Мақолалар

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирини ёзишдаги услублари

Маълумки, Мовароуннаҳрда ўтган асрлар давомида юртимиз олимларини дунёга танитган кўплаб шоҳ асарлар яратилди. Мустақил диёримиздан тафсир илми соҳасига ҳам ўзларининг бой маънавий мерослари билан улкан ҳисса қўшган машҳур муфассирлар етишиб чиқди.

Ана шундай буюк алломаларимиздан бири, калом илмининг имоми, мусулмонлар эътиқодининг ислоҳчиси деб эътироф этилган зот имом Мотуридийни келтириб ўтишимиз мумкин.

Аллома ва унинг фаолияти ҳақида муҳтарам Юртбошимиз шундай таъриф берганлар: “Имом Мотуридий бобомизнинг ўрта асрлардаги ғоят хатарли ва таҳликали бир вазиятда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, авлодларга ибрат бўладиган маънавий жасорат намунасини кўрсатиб, ислом оламида «Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи» деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради”.

Мовароуннаҳрда тўлиқ мукаммал тафсир  асар тасниф этган илк муфассирлардан бири Абу Мансур ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий (238-333ҳ.й.) ҳисобланади. Унинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” номли тафсири “Аҳли сунна вал жамоа” йўналишининг энг мўътабар ва асосий манбаси саналади.

Имом Мотуридий кўплаб асарлар яратган бўлиб, унинг “ат-Тавҳид” ва “Таъвилоту аҳл ас-сунна” асарлари мусулмон оламида жуда катта шуҳрат қозонган. У калом, фиқҳ, усулул фиқҳ, мақолот каби соҳалар билан бир қаторда тафсир соҳасида ҳам улкан асар ёзиб қолдирган.

Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби вакили бўлиб, шу мазҳаб доирасида бошқа адашган фирқаларга раддиялар бериш усули билан тафсир ёзган. Унинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” тафсири энг муҳим асарларидан бўлиб, уни Аҳли суннани мухолиф йўналишлардан ҳимоя қилиш мақсадида ёзган. Мазкур тафсирнинг муқаддимасида Мотуридий тафсир ва таъвил тушунчаларининг фарқи ва таърифларини келтириб ўтади ва ўз ақидавий йўналишидан келиб чиқиб, калом илми услубларидан фойдаланган ҳолда моҳирона тафсир қилади. Мотуридий ушбу тафсирида мўътазилийларнинг имомларига, хусусан, Абул Қосим Каъбий ва Абу Муҳаммад Боҳилийларга раддиялар ёзган. Шунингдек, Карромийлар, Ботинийлар, Хорижийлар, Рофизийлар ва Қаромитийларга ҳам раддиялар берган.

Имом Мотуридийнинг ушбу шоҳ асари асрлар давомида Аҳли ас-сунна эътиқодининг софлиги йўлида улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

  Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна” тафсирини ёзишдаги услублари қуйидагилардан иборат бўлган:

  1. Аввал суранинг номини келтиради, сўнг оятни зикр этиб, “Бу оят хусусида шундай дейилган” ёки “Бу оятда икки ёки уч хил важҳ эҳтимол қилинади” деган ибораларни келтиради ва ҳар бир важҳни зикр қилиб, бахс юритади. Саҳоба, тобиий ва ишончли аҳли таъвил муфассирларнинг гапларини келтириб, ўз мазҳаби бўйича таржиҳ қилади ва фикрини оят, ҳадис ёки саҳиҳ хабарлар билан қувватлаб, “Бизнинг наздимиздаги асл ҳукм шуки” ёки “Бизнинг наздимизда” деган ибораларни келтиради.
  2. Агар бирор оятни Аҳли суннага мухолиф фирқалар тафсир қилишган бўлса, аввало, шу муфассирнинг исмини аниқ зикр қилади, масалан, Абу Бакр Асомм ёки Жаъфар ибн Ҳарб ва бошқалар. Шунингдек, фирқаларнинг номини ҳам келтириб ўтади. Масалан, мўътазилий, карромий, ботиний, хорижийлар ва ҳоказо. Сўнг уларнинг хилоф гаплари ва тафсирларини келтиради ва Аҳли ас-суннанинг ақидасини ҳимоя қилиш мақсадида уларга ақлий ва нақлий далиллар билан раддиялар беради.
  3. Агар оятда бирор фиқҳий масала баён қилинган бўлса, Мотуридий ўз мазҳаби бўйича, яъни Абу Ҳанифа (р.а) нинг фатволарига суянган ҳолда тафсир қилади ва бошқа мазҳаб фақиҳларига раддиялар беради.
  4. Агар Мотуридийга мухолиф фикр билдирганлар чуқур ғулувга берилган бўлса, унинг хатосини зикр қилиб, сўзининг охирида “Гапни исроф қилишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз”, деб, гапни қисқа қилади.
  5. Имом Мотуридий ихтилофларга сабаб бўладиган “истиво”, “мисл” каби оятларга катта эътибор қаратади ва бу оятларни нотўғри таъвил қилганларга қаттиқ раддиялар беради.

Имому-л-ҳуда, Имому-л-мутакаллимин ва Мусаҳҳиҳу ақидати-л- муслимин каби юксак эътирофлар билан таърифланган Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳл ас-сунна” номли тафсири ҳозирга қадар ўз қийматини йўқотмасдан келмоқда. Унинг ушбу шоҳ асари Мовароуннаҳрда ёзилган илк тафсир асарларидан ҳисобланади.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, алломанинг ҳаёти ва унинг илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишимиз бугунги кундаги ҳар хил ботил оқим ва йўналишлар ҳамда террористик гуруҳлар илгари сураётган бузғунчи ғояларга қарши маърифий курашишда улкан аҳамият касб этади.

                                                          

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Ҳувайдо” жоме

масжиди имом-хатиби

                                                                                

Read 2692 times

Мақолалар

Top