Мақолалар

Жаннатга киришни истамайдиганларга...

Сарлавҳани ўқиб наҳотки жаннатга киришни истамайдиган мўмин-мусулмон ҳам бор  бўлса деб ўйлашингиз аниқ. Аммо, ҳақиқатдан ҳам бундай тоифадаги инсонлар бор.  Уларнинг гап сўзлари, амаллари гўё “ҳаёт мана шу дунёдан иборат” деган тушунчада яшаётганликларидан дарак беради.

Хулоса қилишга шошилмаймиз. Эҳтимол улар жаннат ҳақида эшитмагандирлар, билмаслар. Биладиганлар билмайдиганларга жаннат васфини сўзлаб бермагандирлар...

Агар биз жаннат ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом сўзлаб берганларидек, саҳобалар англаганларидек, уламолар ва олимлар тушуниб етганларидек, ошиқлар муҳаббат қўйганларидек маълумотга эга бўлсак ва онгимизда жаннатга кириш ҳақида доимий мақсад бўлса албатта Аллоҳ таоло ниятимизга етказади.     

Келинг яхшиси жаннат ҳақида берилган Қуръони карим оятлари ҳамда ҳадиси шарифлардаги маълумотлар билан атрофлича танишиб ўтсак:        

“Парвардигори (ҳузурида) туришдан (яъни, Парвардигори олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир” (Раҳмон, 46). Сўнгра: У икки (жаннатдан) қуйироқда яна икки жаннат бордир (Раҳмон, 62), деди.

“Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот бўлсин, деб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирор жон билмас” (Сажда, 17).

У иккисида икки оқар чашма бордир (Раҳмон, 50).

У иккисида тинмай отилиб турувчи икки чашма бордир (Раҳмон, 66), дейди.

У иккисида барча мевадан икки нав бордир (Раҳмон, 52).

У иккисида мева, хурмо ва анорлар бордир(Раҳмон, 68).

“(Аҳли жаннат) астарлари шойидан бўлган кўрпачалар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)” (Раҳмон, 54).   

“(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўлтирурлар)” (Раҳмон, 76).

У (жаннат)ларда хушҳулқ ва гўзал юзли (аёл)лар бордир (Раҳмон, 70).

“(У икки жаннат сон-саноқсиз) шох-новдалар эгасидирлар (яъни, сермева ва соя-салқиндирлар)” (Раҳмон, 48).

У иккисида тинмай отилиб тургувчи икки чашма бордир (Раҳмон, 66).

У иккисида мева, хурмо ва анорлар бордир (Раҳмон, 68).

“(Жаннат аҳли у жаннатларда) яшил болишлар ва гўзал гиламлар устида ястанган ҳолларида (ўтирурлар)” (Раҳмон, 76)

“(Улар жаннатларда) ипак шойилардан бўлган, яшнаб турувчи либослар кийиб...” (Қаҳф, 31).

“Иймон келтириб яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор. Қачон ўша боғларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, "илгари тотиб кўрган нарсамизку", дейишади. Зеро, уларга сурати бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун жаннатда покиза жуфтлар бордир. У зотлар жаннатда абадий қолажаклар (Бақара, 25).

“Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли сифати (бу): Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир” (Муҳаммад, 15).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннатда юзта даража бор, уни Аллоҳ йўлида жахд қилувчилар учун тайёрлаб қўйган. Ҳар икки даражанииг ораси осмон билан ерча. Бас, агар Аллоҳдан сўрасангиз, Фирдавсни сўрангиз. Чунки у жаннатнинг энг олий ва баландидир, унинг шифти — Аллоҳнинг Арши. Ўша ердан жаннат дарёлари оқиб чиқади (Бухорий ривояти). Қатода айтади: Фирдавс — жаннатнинг энг олийи, энг ўртаси, афзали ва энг баландидир.

Абдуллоҳ ибн Аббос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Икки жаннат — жаннат кенгли-гидаги икки боғ-бўстон. Ҳар бир бўстоннинг кенглиги юз йиллик масофадир. Ҳар бир бўстоннинг ўртасида устма-уст нур ёғилиб турадиган ҳовли бор, ундаги ҳар бир нарса неъмат ва кўкаламзордан иборат. Унинг туриши абадий ва дарахтлари ўсувчидир” (Буни Ҳаравий ва Саълабийлар Абу Ҳурайрадан ҳам ривоят қилишган).

Имом Муслимнинг яна бир ривоятида келишича, Ибн Сайёд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатнинг тупроғи ҳақида сўраган. У зот: Соф мушкдан бўлган оппоқ тупроқ, деб жавоб берганлар.  
         Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннатда бир дарахт бор, суворий унинг соясида етмиш (ёки юз йил) юради. У “хулд” (абадият) дарахтидир” (Ибн Муборак ривояти).

Ибн Зайд ҳадис айтади: Бир киши: “Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, жаннатда хурмо борми, чунки мен хурмони яхши кўраман?” деди. “Ҳа, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ундаги хурмонинг танаси олтиндан, пастки қисми ҳам олтиндан, шохлари ҳам олтиндан, япроқлари бутун олам безакларидан гўзал, ғужумлари ҳам олтиндан, поялари ҳам олтиндан, мевалари кўзадан катта, ёғдан юмшоқ ва асалдан лаззатлироқдир”, дедилар у зот (Ибн Ваҳб ривояти).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннатда бир бозор бор. Ҳар жума унга келадилар. Сўнг шамол эсиб, уларнинг юзлари-ю кийимларига мушк сочади ва уларнинг ҳусни жамоли зиёда бўлади. Сўнг ҳусни ва жамоллари зиёда бўлган ҳолда қайтадилар. Аҳллари уларга: “Аллоҳга қасамки, биздан кейин ҳусни жамолда янада зиёда бўлибсиз”, дейди” (Муслим ривояти).

Муоз ибн Жабалдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаннат аҳли жаннатга соқолсиз, кўзларига сурма суртилган ҳолда ёшлари ўттиз ёки ўттиз уч бўлиб киради”.

Давоми бор...

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 2422 times

Мақолалар

Top