Мақолалар

Сабр эвазига топилган жаннат

Аллоҳ таоло борлиқни яратган Зотдир, Ўзи яратган нарсаларнинг гултожи қилиб инсонни яратди. Бутун башариятни беҳисоб неъматлари билан сийлади. Аммо ана шулар ичида бебаҳолари сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир. Кўпинча соғликни йўқотиб, бемор бўлганимизда тақдиримиздан нолиб «Қайси гуноҳим учун бу дардга чалиндим», деб ношукрлик ҳам қиламиз. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар.  Ана шундай кўпроқ учрайдиган синовлардан бири бу – беморлик. Одатда соғлиги, ҳаловатини йўқотган бемор соғлом одамга нисбатан кўпроқ Аллоҳни ёдга олади ва гуноҳларига пушаймон бўлади. Бу билан бандага тавба ва истиғфор эшикларини очилиб, Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлади.

Инсон икки дунёдаги ўз бахти ва саодатига эришиш йўлини, барча ҳақиқатларни ва икки дунё илмини бекаму кўст биладиган Аллоҳ таолодан астойдил сўраши керак. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига нисбатан бўлаётган синов деб билмоғи  ва сабр қилиб,  Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўраши керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло томонидан ўзига бериладиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади.

Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Аббос менга: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди. «Ҳа», дедим. «Манави қора хотин». Оддий, бир қора танли,  исмлари Суъайра ал-Асадия бўлиб, жуссали саҳобия аёллардан эди.

У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни излаб, масжидга келди. Дардини айтиб, шифо тилашларини сўрамоқчи бўлган экан. Расулуллоҳ «Марҳамат, гапир, қулоғим сенда», деган маънодаги қараш билан кутиб олдилар. У хотин бундан жасоратланиб, мақсадини бемалол айта олишига қаноат ҳосил қилиб:

— Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен тутқаноқ касалига йўлиққанман. Илтимос, бу касалликни аритишини сўраб Аллоҳга дуо қилсангиз. Келишдан мақсадим шу эди, — деди. Тутқаноқ бўлганда ҳам энг шиддатлисидан эди. Хасталик келганда, думалаб қолганда баданларининг маълум қисмлари очилиб ҳам кетарди. Афтидан аёлни асосан ташвишга солган нарса ҳам  шу эди. Бироқ Ҳазрати Пайғамбаримизнинг жавоблари уни катта имтиҳон остонасига олиб келиб қўйди:

— Истасанг, сабр қил, бунинг эвазига сенга жаннат берилади. Истасанг, сенга офият берилиши учун Аллоҳга дуо қиламан. Яъни, «Истасанг, дунё роҳатини, истасанг, охират ҳузурини танла», деганлари эди бу. Бир онда дунё ҳаёти кўз ўнгида гавдаланди. Бу муҳокама жуда қисқа вақтда кечди. Қарорини шахсан ўзи, азму ирода тўла бир овоз ила берди:

— Сабр қиламан!..

Қисқагина бу жавобдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида нур жилваланди ва шуълалар пайдо бўлди, мамнуният излари кўринди. Бу жавоб мустаҳкам бир иймонга, соф бир тушунча ва ниятга далолат қиларди. Дунёнинг фонийлигига ҳақиқатан ишонган, охиратни боқий деб билган бир инсонгина шундай жавоб қила оларди.

Аёл яна бир муддат турдида, сўнг бошқа бир нарса илтимос қилди:

— Ё Набийаллоҳ, тутқаноқ тутган пайтида баданим очилиб қолади, шундан уяламан. Дуо қилинг, баданим очилиб қолмасин, — деди. Пайғамбар алайҳиссалом қўл очиб, дуо қилдилар. Масала ўша ердаёқ ҳал бўлди. Аёлнинг тутқаноғи тутганда бадани очилмайдиган бўлди. Ўзи эса дардга сабр қилгани учун жаннатга кириш ваъдасини олди. Бу ваъда ҳақ ваъдадир. Пайғамбаримизнинг бу ниёзлари  рад этилмаслиги аниқ эди. Аёл келган тарафига қайтиб кетар экан, жаннати аёл эканига ишонган бир зот орқасидан ҳавас билан қараб қолди...

У кўздан ғойиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шерикларига бундай изоҳ бердилар:

— Мўминга келган ҳар мусибат туфайли Аллоҳ таоло унинг яхшилигини орттиради. Ёки ёмонликларидан бирини ўчиради. Гарчи бу мусибат оёғига тош ботиши ё тикан кириши бўлса ҳам.

Аллоҳ таоло мўминларни шу дунёда турли синовлар билан имтиҳон қилиб, кимнидир танасига дард беради. Кимдир фарзандидан айрилиб мусибатга йўлиқса, яна кимдир молиявий йўқотишга учраши мумкин. Буларнинг ҳаммаси ўша бандаларнинг гуноҳларини ўчирувчи каффорат бўлади. Ҳаёти поёнига етиб Аллоҳнинг хузурига борганда эса, дунёда тортган мусибатлари эвазига Аллоҳ уни   улуғ ажрлар билан мукофотлайди.

Эътибор беринг, ушбу саҳобия аёл бир умр касаликка, дардга сабр қилиб яшашлик эвазига жаннатга кириш ваъдасини олди. Ҳозирги кунимизда озгина беморлик ёки вақтинчалик берилган дардга сабр қилмай, нолиб шикоят ҳам қиламиз. Яна бир эътиборли томони дард сабабли йиқилганда баданини очилиб қолишидан ҳаё қилган аёл. Бугунги кунимизга жуда ҳам ибрат бўладиган хаёт намунаси. Бежирим, ярашиқли бичимлар ўрнига на миллий маданиятимиз ва на қадриятларимизга мос келадиган бачкана, ҳатто кулгули шаклдаги кийим-кечаклар пайдо бўлаяптики, кўриб энсангиз қотади. Ёшларимизнинг мода кетидан кўр-кўрона қувишлари ва янги чиққан тор, очиқ, калта либосларни мода дея эътироф этишлари ва бу турдаги кийимлар албатта кийилиши керак деб фикрлашлари айни хақиқат. Барча соҳаларда икки дунё бахту саодатига эришиш учун шариат аҳкомларига амал қилиш талаб этилганидек, кийиниш борасида ҳам ҳар хил ғоялар, маданиятлар ёки кўр-кўрона тақлидлардан воз кечиб, Аллоҳ таолонинг шариатига итоат этиш, бизларнинг улкан ютуғимиздир.

 

Раҳматилло МАДАМИНОВ,
Қўштепа тумани “Эшонгузар” масжиди имом-ноиби

Read 2603 times

Мақолалар

Top