Мақолалар

Умму Ҳаким бинт Ҳорис розияллоҳу анҳо Икрима ибн Абу Жаҳлнинг хотини эди. Бу аёл Макка фатҳи куни Исломга кирди. Икрима эса Яман тарафларга қочиб кетди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Икриманинг Исломга ва мусулмонларга қилган душманчилиги сабабли уни ўлдиришга амр қилган эдилар.

Умму Ҳаким розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эри учун омонлик сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг эрига омонлик бердилар. Аёл дарҳол эрини излаб қизил денгиз қирғоқлари сари жўнади ва эрини ўша ердан топди. Эрига ортга қайтишни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга омонлик берганларини, энди у зотнинг олдиларига бориб, Ислом динини қабул қилиши кераклигини айтди. Кўп ўтмай, Аллоҳ таолонинг фазли билан, Умму Ҳакимнинг орзуси рўёбга чиқди. Икрима бориб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан узр сўради, Исломни қабул қилди ва оламларга раҳмат бўлган зотдан ўзи учун дуо қилишларини илтимос қилди.

Кейинчалик Икрима розияллоҳу анҳу бир неча жангларда иштирок этдилар. Ярмук жангида ўзларининг шижоатларини ва бор имкониятларини ишга солиб жанг қилдилар ва шаҳид бўлдилар.

Аллоҳ таоло барча эркак ва аёл саҳобалардан рози бўлсин!

 

Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар,

зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса”

китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Read 2318 times

Мақолалар

Top