Мақолалар

Коррупция – тараққиёт кушандаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Олий Мажлисга Мурожатномасида барча соҳаларда кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш, ватанимиз равнақи ва халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан ғов бўлаётганини алоҳида тилга олинди.

Тарихдан маълумки, асрлар оша ҳар қайси давлат ва жамият коррупция балоси билан тўхтовсиз курашиб келади. Хусусан, муқаддас ислом дини,   Қуръони карим ва Пайғамбаримиз ҳадисларида ҳам коррупция, пора олди-бердиси, бировнинг ҳақига хиёнат қилиш каби иллатлар қаттиқ қораланган.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 188-оятида “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг”, дея мусулмонларни бундай ҳаром ишлардан сақланишга ундайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатлагандир”, деб марҳамат қилдилар.

Ислом динида коррупциянинг ҳар қандай кўриниши қораланиши бежиз эмас, албатта. Бу иллат бор экан, жамиятнинг ҳеч бир тармоғини ривожлантириб бўлмайди. Президентимиз ўз Мурожаатномаларида коррупцияга қарши кураш усулларини очиқ кўрсатиб бердилар. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этилмоқда.

Шундай бўлса-да, коррупцияга курашиш нафақат Президент ёки давлат хизматчиларининг, балки ҳар биримизнинг ватанимиз олдидаги муҳим бурчимиздир. Президентимиз айтганларидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, жамиятимизнинг барча аъзолари жонбозлик кўрсатиши даркор. Чунки адолат бўлмаган жойда ривожланиш ҳам бўлмайди. Бу эса Соҳибқирон Амир Темурнинг ўгитларида ҳам ўз аксини топган.

Муқаддас динимиз ҳам мўмин-мусулмонларни ботил билан курашишга чақиради. Бу борада Пайғамбаримиз “Сизлардан бирортангиз инкор этиладиган нолойиқ ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Аммо мана шу қалби билан қайтаргани иймоннинг энг заифидир”, деганлар.

Шундай экан, ўзини шу азиз ватаннинг ҳақиқий фарзанди, деб ҳисоблаган ҳар бир киши  тараққиёт кушандаси бўлган коррупцияни таг-туги билан йўқотишга интилмоғи керак. Ана шундагина олиб борилаётган ислоҳотлар ҳаётда ўз рўёбини топади, мамлакатимиз тараққиёти ва барқарор ўсиши кафолатланган бўлади.

Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги

“Мулла Қосим” жоме масжиди имом-хатиби

Read 3021 times

Мақолалар

Top