Мақолалар

Намозда ишораи саббоба қилиш ҳақида “Ишора қилиш ҳақида башорат” номли рисолада саҳобалардан йигирма бешта ҳадис ривоят қилингани келтирилган. Қуйида улар билан танишиб чиқсак:

Ибн Можжа Нумайр Хузоийдан ривоят қиладилар: Набий саллаллоҳу алайҳи васалламни намозда ўнг қўлларини сонларини устига қўйиб, бармоқлари билан ишора қилганларини кўрдим”, деди.

Термизий Абу Ҳумайддан ривоят қиладилар: “Ўнг кафтларини ўнг тиззаларига, чап кафтларини чап тиззаларини устига қўйиб бармоқлари билан ишора қилар эдилар”.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда, яъни ташаҳҳудга ўтирсалар ўнг қўлларини ўнг тиззаларини устига чап қўлларини чап тиззаларини устига қўйиб бош (кўрсаткич) бармоқларини кўтариб дуо қилардилар чап қўллари тиззаларини устида турар  эди”. Ушбу ҳадисга саҳобалар, тобеинлар, амал қилиб, ташаҳҳудда ишорани ихтиёр қилдилар.                       

Аҳмад Нофиъдан ривоят қиладилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума намозда ташаҳҳудга ўлтирсалар икки қўлларини икки тиззаларига қўйиб бармоқлари билан ишора қилиб, ишора қилган бармоқларига қараб турар эдилар, сўнг Расулуллоҳ саллалоҳуалайҳи васаллам: “Бармоқ билан ишора қилиш шайтонга темирдан ҳам шиддатлироқ”, дердилар.

Алийюл қори “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” китобларида ушбу ҳадисни шарҳлаб айтадиларки, “Бармоқ билан ишора қилиш урушда темир қуролни ишлатишдан ҳам қийинроқдир, гўё тавҳидга ишора қилиш билан шайтон мўъмин бандани  адаштириши,  ширкка олиб боришдан бўлган  умидини кесади”. 

Имом Суютий “Жомеул кабир” китобларида Уқба ибр Омирдан ривоят қиладилар: “Киши намозида ишора қиладиган ҳар бир ишорасига ўнта ҳасанот ёзилади”, дедилар.

Ибни Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли китобларидаги ишораи саббоба ҳақида ворид бўлган ҳадислар, олти саҳиҳ китобларнинг ҳаммасида зикр қилинган. У ҳадисларни ҳаттоки, маънавий мутовотир дейиш дуруст бўлади деганлар.

Ишораи саббоба қилиш борасида саҳобалар, уларга эргашган тобеинлар ихтилоф қилмадилар. Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг икки шогирдлари Имом Абу Юсуф ва имом Муҳамммад, имом Молик, имом Шофиий, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳамда мутақаддим уламолар ишораи саббоба суннат эканлигига иттифоқ қилишган.

Абу Лайс Самарқандий “Навозил”, Камолиддин Ибну Ҳумом “Фатҳул қодир”, Аллома Алоуддийн Косоний “Бадоиус Саноий”, Ибн Обидийн “Раддул мухтор”, “Мужтабо”, “Муҳитул Бурҳоний”, Туҳфа”, “Канзуд дақоиқ”нинг шарҳлари “Баҳрур роиқ”, “Наҳрул фоиқ”, Абдулҳай Лакнавий “Умдатур риоя” кабаи мўътабар манбаларда ҳам суннат эканлиги зикр қилинган.  Бу ҳақида Алийюл Қорий иккита “Тазйинул ибора таҳсинул ишора” ва “Аттадҳийну литтазаййун”, Ҳофиз Ибн Ҳажар “Талҳисул ҳобир”, Ибн Обидийн “Рафъ ул тараддуд” номли бир қатор рисолаларда ҳам таълиф қилиб ўтганлар.

Ҳанафия мазҳабида ишора қилиш тартиби фақатгина ўнг қўл билан ишора  қилинади, агар қўли кесилган бўлса ёки қўлини ҳаракатлантира олмайдиган шол бўлса, бошқа бармоқлари билан ёки чап қўли билан ҳам ишора қилмайди.

Ишораи саббобанинг кўриниши асосан икки ҳил бўлади: “Мунятул мусолллин”да Муҳаммад Қошғарий: Шаҳодат калимасига етганда ўрта, жимжилоқ ва номсиз бармоқни букиб бош бармоқнинг бошини ўрта бармоқнинг четига қўяди, ёки ўнг қўлини “хинсир” яъни жимжилоқ ва “бинсир” тўртинчи  бармоқларини букиб ўрта ва бош бармоқларни  ҳалқа қилади,  “Ла илаҳа”да кўтариб, сўз билан феълни ўртаси бир-бирига мувофиқ бўлиши учун “Иллаллоҳ”да туширилади. Мана шу  иккинчси, яъни ҳалқа кўринишини Шамсул аимма Ҳалавоний ва Абу Жаъфар Ҳиндувоний раҳимаҳуллоҳлар ихтиёр қилишган.

Намоз комил бўлиши ва Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мени намоз ўқиётганимни кўрганларинингдек намоз ўқинглар”, деган  сўзларига мувофиқ ташаҳҳудда “Ла илаҳа”да кўтариб “Иллаллоҳ”да тушириб ишора қилиш сунннат саналади.

Ишора қилиб бўлгандан кейин қўл бармоқлари ёзиб юборилмайди, балки намознинг охиригача ўз ҳолатида қолади.

Ишора қилаётганда бармоқни қимирлатмайди, ушбу мазмунда келган ҳадисларнинг санадини Имом Суютий ва Алий Қорий заиф деб келтирдилар.  Ишора қибла тарафга бўлади. Абдуллоҳ ибн Зубайрдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқлари билан ишора қилардилар. Бармоқларни эса қимирлатмас  эдилар”. Ушбу ҳадиснинг  санадини Имом Нававий саҳиҳ деганлар. Бу бармоқни фақатгина бир марта кўтариб бошқа ҳаракатлантирмасликка далолат қилади. Али ибн Абдураҳмаон Муовийдан ривоят қилинади: “Мени Абдуллоҳ ибн Умар намозда тош ўйнаб ўтирганимни кўрди. Намозни ўқиб бўлганимдан сўнг мени бундан қайтариб, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам қилганларини қилгин деди. Мен Расулллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам қандай  қилганлар, дедим. Айтдики, Набий саллолоҳу алайҳи васаллам намозда ўлтирсалар ўнг кафтларини ўнг сонларини устига чап кафтларини чап сонларини устига қўйиб, ҳамма бармоқларини букиб кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилардилар, чап кафтларини чап сонларини устига қўяр эдилар” деди.

Ибн Обидийн  “Рафъ ул тараддуд”да “Матнлардаги масалалар билан шарҳлардаги масалалар бир-бирига зид келиб қолса, матнлардаги масаларга амал қилинади. Матнларда келгани эса бармоқларни ёйиб туриш. Матнларда бармоқларни ёйиб туриш дегани ташаҳҳудни бошлаганда бармоқларини ёйиб туриш ирода қилинган. Бу ишораи саббобани суннат эканлигига зид фикрлар келмаган.

 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси

 ИСМОИЛ ИШАНОВ

Read 6699 times

Мақолалар

Top