Мақолалар

Бир оят тафсири

إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ

 يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз, (Наҳл сураси, 90-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон»яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган. «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.

Инсоният тарихи мусулмонлар Ислом динини маҳкам тутиб унга амал қилган пайтларидан бошқа бирор вақт ва замонда бундай адолатни кўрган эмаслар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширадилар. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулотнинг ярмини беришга келишган эдилар. У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишни фойдаларига бурмоқчи бўлдилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга юзланиб: “Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга  сабаб бўла олмайди”, дедилар. Шунда яҳудийлар ажабланиб: “осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу узи”, дейишган.

Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган. Ҳозирги кунда адолат даъвосини қилаётганларнинг адолатсизликлари ҳам иймон ва исломсиз соф адолат бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор кўрсатмоқда. Чуни, ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор  қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолат ила гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга  тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган аламингиздан хабардор зотдир”, деган (Моида сураси, 8-оят).

Албатта, инсон ўзи учун ёки оиласи, қавм-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлилар учун эмас, ҳақда (ҳақ мақомда) туриши керак. Бу осон иш эмас. Шунингдек, кези келганда ўзига қарши ҳатто ота-онаси, бола чақасига қарши адолатли бўлишга ва адолат ила гувоҳлик беришликка тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш. Бундай мураккаб ишлар фақат иймоннинг таълимини тотган, исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Ҳаттоки душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан тўгри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди. Аммо, иймон ва ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад.

Адолат қилиш бу фақат тақволи инсоннинг қўлидан келади. Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини  топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишга туртки бўла оладиган инсон, у ҳам тақводор инсондир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси қуръоншунослик йўналиш

1-босқич магистранти Тожиддинов Абдусамад Абдулбосид ўғли

Read 2505 times

Мақолалар

Top