Мақолалар

Бағрикенглик – ахлоқий фазилатдир

“Диний бағрикенглик” тушунчаси кеча ёки бугун пайдо бўлган сўз эмас.  Исломнинг илк даврларидаёқ ушбу тушунчага асос солинди. Аҳмад Лутфий Қозончи ҳазратларининг Ислом тарихини гўзал бир услубда ёритиб берган “Саодат асри қиссалари” китобида шундай маълумотлар келтирилади: “Расулуллоҳ (с.а.в) Мадина халқини яъни мусулмони-ю, мусулмон бўлмаган барчасини бир тан, бир жон этмоққа ният қилдилар. Бу билан ташқаридан кутилаётган ҳужумларга қарши Мадинага кучли ички осойишталик ўрнатилиши мумкин эди. Яҳудийларнинг катталари билан учрашдилар. Икки томонга фойда берадиган бир шартнома уларга ҳам лозим эди. Бу шартномада: Мусулмонлар ва яҳудийларнинг ўз динларида эркин бўлишлари; шаҳарни ҳар қандай ҳужумлардан биргалашиб мудофаа этишлари; бир-бирининг душмани бўлган бирон қабила билан шартнома тузмаслиги; қурайшликларга ёрдам берилмаслиги; зулм ва хақсизлик қилганларни ҳимоя этмаслиги; бирон келишмовчилик чиқса, Расулуллоҳга мурожаат этишлари лозим, деган муҳим моддалар бор эди. Мадина кечаги кунга нисбатан янада қувватли, янада осойишта ҳолатга келди. Маккаликлар билан Мадиналиклар ўртасида дўстлик вужудга келиши билан мусулмон бўлмаган Мадиналиклар яҳудийлар орасига солиши мумкин бўлган фитна фасоднинг олди олинган бўлса, бутун Мадина ҳалқи қаттиқ эътибор берган бу шартнома туфайли ташқи муносабатларда ҳам мавқелари ҳийла кўтарилди” .

Ушбу воқеадан билинадики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари яшаб турган юртни ҳимояси, тараққиёти ва осойишталиги учун гўзал бир жамиятни шакллантира бошладилар. Ўша жойда яшайдиган барча инсонларни дини, ирқи, жинси ва миллатидан қатъий назар ўзаро меҳр-муҳаббатли, бағрикенг бўлишга чақириб, уларнинг катталари билан шартнома туздилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу тадбирлари туфайли вужудга келган ҳолатни келтирилган иқтибосдан билдик. 

Ҳа азизлар! Ислом шундай бағрикенг дин. Бағрикенгликка тарғиб қилган дин. Исломда ҳар бир махлуқотнинг ўз ҳаққи бор. Бу ҳуқуқлар дин ва миллат танламайди. Ислом мусулмон киши учун ҳар бир инсонни ҳаққини адо қилишга буюради. Унга нисбатан гўзал муомалада бўлишга чақиради. Бу беҳикмат эмас албатта. Бундай муомаланинг ҳикмати ва фойдаларини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаларнинг ҳаётини ўқиган киши яхши билади. Ўша пайтда жудаям кўп яхудийлар, аҳли китобларнинг Исломга киришига айнан бағрикенглик, уларга нисбатан қилинган гўзал муомала, адолатли қарорлар  сабаб бўлган.

Бугун биз яшаётган диёр ҳам турли хил дин, турли туман миллат вакилларидан ташкил топган. Бу жамиятда яшаётган ҳар бир мусулмон уларга нисбатан худди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар тутган йўлни тутмоғи лозим. Уламолар айтадилар: “Китобия аёл билан бир том остида яшашни маън қилмаган Ислом, ўзга дин вакили билан бир осмон остида яшашга монеълик қилиши мумкин эмас”.  Афсуски, баъзида Расулуллоҳдан (с.а.в) яхшироқ бўлмаган кишилар, Мадиналик Яҳудийлардан кўра ёмонроқ бўлмаган бошқа дин вакилларига қўпол муносабатда бўлишлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асос солган “Диний бағрикенглик” қонунини бузмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуриб кетган тинчлик, бирдамлик, меҳр-оқибат биносининг ғиштларини битта-битта кўчирмоқдалар. У зот ёпиб ташлаган, уни очмасликни қаттиқ тайинлаганлари фитналар, фасодлар, низолар ҳамда адоват эшикларини бирма-бир очмоқдалар. Уларнинг бу қилмишлари оқибатида мусаффо Ислом динига ҳар-хил тана ва тухмат тошлари отилмоқда. Бундай ҳаракатдан жудаям эҳтиёт бўлмоқ керак. Бу йўлда Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқлик манфаатлидир. Чунки Роббимиз бизлар учун: “(Эй мўминлар!) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунида умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (иймон эътиқоди ва ҳулқ атвори) да гўзал намуна бордир,” (Аҳзоб, 21) деб марҳамат қилган. 

 

Тошкент шаҳар бош имом хатиби: 

 Н. Холиқназаров

Read 2364 times

Мақолалар

Top