Мақолалар

Каронавирусга қарши энг афзал амал нима?

Бугунги кунда глобал долзарб муаммога айланган каронавирус инфекциясининг олдини олиш, унинг давосини топиш бўйича бутун дунё олимлари изланиш олиб бормоқда. Мутахасислар ҳозирда ушбу касалликка қарши энг яхши даво – унинг олдини олиш, яъни юқтирмаслик эканини, айтишмоқда. Демак, айни пайтда бор эътиборимизни карантин тартиб-қоидаларига тўла амал қилишга қаратишимиз зарур экан.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган koronavirusinfouz канали фойдаланувчилари орасида “Сиз қаердасиз?” / “Где вы сейчас?” саволлари асосида cўровнома ўтказилди. Унда қарийб 600 мингга яқин киши иштирок этди. Ўзбек тилида 370 мингдан кўпроқ, рус тилидагисида эса деярли 220 минг киши қатнашди.
Якуний натижаларга кўра, иштирокчиларнинг асосий қисми, яъни 64 /65 фоизи «Уйда, карантин режимида» экани, шунингдек, 26 фоиз фойдаланувчи ишдалиги, 10 фоиз атрофидаги киши эса масофадан туриб ишлаётгани маълум бўлди.
“Албатта, реал ижтимоий ҳаётдаги ҳолат сўровномадагидан бироз бошқачароқ бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ишончимиз комилки, юртдошларимизнинг асосий қисми карантин талабларига тўла риоя этмоқдалар ва уларга бунинг учун раҳмат айтамиз”, дейилади koronavirusinfouz канали хабарномасида.
Динимизда карантинга тарғиб
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Бундай жой эса уйимиздир.
Карантинда ўтирганлар оладиган ажу савоблар
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Таниқли уламоларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин, дейишмоқда.
Ибн Ҳажар Асқалоний айтадилар: “Ҳадиснинг мантуқи шуни тақозо қиладики, ким мазкур сифатлар билан тавсифланса, гарчи вабодан ўлмаса ҳам, унга шаҳиднинг ажри ҳосил бўлади”.
Демак, савоб нияти ва омонлик умидида уйимизда муқум бўлсак, нафақат ўзимиз ва оила аъзомизни юқумли касалликдан асраган, балки улкан мақом ажу савобига эга бўлар эканмиз.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2514 times

Мақолалар

Top