَ

“Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. “Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам”, (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик” (Сабаъ сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

وَسَخَّرْنَا مَعَ دَاوُودَ الْجِبَالَ يُسَبِّحْنَ وَالطَّيْرَ وَكُنَّا فَاعِلِينَ

“Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз” (Анбиё сураси, 79-оят).

Демак, тоғлар Довуд алайҳиссалом билан ҳам, у кишидан бошқалар билан ҳам тасбеҳ айтади.

Ҳар бир нарсанинг ўз тили, мантиғи бор. Биз у тилни билмаганимиз учун уларнинг гапларини, айтадиган нарсаларини тушунмаймиз. Агар Аллоҳ таоло бирор бандасини ўша нарсаларнинг тилларини тушунадиган қилиб қўйса, у банда ўша жонзотларнинг тасбеҳини тушуна олган бўлади. Бунга мана бу оят далилдир. Аллоҳ таолонинг ушбу оятига эътибор беринг:

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ فَتَبَسَّمَ ضَاحِكاً مِّن قَوْلِهَا وَقَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحاً تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ

“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди”. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)

“Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: “Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин”, деди”. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар.) (Намл сураси, 18-19-оятлар).

Ҳа, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жонзотларнинг, шу жумладан, чумолининг тилини тушуниш неъматини бергани учун Унга шукр қилмоқдалар.

Бутун борлиқ Аллоҳ таолога бўйсунувчи эканига, у Аллоҳ таолога бўйсунмайдиган кишиларни яхши кўрмаслигига ушбу оятлар ҳам далил бўлади:

 وَجَدتُّهَا وَقَوْمَهَا يَسْجُدُونَ لِلشَّمْسِ مِن دُونِ اللَّهِ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ أَعْمَالَهُمْ فَصَدَّهُمْ عَنِ السَّبِيلِ فَهُمْ لَا يَهْتَدُونَ

“Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар” (Намл сураси, 24-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда Ҳудҳуднинг Сулаймон алайҳиссаломга айтган гапини ҳикоя тарзида келтирмоқда. Ҳудҳуд Сабаъ маликасининг ўз қавми билан қуёшга сажда қилишидан, шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганидан ташвишга тушяпти. Демак, Ҳудҳуд ҳам аслида кимга сажда қилиш кераклигини, кимга тасбеҳ айтиш лозимлигини билади.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2533 times

Мақолалар

Top