Мақолалар

Эй толиби илм!

- Қуръонни ёд олдингми?

- Йўқ.

- Ибн Молик раҳимаҳуллоҳнинг араб тилига оид “Алфийя” номли назмий услубдаги китобини ёд олдингми?

- Йўқ.

- Суютий раҳимаҳуллоҳ ёки Ироқий раҳимаҳуллоҳнинг ҳадис илмига оид “Алфийя” номли назм услубида ёзилган китобини ёд олганмисан?

- Йўқ.

- Имом Жазарий раҳимаҳуллоҳнинг тажвид илмига оид назм услубида ёзилган “Матнул Жазарийя”сини ёдладингми?

- Йўқ.

- Фароиз илмига оид “Роҳбийя” номли китобни ёд олдингми?

- Йўқ.

- Ақидага оид “Жавҳаратут Тавҳид” ёки “Бадул омолий” китобларини ёд олганмисан?

- Йўқ.

- Мусталаҳул ҳадисга оид “Байқунийя” манзумасини ёд олганмисан?

- Йўқ.

- Мантиқ илмига оид “Ас-сулламул мунаврақ” манзумасини ёдлаганмисан?

- Йўқ.

- Фиқҳга оид бирорта китобни пухта ўргандингми?

- Йўқ.

- Наҳвга оид бирор китобни пишиқ ўргандингми?

- Йўқ.

- Балоғатга оид бирорта китобни яхшилаб ўзлаштирдингми?

- Йўқ.

- Усулул фиқҳга оид бирор асарни қунт билан ўргандингми?

- Йўқ.

- Ҳадис илмига оид бирор китобни пухта ўргандингми?

- Йўқ.

- Ақидага оид бирорта китобни чуқур ўргандингми?

- Йўқ.

- Тафсирга оид бирорта китобни чуқур ўргандингми?

- Йўқ.

- Мантиқ илмига оид бирор китобни қунт билан ўқидингми?

- Йўқ.

- Шу ҳолингда ўзингни “Толиби илмман” дейсан.

Маълумки, Қуръони Карим нозил бўлганидан бери хотираларда ёд олиб келинади. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръонни ёдлашни, эслашни осон қилиб қўйганини эълон қилиб, шундай марҳамат қилган:

 وَلَقَدْ يَسَّرْنَا الْقُرْآنَ لِلذِّكْرِ فَهَلْ مِن مُّدَّكِرٍ

“Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, зикр қилувчи борми?!” (Қамар сураси, 22-оят).

Қуръони Каримдан кейин зикр қилинган китоблар толиби илмлар ёдлаб олиши осон бўлиши учун шеърий услубда ёзилган. Олдинги толиби илмлар мазкур китобларнинг ҳаммасини ёд олиб, илмда пешқадам бўлишган. Бугунги кундаги толиби илмларимиз орасида бу китобларнинг баъзисини ёд олиб бораётганлари ҳам йўқ эмас.

Уламоларимиздан бирлари шундай дейдилар: “Фейсбук вақтингни олади, аммо сенга тўлақонли илм бермайди. Сен вақтингни оладиган нарсани қўйгин-да, илм ўрганишга чуқурроқ кириш. Чунки умр дақиқалари булут каби тўхтовсиз ўтиб бормоқда. Унутма, вақт кескир қилич кабидир. Агар сен уни кесмасанг, яъни ундан фойдаланиб қолмасанг, у сени кесади”.

Аллоҳ таоло барчамизга фойдали илм берсин ва илмига амал қилувчилардан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2769 times

Мақолалар

Top