Мақолалар

Мақолни ўзгартирамиз:  “ФОЛГА ИШОНМА, ФОЛБИНГА БОРМА!”

 Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил қўйманг анингдек худнамоға

Сўфи Оллоёр

 

Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратар экан, жами маҳлуқоту мавжудотларининг ҳолатини, келажагини, тақдирини Ўзининг буюк илми ила тақдирга битик қилди. Шунингдек ғайб илми, эртанги кун ҳолати, келажакдаги бўладиган ишларни билиш фақат Аллоҳгагина хосдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас.  Яна қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ узилиб тушса ҳам билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Анъом, 59 оят).

Кейинги вақтларда келажакдан башорат берувчилар, инсонни тақдири ҳақида хабар қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Башорат қилишнинг ҳам турли йўллари бўлиб, уларга: кафтга, юлдузларга, расмга, қартага, қаҳва қуйқасига, сувга  ва бошқа нарсаларга қараб, инсонларнинг тақдиридан хабар беришади. Башоратчиларнинг ўзларини эса: фолбин, коҳин, ромчи, фолчи мунажжим, арроф ва бошқа номлар билан номланади.

Бундай ишларни ўзларига касб қилиб олганлар одамларни қабул қиладиган хоналарида  тасбеҳ, шам, ойна, сув, кофе, кул, пичоқ, чўплар ва бошқа нарсалар билан  қабул қиладилар. 

Минг афсуслар бўлсинки,  ҳозирги вақтда  инсонлар орасида оилавий низоларни бартараф этиш, фарзандлик бўлиш, йўқотган нарсасини топиш, юқорироқ лавозимга кўтарилиш, мерос масалалари, эр билан хотиннинг орасини бузиш каби  ишларда фолбинларга бориш кўпайиб бормоқда. Авваллари бундай ишлар фақат аёллар томонидан амалга оширилган бўлса, ҳозирда фолбинларнинг эшиги тагида ўтирганлар орасида эркакларни ҳам учратиш мумкин. Одамлар орасида “Ромга ишонма, ромсиз юрма” деган нотўғри талқин қилинган мақолга кўпчилик амал қилиб келади. Ром очтириш, фолга ишониш  каби амаллардан  ислом динимиз қайтарган.

Исломда сеҳрни ўрганиш  ман қилинган.  Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Фолбин сеҳргардир, сеҳргар эса кофирдир”. Фолбинлар шаръий  китобларда “кохин”, “арроф” номи билан ҳам юритилган. Фолбинлар инсонларни уларни келажагини билиши ҳақидаги уйдирмалари билан ишонтирадилар. Баъзилари тасодифан тўғри келиши мумкин бўлса ҳам, аксари очган фоллари нотўғри чиқади.  Фолбинлар нотўғри фоллари ҳақида умуман  гапирмайдилар. Ишонувчан инсонларга фолбинлар ғайбни биладигандек туюлади.

Бир куни шом вақтида қўшнининг ҳовлисидан бақир-чақир эшитилди. Манзура ая: “Тинчликми?” - дея қўшниникига югурди. Қўшни ёш оила,  иккита фарзанди бор. Йигит  ичкилик ичгани туфайли,  эр-хотин тез-тез жанжаллашиб турарди. Манзура ая қўшниникига чиққанларида,  сингил акасини бир аҳволда кўриб, ёрдамга чақиради.

Навбатдаги жанжалдан кейин келин ота-онасиникига кетиб қолган, қайтиб келишни ҳохламаган. Баъзилар йигитга “Фол очтириб кўр” деб маслаҳат беришган экан. Бошқа маҳалладаги  фолбинга борганида, у “Кўзимга бошқа эркак кўриняпти, ўрнингни бошқа эркакка алмаштирган” деб  йигитга гапиради.  Йигитга бу гап ёмон таъсир қилади.

Манзура ая қўшнисиникига чиққанида йигит, ўзини осмоқчи бўлиб турган экан.  Ҳай-ҳайлаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, нима гаплигини билганларидан кейин, “Аёлингни тартиблилигини ҳамма билади, иккита гулдек фарзандинг бўлса, ичкиликни ташла, болам”, деб маслаҳат берибдилар.

Уйга  чиқиб, энди дам оламан деб турганларида, қўшниникидан синглиси яна ёрдамга чақирди. Манзура ая яна қўшниникига чиққанида йигит қон босимини туширадиган доридан анчагинасини ичиб юборибди. Машинаси бор қўшнини чақириб, йигитни дарҳол касалхонага олиб боришди. Касалхонада ошқозонини қайта-қайта ювишгандан кейин у ўзига келди. Йигитга кўп панд-насиҳатлар қилиниб, келин билан яраштириб қўйилди.

Ҳозирги вақтда  йигитнинг оиласи маҳалладаги аҳил оилалардан бири. Лекин  фолбинликни ўзига касб қилиб олганларнинг башорати бир оиланинг пароканда бўлиши билан бирга бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлишига бир баҳя қолди.

Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл сураси, 65 оят. Имом Муслим ривояти).

Ҳаётимиз синовлардан иборат, ҳар биримиз  дуч келаётган синовларда  ақл билан фикр юритиб, оқибатини ўйлаб ҳар бир ишга оқилона ёндашишимиз зарур. Атрофимиздагилар, яқинларимизга турли иримларга ишонмаслик, бирор мусибат етганда  фолбин, сеҳр қилувчиларнинг олдига бормасликни  қатъий тушунтиришимиз зарур. Ҳар бир ишда Яратганга таваккул қилиш, тиббий касалликларда мутахассисларга мурожаат қилиш, шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиб юрган дуоларни ўқиб юриш тавсия этилади. 

 

Мунира Абубакирова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Read 2569 times

Мақолалар

Top