Мақолалар

“Валентин куни“ – беҳаёлик тантанаси
Ҳар “баҳорда“ шу бўлар такрор
 
Эркак ва аёл, йигит ва қиз ўртасидаги муносабатлар яқин-яқингача ўта нозик масала саналиб келган. Унаштирилган йигит-қизлар то тўй ўтмагунча қуда томон вакилларидан ўзларини олиб қочиши, момоларимиз ҳурмат юзасидан ўз тан-маҳрамларини бош фарзанд исми билан чақириши, боболаримиз номаҳрамлар олдида ҳатто аёлининг исмини тилга олмагани ҳам ана шундай гўзал қадриятлар сирасига кирган. Етти-ёт бегоналар олдида қучоқлашиб, муҳаббат изҳор қилиш, тўйларда ҳамманинг олдида ғарбона рақс тушиш, “love story”ларини кўз-кўз этишлар ҳақида-ку гап ҳам бўлиши мумкин эмасди.
 
Албатта, Ғарбнинг ҳам ўзига хос бетакрор маданияти, санъати, фалсафаси бор ва уларга ҳурмат билан ёндашишга ҳақлимиз. Шу билан бирга, Ғарбнинг ҳар қандай таомилини кўр-кўрона қабул қилиш, уларни амалда қўллаш ўз миллий менталитетимизга очиқ-ошкор ҳурматсизлик намойиши эканини ҳам тушунамиз. Бироқ, афсуски, аҳоли, айниқса, ёшларимиз ҳали-ҳамон ғарб “анъаналари”га кўр-кўрона эргашаётгани ҳар биримизни ташвишга солади.
 
14 февраль қандай кун?
 
Ана шундай иллатлардан бири бу шубҳасиз 14 февралнинг “Авлиё Валентин куни” ёки оддийгина айтсак “Севишганлар куни” сифатида нишонланишидир. Тўғри, бугун дунёнинг кўпгина мамлакатларида бу кун расман бўлмаса-да, ёшлар томонидан оммавий тарзда байрам қилинади. Бундай “тантана” юртимизга ҳам кеча ёки бугун кириб келгани йўқ. Бир пайтлар турли радио ва телеканалларимиз, кўнгилочар нашрлар саҳифаларида бу кун муносабати билан турли жўшқин табриклару, “севги ҳикоялари”, дил изҳорининг антиқа кўринишлари тарғибига зўр берилгани ҳам сир эмас.
 
Муайян чора-тадбирлар туфайли бундай “кампания”нинг “шовқини” босилгандек. Аммо, ёшларимиз бу кунни бутунлай “унутиб” юборгани йўқ. Айни шу “айём” арафасида бозор ва расталар, дўконларида “Севишганлар куни” тимсолларини акс эттирувчи турли ҳадялар, откриткалар, ўйинчоқлар савдоси авж олади. Гул сотувчиларининг “кетмони учади”. Кафе ва ресторанлар “ишқ аҳли”нинг ташрифидан “обод” бўлади. Ҳатто унаштирилган бўлғуси “келин-куёв”ларнинг айнан шу куни учрашишлари, бир-бирига совға жўнатишлари одатий тус олган.
 
Айрим “учар” тадбиркор шоуменлар “Севишганлар куни”га бағишланган байрам дастурларини “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуди” билан ниқоблашга ҳам уринишади. Табиийки, бундай “кечалар”да Бобур Мирзонинг номи нари борса бир-икки марта тилга олинади, холос. Санъатимиз “юлдузлари” эса, азалий мавзудаги қўшиқлари билан жуфт-жуфт бўлиб ташриф буюрган тадбир меҳмонларини хушнуд этишади. Бу нима? Буюк саркарда ва шоир бобомиз руҳини таҳқирлаш эмасми? Савол туғилади: нега ўша “фидойи”лар 9 февраль – Ҳазрат Навоийнинг ёки 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темурнинг таваллудига бағишланган маърифий тадбирлар ўтказишмайди? Жавоби ўзингизга маълум.
 
Ўйлаб кўрайлик: муҳаббат аталмиш покиза, илоҳий туйғунинг аллақандай сохта байрамлару бачкана “урф-одатлар”, ялтироқ сувенирлар билан ўлчаниши унинг қадр-қимматини тушириб юбормаяптими? Бугун “севишганлар куни”да андишаю ор-номусни унутиб, бир-бирига бўлган оташин “севгиси”ни оламга ёйишга уринаётган ошиқ-маъшуқлар бир неча ой, ҳафта ва ҳатто саноқли кунлардан сўнг бир-биридан безиб, бошқа “эрмак” излашга тушиши ҳам бор гап-ку?
 
Авлиё Валентиннинг “каромати”
 
Келинг, бу ҳақдаги мулоҳазаларни давом эттиришдан аввал ёшларимизнинг “тақвими”дан ўрин олган ушбу “байрам”нинг тарихига бир кўз ташласак. Хўш, “Авлиё Валентин” деганлари ким ўзи? “Ул зоти шариф” нима “каромат кўрсатганлар?”
 
Маълумотларга кўра, милоддан аввалги учинчи асрда Қадимги Римда ёш болалар ўлими жуда кўпайиб кетади. Туғилиш даражаси кескин пасаяди. Бу эса ҳукуматни ташвишга солади. Эрамиздан аввалги 276 йилда бир коҳин туғилиш даражасини ошириш учун ўзига хос усулни тавсия қилади. Яъни эркаклар қадимги Рим маъбудларига қурбонлик қилинган жониворларнинг терисидан қамчи ясаб қип-яланғоч ҳолда шаҳарга кўчалари бўйлаб югурадилар ва дуч келган аёлларни “илоҳий қамчи” билан савалайдилар. Бу одат ҳар йилги анъана тусини олади. Кейинчалик эркаклар ва аёллар алоҳида “сайлгоҳ”га чиқиб, яланғоч ҳолатда ўйин-кулги қилишга, оммавий фаҳш билан намойишкорона шуғулланишга ўтадилар. Ҳатто Европага христианлик кириб келганидан кейин ҳам бу “байрам” давом этаверади.
 
Бошқа бир ривоятга кўра, Қадимги Рим ҳукмдори Клавдий жанг пайтида ўз аскарларига уйланишни ман қилади. Императорнинг ҳарбий шифокори ва руҳонийси, шаҳватпарастлиги билан ном қозонган Валентин эса яширин тарзда аскарларни аёллар билан таъминлай бошлайди. Буни пайқаб қолган Клавдий Валентинни зиндонга ташлайди. Валентин ҳатто зиндонда ҳам бузуқлик, фаҳш, маишат учун шароит топа олади. Император уни ўлимга ҳукм этади. Руҳоний ўлими олдидан ўз жазманига мактуб йўллайди... Орадан асрлар ўтиб, на насронийлик, на бошқа расмий динга алоқаси бўлмаган бир кимсанинг номи афсоналарга йўғрилиб, “Авлиё Валентин” номини олади. Шу тариқа у қатл этилган 14 февраль куни “севишганларнинг бир-бирига махсус откриткалар – “валентинкалар” йўллаш удум бўлиб қолганмиш.
 
Ҳар қандай вазиятда ҳам ушбу куннинг тарихи фаҳш, бузуқлик ва итоатсизликка бориб тақалади. Шу боис, “Авлиё Валентин куни”ни нишонлашга христиан руҳонийлари ҳам қарши чиқишади. Ва ўз-ўзидан маълумки, эзгулик, поклик ва бағрикенглик дини бўлган Ислом ҳам фаҳш, бузуқлик тантанаси кескин қоралайди.
 
“Гар васл муаббад ўлса не бок?”
 
Дастурхон устида чиройли кўкатлар билан безатилган таом аслида ҳаром қотган жонзот гўштидан тайёрланганини билган хўранданинг иштаҳаси бўғилади. “Авлиё Валентин куни”, “Севишганлар куни” сингари жарангдор номлар билан аталадиган, ёшларни ўзига оҳанрабодек тортадиган бу “байрам” ҳам аслида миллий қадриятларимизга, муқаддас динимизга мутлақо ёт иллат эканини, уни “нишонлаш” ҳам тарбиясизлик, ҳам шаккоклик эканини англагандан кейин-чи? Наҳотки, бизнинг ёшларимиз аллақандай бутпараст шармандаларнинг ёки шилқим қўшмачининг “руҳини шод” этиш учун мана шундай томошаларга бош қўшишса?
 
Яна мозийга қайтайлик. Пок муҳаббат, илоҳий ишқ Шарқда ҳам қадрланган, тараннум этилган. Ҳақиқий ошиқлар ва маъшуқалар ҳақида қиссалар, достонлар тўқилган. Тоҳир ва Зуҳра, Фарҳод ва Ширин, Вомиқ ва Узро, Гул ва Наврўз...
 
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг ўлмас асарларида ҳам, ишқ-муҳаббат таърифида гўзал байтларни учратамиз. Ул зот қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” достонидаги бир лавҳани эсланг: Икки севишган қалб эгаси тақдир тақозоси билан ярим тунда, саҳрода учрашадилар. Ширин дийдор онларида уларга ҳатто табиат ҳам халал беришни истамасди. Аммо, ана шундай дамларда ҳам икки ёш бирор ножўя ишга қўл уришмайди, одоб, ибо-ҳаё ва андишани унутишмайди. Чунки уларнинг покиза севгисига ҳали ота-она ризолик бермаган, уларнинг муносабатлари никоҳ риштаси ила ила боғланмаган эди.
 
Ҳазрат Навоий уларнинг висол дамларини таърифлай туриб:
 
Ҳар ишки ўтуб ҳалокликдин,
Айру эмас эрди покликдин,
Ишқ аҳли бу навъ бўлсалар пок,
Гар вас муаббад ўлса не бок?– дея хулоса қиладилар.
 
Яъни уларнинг муносабатлари покликдан айро эмасди. Агар севишганлар ҳам улар сингари покиза бўлишса, уларнинг висоли ҳам абадийдир.
 
Ҳа, аждодларимиз ишқ-муҳаббат бобида ҳам ўрнак кўрсатиб кетишган. Шундай экан, ёшларимиз ҳам маъжусийларнинг аллақайси қўшмачи “авлиёси”дан эмас, миллий адабиётимизнинг гултожи саналган ўлмас асарлардан ибрат олишса нур устига нур бўларди.
 

 

 
Рустам ЖАББОРОВ, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 3847 times

Мақолалар

Top