Мақолалар

Илм-маърифат – икки дунё саодати

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги мурожаатномаларида ушбу 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожланиш йили” деб атадилар ва яна мурожаатномада жорий йилга бундай ном берилиш сабабини изоҳлаб: “Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман» дедилар.

Дарҳақиқат, илм-маърифат икки дунё саодатидир. Шу маънода улуғларимиз айтадиларки, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун ақлли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Инсон ақлли бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳосил қилсагина у икки дунё саодатини қўлга киритади. Шу сабабли Ислом дини барча мўмин-мусулмонларга илм талаб қилишни фарз қилди.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳис-саломга: “Эй Сулаймон, сенга ҳукмронлик керакми ёки мол-давлат?”, деб сўрабди. Сулаймон алайҳис-салом: “Эй оламларнинг Роббиси, менга ҳукмронлик ҳам, мол-давлат ҳам керак эмас, улардан афзали керак?” деган экан.

Аллоҳ таоло: “Эй Сулаймон, ўша афзал нарсани сўра”, деди.

Шунда Сулаймон алайҳис-салом: “Эй Аллоҳ, дунёга ҳукмронликдан ҳам, мол-давлатга эга бўлишдан ҳам мен учун афзал нарса илмдир. Менга илм бергил”, деб сўрадилар.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳис-салом сўраган нарсасини яъни илм-маърифатни берди. Натижада Сулаймон алайҳис-салом ер юзидаги барча инс-жинсларга ҳукмрон бўлдилар ва дунёдаги барча мол-мулкка эга бўлдилар. Илм-маърифат олиш инсон учун барча яхшиликларнинг аввалидир.

Илм-маърифат ҳосил қилишлик инсон учун бахт. Донишмандлардан бири:             “Инсоннинг бахтлиги орзу-ҳавасларга етишганлигида эмас, балки унга берилган неъматлар қийматини англаб етишдадир” деган экан. Инсон ўзига берилган неъматларнинг қийматини билиши учун ҳам унда илм-маърифат бўлиши керак. Илм маърифатсиз киши берилган неъматлар қийматини англаб етмайди.

Илм-маърифат инсон учун нажот.  Бу ҳақда Имом Бухорий ҳазратлари:

“Дунёда илмдан ортиқ нажот борлигини билмайман” деганлар.

Илм-маърифатсизлик инсоннинг мартабасини туширади. Динимизда ҳам илм-маърифатсизлик, жоҳиллик қораланади. Илм-маърифатсизликдан қутилиш билан инсоннинг даражаси кўтарилади. Дунёнинг бошида ҳам Аллоҳ таоло Одам (а.с.)га илм-маърифат ўргатди. Ва шу илм-маърифат туфайли Одам алайҳис-саломнинг даражалари фаришталар даражасидан юқори бўлди. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай дейди: “Айтинг, илм олганлар билан илм олмаганлар баробар бўлурму?”.  (Зумар сураси, 9-оят).

Илм мол-дунёдан яхши, чунки илм инсонни қўриқласа, мол-дунё эса инсондан қўриқланишни талаб қилади. Мол-дунё сарфланиш билан камайса, илм эса сарфланган сари кўпаяди. Бу ҳақда ҳазрати Али (р.а.): “Илм мол-дунёдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади. Мол-дунё эса сен қўриқлашга муҳтожсан. Илм ҳоким мол маҳкумдир. Мол-дунё нафақа қилиш билан камайса, илм сарфланган сари кўпаяди”.

Албатта, илм-маърифат ҳосил қилиш инсондан сабр бардошни талаб қилади. Илм-маърифат олиш машаққатларига сабр қилган инсонлар илм-маърифатга эришганч ўз халқига, ватанига фойдаси тегадиган инсонга айланади.

Биз ҳамиша илм-маърифатимизни зиёда бўлиши йўлида доимо сай-ҳаракатга бўлмоғимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг каломи бўлмиш Қуръони Каримда: “Ва айтинг, раббим илмимни зиёда қил” дейди. (Тоҳа сураси, 114-оят).

Жамиятимиз аъзолари илм-маърифат ҳосил қилишда бардавом бўлар экан, жамиятимиз тараққий этаверади, турмушимиз янада фаровон бўлади. Худо хоҳласа,  “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт йили” бўлган ушбу 2020 йилимиз халқимиз учун баракали йил бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни илм-маърифатга муваффақ қилиб, икки дунё саодатига муяссар қилсин!

 

Раҳматилло УСМОНОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Read 3787 times

Мақолалар

Top