Мақолалар

Абу Исо Термизий муҳаддис сифатида

Ҳадис илми намоёндаларидан бири, олти саҳиҳ китоблардан бирининг соҳиби ва ўз даврининг етук олимларидан саналган Имом Абу Исо Термизий қадим Термиз шаҳридан етишиб чиққан буюк олимлардан бири ҳисобланади. Олимнинг насаби ҳақида манбалар ва адабиётларда турли хил маълумотлар келтирилган. Жумладан:

  1. Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ат-Термизий ад-Дарир[1].
  2. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ат-Термизий[2].
  3. Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Муса ибн аз-Заҳҳак ат-Термизий[3].
  4. Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Шаддад ибн аз-Заҳҳак.
  5. Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Шаддад ибн Исо ас-Суламий ат-Термизий ад-Дарир[4].
  6. Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савраҳ ибн ас-Сакан[5].
  7. Муҳаммад ибн Исо ибн Саҳл.
  8. Муҳаммад ибн Исо ибн Саҳл ибн Савраҳ.
  9. Муҳаммад ибн Исо ас-Суламий ат-Термизий[6].
  10. Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий[7].
  11. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий[8].
  12. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Шаддад ат-Тирмизий[9].
  13. Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Мусо ас-Суламий ал-Буғий ат-Тирмизий[10].
  14. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савраҳ ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ат-Тирмизий ад-Дарир[11].

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб Имом Термизийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Суламий ал-Буғий ат-Тирмизий ад-Дарир деган хулосага келиш мумкин. Чунки, бу маълумотлар Имом Термизий яшаган даврга яқин бўлган алломалар томонидан келтирилган. Шунингдек, ушбу хабарни ҳанафий мазҳабининг йирик олимларидан бир Мулла Нуруддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад Қорий Ҳаравий Маккий (930-1014/1524-1606) ҳам “аш-Шамоил ан-Набавия” асарига ёзган “Жамъу-л-Васоил фи Шарҳ аш-Шамоил” номли шарҳида ва Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий ўзининг “Сияр аълом ан-нубало” номли асарларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар[12]. Шунингдек, бу маълумотни Абу-л-Аббос Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон (608-681/1211-1282)ўзининг “Вафаят ал-аъён” номли асарида алоҳида таъкидланган[13].

Имом Абу Исо Термизий 209/824 йилда таваллуд топган[14]. Имом Абу Исо Термизийни “ат-Тирмизий” нисбаси билан тилга олинишига сабаб у кишининг ўша жойда дунёга келиб, ёшлиги ўша шаҳарда ўтганлиги ва умрларининг охирида яна қайтиб келишидир. Бу ҳақида машҳур тарихчи олим Ёқут Ҳамавий (574-626/1179-1229) олимни Термиз шаҳри аҳлининг машҳур олимларидан бири сифатида таъкидлаб ўтган[15].

Шунингдек, машҳур олимлардан бири Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “ал-Ансоб” асарида “Термиз” шаҳри ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб қуйидаги маълумотларни келтирган: “Бу шаҳар номининг талаффузи турли шаклда учрайди. Жумладан, баъзилар “Тармиз”, яна бирлари “Турмиз” ва бошқалар “Тирмиз”, деб талаффуз қилганлар. Лекин, ўша шаҳар аҳлининг муомаладаги тилида “Тирмиз” шаклида айтилади ва шу шакл тўғрисидир. Мен ҳам шаҳарда 12 кун яшаганман”[16]. Ёқут Ҳамавий (574-626/1179-1229) кўҳна Термиз шаҳрини “Термиз маданият ўчоғи бўлган машҳур шаҳарлардан бири бўлиб, унда қўҳандиз ва работ мавжуд ҳамда у девор билан ўралган. Бозорларининг эса, усти бостирилган”, деб тасвирлаган[17].

Имом Абу Исо Термизий яна “ал-Буғий” деб ҳам нисбатланган бўлиб бу ҳақда манбаларда аниқ маълумот келтирилмаган. “Буғ” Тирмиз шаҳри атрофида жойлашган қишлоқлардан бирининг номи ҳисобланади. Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний (ваф. 562/1166 й.) ўзининг “Китоб ал-Ансоб” асарида Термиз шаҳри атрофида жойлашган “Буғ” қишлоғи билан бир қаторда “Рухшабуз”[18] ва “Шайшақ” кабиларни ҳамда “Сорминжон” номли туманни ҳам зикр қилган[19]. Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжам ал-булдон” асарида эса, “Буъсанжу” номли қишлоқни келтириб ўтган[20]. “Буғ” қишлоғи Тирмиз шаҳридан 6 фарсах[21] узоқлик масофада жойлашган. Олимнинг “ал-Буғий” нисбаси билан аталишида икки хил фараз мавжуд, яъни, ушбу қишлоқда дунёга келгани ёки вафоти олдидан у ерда яшаганлигидир[22]. Ёқут Ҳамавий эса, Имом Абу Исо Термизийни шу қишлоқ номига нисбат берган, холос. Муҳаддиснинг ушбу қишлоқда дунёга келганлиги ҳақида маълумот айтмаган[23].

Имом Абу Исо Термизийнинг “Суламий” нисбаси билан номланишини Мулла Али Ал-Қорий “Жамъу-л-Васоил фи Шарҳ аш-Шамоил” номли асарида ва Хайруддин аз-Зириклий “Ал-Аълом” китобида[24] келтирганлар. Шундан, Мулла Али Ал-Қорий уни Қайс бин Айлон қабиласидан бири “Бани Салим” наслиданлигини таъкидлаб, Имом Абу Исо Термизийнинг ўзи ҳақида “Менинг бобом, Лайс ибн Сайёр даврида Марвда истиқомат қиларди. Кейинроқ, у ердан Термиз шаҳрига кўчган” деганини зикр қилган[25].

Абу Исо Термизийнинг оиласи ва ёшлиги ҳақида манбаларда маълумот кам учрайди. Баъзи манбаларда олимнинг исмига “ад-Дарир” сўзи ҳам қўшиб зикр қилинган бўлиб, у “Кўзи ожизлик”ни билдиради. Бу борада икки хил фикр мавжуд. Яъни, баъзи табақотларда олим туғма кўзи ожиз бўлган деб келтирилса, бошқаларида умрининг охирига яқин кўзи ожиз бўлиб қолганлиги айтилган. Шулардан иккинчиси кўпчилик олимлар томонидан эътироф этилиб, асосланган. Жумладан, Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (ваф. 748/1374 й.) ўзининг “Сияр Аълом ан-Нубало” номли асарида Абу Исо Термизий ҳақида бундай деган: “Бу борадаги энг тўғриси шуки, Имом Термизий катта ёшлик пайтида, илмий сафарлари ва асарларини ёзиб бўлгандан кейин кўзи ожиз бўлиб қолган”[26]. Қолаверса, Абу Исо Термизий ҳақида Абу Аҳмад Ал-Ҳоким бундай ривоят этган: “Мен Умар ибн Аъллак (ваф. 325/937 й.) дан шундай деганини эшитдим: Ал-Бухорий вафотидан кейин Хуросонда у кишининг ортидан илм, ҳифз, вараъ ва зуҳд илмларида Абу Исо Термизийга тенг келадиган бирор киши қолмади. У кўп йиғлайверганидан ҳатто кўзлари ожиз бўлиб қолди ва бир неча йиллар давомида шу ҳолатда яшади”[27]. Ушбу маълумотни Хайруддин аз-Зириклий ўзининг “Ал-Аълом” номли асарида[28] ва Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзининг “Таҳзиб ат-Таҳзиб” номли китобида таъкидлаганлар[29]. Бу борадаги хулоса шуки, Абу Исо Термизий умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолган.

Шунингдек, манбалар ва адабиётларда олимнинг вафот этган йили ва жойи борасида турли маълумотлар учрайди. Жумладан, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий (ваф. 748/1347 й.) ўзининг “Мизон ал-Иътидол фи Нақд ар-Рижол” асарида олимни етмиш ёшида ҳижрий 279 йили Ражаб ойи/милодий 892 йили октябрь ойида Термизда вафот этганини айтиб ўтган[30]. Шунингдек, Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий ҳам “Китоб Тазкират ал-Ҳуффоз” номли асарида ушбу маълумотни келтирган[31].

Хайруддин аз-Зириклий ўзининг “Ал-Аълом” асарида ҳам 279/892 йили Термизда вафот этганлигини зикр қилган[32]. Мулла Нуруддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад Қорий Ҳаравий Маккий (930-1014/1524-1606) ҳам “Аш-Шамоил” асари шарҳида худди шу гапни айтади. Тўлиқ маълумотни эса, Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон ўзининг “Вафаят ал-Аъён” номли асарида келтириб, олимни ҳижрий 279 йили 13 Ражаб ойи Душанба куни тунда (милодий 892 йили 17 октябрь ойи Жума куни тунда) Термизда вафот этганини таъкидлаб ўтган[33]. Аммо, Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъоний ўзининг “ал-Ансоб” асарида уни Буғ қишлоғида вафот этганини айтган[34]. Шунингдек, ушбу санани машҳур тарихчи олимлардан бири Ҳожи Халифа ҳам ўзининг “Кашф аз-Зунун” номли асарида келтирган[35].

Бу борадаги хулоса шуки, Имом Абу Исо Термизий бугунги кундаги Шеробод тумани ҳудудида дафн этилган. Бу жой “Абу Исо Термизий” ёки “Термиз Ота” номилари билан аталади.

Имом Абу Исо Термизийнинг куняси манбаларда “Абу Исо”(яъни, Исонинг отаси) деб келтирилган[36]. Бу эса, олимнинг Исо исмли ўғли бўлганлигини англатади.

Имом Термизийнинг илм олиш йўлидаги сафарлари борасида Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний (ваф. 629/1231 й.) “Китаб ат-Тақйид” асарида ва Хайруддин аз-Зириклий ҳам “Ал-Аълом” номли асарида Абу Исо Термизий илм ўрганиш йўлида Мовароуннаҳрнинг Термиз ва Бухоро шаҳарларига, Хуросоннинг Балх, Марв ва Рай шаҳарларига, Ироқнинг Куфа, Басра, Бағдод каби шаҳарларига ва Восит қишлоғига[37] ва Ҳижозга сафар қилганлигини таъкидлаб ўтганлар[38]. Шунингдек, Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий “Сияр Аълом ан-Нубало” номли китобида Абу Исо Термизий илм ўрганиш мақсадида Хуросон, Ироқ ва Ҳарамайнга борган. Лекин, Миср ва Шомга сафар қилмаган, деб зикр қилган[39]. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Абу Исо Термизий Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига илм ўрганиш мақсадида борган ва ҳадис илмини ўрганган. Хусусан, муҳаддис “Китоб ал-Илал ал-Кабир” асарини Самарқандда “Ийд ал-Адҳа” куни 270/884 йили ёзиб тугатган[40]. Бу эса, зша даврда олимнинг юртида илм нақадар ривожланганлигига далолат қилади.

Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Абу Исо Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганган баъзи олимлар у Бағдодга бормаган, агарда у ерда бўлганда эди, албатта Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал (164-241/781-855)дан ҳадис ривоят қилган бўларди деган фикрни билдирганлар[41]. Лекин, бизнингча олим Бағдодда бўлиб, ушбу шаҳардаги 241/855 йилдан кейин вафот этган муҳаддислардан ҳам ҳадис илмини ўрганган ва улардан ҳадислар ривоят қилган. Бу эса, Бағдодга 241/855 йилдан кейин борганини англатади. Абу Исо Термизий бағдодлик ёки у ерга бошқа ҳудудлардан келган Аҳмад ибн Иброҳим ал-Бағдодий (ваф. 246/860 й.), Иброҳим ибн Саид ат-Табарий ал-Бағдодий (ваф. 249/863 й.) каби ўттиз саккизта устозларидан ҳадисларни ривоят қилган. Абу Исо Термизий бағдодлик 241/855 йилдан олдин вафот этган муҳаддислардан ҳадисни билвосита, яъни бошқа ровийлар орқали ривоят қилган. Бу борадаги хулоса шуки, келтирилган далиллар Абу Исо Термизий Бағдодга тахминан 241-243/855-857 йиллар оралиғида борганлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, Абу Исо Термизий устозларининг ҳаётини ўрганиш унинг қачон ва қаерларга илмий сафарлар қилганлиги ҳақида илмий хулоса қилишга асос бўлади.

Ҳадис илми тарихида III/VIII аср “олтин асри” ҳисобланади. Хусусан, “ал-Кутуб ас-Ситта” – олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифлари бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топган. Шу сабабли ҳам, Имом Абу Исо Термизий ўзининг илмий сафари давомида кўплаб машҳур олимлардан ҳадис илмини ўрганишга муваффақ бўлган. Имом жами икки юз йигирма тўртта муҳаддисдан ҳадис ривоят қилган бўлиб, шулардан “Сунани Термизий” асарида икки юз йигирма бир муҳаддисдан ҳадислар ривоят қилган. Абу Исо Термизий устозларидан баъзиларининг вафот этган йили манбаларда келтирилган бўлса-да, бошқалари номаълум. Уларни қуйидаги тартибда кўриш мумкин:

- биринчи гуруҳ 230-239/845-853 йиллар оралиғида саккизта устози вафот этган;

- иккинчи гуруҳ 240-249/854-863 йиллар оралиғида саксон саккизта устози вафот этган;

- учинчи гуруҳ 250-259/864-873 йиллар оралиғида саксон иккита устози вафот этган;

- тўртинчи гуруҳ 260-269/874-882 йиллар оралиғида бешта устози вафот этган;

- бешинчи гуруҳ 280/893 йилда вафот этган устози Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф ат-Термизий бўлиб, у ушбу беш гуруҳда киритилганларнинг энг кеч вафот этган ҳисобланади;

- олтинчи гуруҳ вафот этган йили номаълум бўлган устозлари йигирма тўққизта.

Кўпчилик муҳаддис олимлар ҳаёти ва илмий фаолияти ўрганилса, дастлаб ўз юртидаги илмларни ўрганиши урф бўлган. Кейинчалик бошқа юртларга илмий сафарлар қилганлар. Хусусан, бизнингча, Абу Исо Термизийнинг фаолияти ҳам ушбу одатга мувофиқ бўлган. Бунга далил қилиб олимнинг устозларидан бири термизлик ўз даврининг йирик олимларидан ҳисобланган Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон ал-Боҳилий ат-Термизий (ваф. 231/846 й.)ни келтириш мумкин[42]. Бу олим асли Термиздан бўлса-да, кейинчалик Бағдодга бориб ўша ерда вафот этган. Шу туфайли ҳам, Абу Исо Термизий устозидан Термизда таълим олдими ёки Бағдодда аниқлаш мушкул. Тарихий воқелик қандай бўлганлигига қарамасдан, Абу Исо Термизий ушбу устозидан “Сунани Термизий”да ўн учта ва “Китаб ал-Илал ал-кабир” асарида битта ҳадис ривоят қилган.

Шунингдек, балхлик ўз даврининг йирик олимларидан Муҳаммад ибн Амр ас-Саввоқ ал-Балхий(ваф. 236/850 й.)ни келтириш мумкин. Муҳаддис ундан “Сунани Термизий”ида еттита ҳадис ривоят қилган. Бу эса, олимнинг хуросонлик муҳаддис олимлардан ҳам таълим олганлигини кўрсатади.

Абу Исо Термизий устозларидан учтаси – Имом Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорий (194-256/810-870), Имом Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий Абул Ҳусайн (204-261/819-875) ва Имом Абу Довуд машҳур муҳаддислардан ҳисобланади[43].

Албатта, Абу Исо Термизий имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорийнинг машҳур шогирдларидан бири бўлиб[44], ундан нафақат ҳадис илмини[45], балки йўналиш ва ҳидоятни ҳам ўрганган[46]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ўз даврининг ҳадис илми соҳасида етакчи олим ҳисобланади. Шу сабабли ҳам, Абу Исо Термизийнинг илмий фаолиятида унинг мавқеи жуда катта бўлган ва “Сунани Термизий”, “Китаб ал-Илал ал-Кабир” каби йирик асарларини ҳам устози Имом ал-Бухорий билан учрашганидан кейин битган. Бу ҳақида, муҳаддиснинг ўзи “Сунани Термизий” асарида қуйидагича баён этган: “Мен на Ироқ ва на Хуросонда “Илал” ва “Тарих” маъносини тушунишда ва санадларни билишда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимлироқ бирор кимни учратмадим”[47].  Шу сабабли ҳам, Абу Исо Термизий ушбу устозидан “Сунани Термизий” асарида ўнлаб ҳадислар ва “Жарҳ ва таъдил”га оид юзга яқин фикрларини ҳам келтириб ўтган. Имом ал-Бухорий ўз шогирди имом Термизийни алқаб, камтаринлик билан: “Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим”, деб таъкидлаган[48]. Бу Абу Исо Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.

Абу Исо Термизийнинг машҳур устозларидан яна бири Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий бўлиб, устозидан нафақат ҳадис илмини ўрганган, балки ундан ҳадис ҳам ривоят қилган. Хусусан, “Сунани Термизий”да ушбу устозидан ҳадис ривоят қилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, олимнинг устозларидан саккизтаси Термизга нисбат берилган бўлиб, “Сунани Термизий” асарида улардан жами қирқ бешта ҳадис ривоят қилинган.

Улар қуйидагилардир:

  1. Абу ал-Ҳасан Аҳмад ибн ал-Ҳасан ибн Жунайдиб ат-Термизий (250/864 йилдан олдин вафот этган)[49];
  2. Абу Довуд Ал-Жоруд ибн Муоз ас-Суламий ат-Термизий (ваф. 244/858 й.)[50];
  3. Абу Абдуллоҳ Солиҳ ибн Абдуллоҳ ибн Заквон ал-Боҳилий ат-Термизий[51];
  4. Абу Абдурраҳмон Муҳаммад ибн Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Маддувайҳ ал-Қураший ат-Термизий[52];
  5. Абу Исмоил Муҳаммад ибн Исмоил ибн Юсуф ат-Термизий (ваф. 280/893 й.)[53];
  6. Абу ал-Фазл Мактум ибн ал-Аббос ат-Термизий[54];
  7. Абу Имрон Мусо ибн Ҳизом ат-Термизий (ваф. 250/864 й.)[55].;
  8. Абу Абдуллоҳ Ҳурайм ибн Мисъар ал-Аздий ат-Термизий[56].

Шунингдек, Абу Исо Термизий “Сунани Термизий”ида ҳар биридан юзтадан ортиқ ҳадис ривоят қилган қуйидаги устозларини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Чунки, бу кўрсаткич олим улардан кўпроқ илм ўрганганлигини англатади. Ҳадис ривояти сони бўйича уларнинг тартиби қуйидагича:

  1. Абу Ражо Қутайба ибн Саидибн Жамил ибн ат-Ториф ас-Сақофий ал-Балхий (148/150-240/765/767-854) бўлиб[57], ундан 601та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Хуросонда бўлган пайтида таълим олган[58];
  2. Муҳаммад ибн Башор ибн Усмон ал-Басрий (167-252/783-866) бўлиб[59], ундан 442та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Басрада бўлган пайтида таълим олган[60];
  3. Маҳмуд ибн Ғайлон ал-Марвазий (ваф. 239/853 й.) бўлиб[61], ундан 292та ҳадис ривоят қилинган;
  4. Ҳаннод ибн ас-Сарий ат-Тамимий (152-243/769-857) бўлиб[62], ундан 280та ҳадис ривоят қилинган;
  5. Аҳмад ибн Маниъ ибн Абдурраҳмон ал-Бағавий (160-243/244/777-857/858) бўлиб[63], ундан 249та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Бағдодда бўлган пайтида таълим олган[64];
  6. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Абу Умар ал-Аданий (153-243/770-857) бўлиб, ундан 180та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Ҳижозда бўлган пайтида таълим олган[65].У ҳадис ва фиқҳ илмлари бўйича таниқли олимлардан бўлиб, “ал-Имон”, “ал-Муснад” каби асарлар муаллифдир[66];
  7. Абу Курайб Муҳаммад ибн ал-Ало ибн Курайб ал-Ҳамадоний ал-Куфий (161-247/778-861) бўлиб[67], ундан 176та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Куфада бўлган пайтида таълим олган[68];
  8. Али ибн Ҳужр ибн Иёс ас-Саъдий ал-Марвазий (154-/771-) бўлиб[69], ундан 158та ҳадис ривоят қилинган. Абу Исо Термизий ушбу устозидан ҳадис илмини Хуросонда бўлган пайтида таълим олган[70];
  9. Абу Муҳаммад Абд ибн Ҳумай ибн Наср ал-Кашший (170-249/786-863) бўлиб[71], ундан 158та ҳадис ривоят қилинган.

Ушбу тўққизта ровийдан жами 2547та ҳадис нақл қилинган бўлиб, “Сунани Термизий”нинг ярмидан кўпини ташкил этади. Бу эса, бир томондан Абу Исо Термизийнинг ҳадис илмини ўрганишга бўлган алоҳида эътиборини кўрсатса, иккинчи жиҳатдан ушбу устозларидан ҳадис илми борасида кўпроқ таълим олганлигини англатади.

Абу Исо Термизий устозларидан тўққизтаси “ал-Кутуб ас-ситта” таркибига киритилган олти ҳадис тўпламларининг муаллифлари бўлиб, Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий Абул Ҳусайн, Абу Довуд Сулаймон ибн Ал-Ашъас Ас-Сижистоний (202-275/259-888), Аҳмад ибн Шуайб Абу Абдурраҳмон Ан-Насоий (215-303/830-915) ва Муҳаммад ибн Язид ибн Можа Абу Абдуллоҳ (209-273/824-886) ривоятларида иштирок этган бўлиб, улар қуйидагилар:

  1. Абу Ҳафс Амр ибн Али ибн Баҳр ибн Касир ал-Фаллос (160-249/777-863).
  2. Муҳаммад ибн Башшар Бундор (167-252/783-866).
  3. Абу Мусо Муҳаммад ибн Ал-Мусанна (167-252/783-866). Абу Исо Термизий ушбу учта устозидан ҳадис илмини Басрада бўлган пайтида таълим олган[72].
  4. Зиёд ибн Яҳё Ал-Ҳассоний (ваф. 254/868).
  5. Аббос ибн Абдулазим Ал-Анбарий (ваф. 246/860 й.).
  6. Абу Саид Ал-Ашаж Абдуллоҳ ибн Саид Ал-Киндий (ваф. 257/871 й.).
  7. Яъқуб ибн Иброҳим Ад-Даракий (166-252/782-866).
  8. Муҳаммад ибн Маъмар Ал-Қайсий Ал-Боҳроний (ваф. 256/870 й.).
  9. Наср ибн Али Ал-Жаҳдамий (ваф. 250/864 й.).

Албатта, Абу Исо Термизийнинг маънавий мероси нафақат муъмин-мусулмонларга[73], балки барча инсонларга манфаатли бўлиб келмоқда. Шунингдек, муҳаддис илмий фаолияти давомида юзлаб шоргирдларига таълим берган. Шулардан ўттизтаси муҳаддис сифатида танилган. Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий (654-742/1256-1341) ўзининг “Таҳзиб ал-Камол фи асмои ар-рижол” номли асарида муҳаддисдан ҳадис ривоят қилганлардан йигирма олтита олимни санаб ўтган[74]:

  1. Абу Бакр Аҳмад ибн Исмоил ибн Омир ас-Самарқандий;
  2. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Довуд ал-Марвазий ат-Тожир;
  3. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али ибн Ҳисанавайҳ ал-Муқрий ан-Найсобурий;
  4. Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий;
  5. Абулҳорис Асад ибн Ҳимадавайҳ ан-Насафий;
  6. Ал-Ҳусайн ибн Юсуф ал-Фирабрий;
  7. Ҳаммод ибн Шокир ал-Варроқ ан-Насафий (ваф. 311/923 й.);
  8. Довуд ибн Наср ибн Суҳайл ал-Баздавий;
  9. Ар-Робиъ ибн Ҳаййон ал-Боҳилий;
  10. Абдуллоҳ ибн Наср ибн Суҳайл ал-Баздавий;
  11. Абд ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ан-Насафий;
  12. Абулҳасан Али ибн Умар ибн ат-Тақий ибн Кулсум ас-Саамарқандий;
  13. Ал-Фазл ибн Аммор ас-Сарром;
  14. Абулаббос Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб ибн Фузайл ал-Маҳбубий ал-Марвазий (ваф. 346/957 й.);
  15. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафий;
  16. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Суфён ибн ан-Наср ан-Насафий;
  17. Абу Али Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Яҳё ал-Қурроб ал-Ҳаравий (ваф. 324/936 й.);
  18. Абулфазл Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Анбар ан-Насафий;
  19. Муҳаммад ибн Маккий ибн Нуҳ ан-Насафий;
  20. Муҳаммад ибн ал-Мундир ибн Саид ал-Ҳаравий (ваф. 303/915 й.);
  21. Маҳмуд ибн Анбар Нуайим ан-Насафий (ваф. 320/932 й.);
  22. Абулфазл ал-Масиҳ ибн Абу Мусо ал-Кожурий (ваф. 320/932 й.);
  23. Абу Мутиъ Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафий(ваф. 380/990 й.);
  24. Маккий ибн Нуҳ ал-Муқрий ан-Насафий;
  25. Наср ибн Муҳаммад ибн Сабра аш-Ширикий;
  26. Ал-Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший(ваф. 335/946 й.).

Хуслоса ўрнида шуни айтиш керакки, Абу Исо Термизий нафақат ўз юрти, балки бошқа ўлкаларга ҳам илмий сафарлар қилиб ўз даврининг машҳур олимларидан турли илм соҳаларида таҳсил олган. Натижада, у буюк муҳаддислар қаторидан муносиб жой олган ва қатор қимматли асарларни битган. Хусусан, Абу Исо Термизийнинг саккизта устози айни термизлик бўлгани ҳам бир томондан Термиз шаҳрининг ўша давр ислом дини, илм-фан марказларидар бири бўлганини кўрсатса, иккинчи жиҳатдан термизлик олимларнинг илм-фанга катта ҳисса қўшганлиги англатади. Қолаверса, муҳаддиснинг илмий сафарларидан кейин ватанига қайтиб илм-фан тарқатишга саъй-ҳаракат қилгани ўз она юртига бўлган алоҳида эътиборни билдиради.

 

[1] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. II. – Б. 27.; Bearman P.J., TH. Bianquis, C. E. Bosworth, E. Vandonzel and W. P. Heinrighs. The Encyclopaedia of Islam. – Leiden: Brill Publishers, 2000. – Volume X. – Р. 547.

[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.; Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Китоб Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Б. 633.

[3] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.; Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 250.

[4] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 66.

[5] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 272.; Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 668.

[6] Абу Амр Усмон ибн Абдурраҳмон аш-Шаҳрзурий. Усул ал-ҳадис/таҳқиқ ва шарҳ муаллифи Нуруддин Иътр. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 1986. – Б. 385.

[7] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[8] Абулхайр Исомуддин Аҳмад ибн Мустофа ибн Жалил Тошкўпризода. Мифтаҳ ас-Саода. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1975. – Ж. II. – Б. 122.

[9] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. III. – Б. 45.; Абу Яъло ал-Халил ибн Абдуллоҳ ибн ибн Аҳмад ал-Халилий ал-Қазвиний. Китаб ал-иршад. – ар-Риёд: Мактаба ар-рушд, 1989. – Б. 904.

[10] Солаҳуддин Халил ибн Ойбек ас-Сафдий. Накт ал-ҳимян фи нукат ал-ъумён. Миср: ал-Матбаа ал-жамолия, 1911. – Б. 264.; Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[11] Шиҳабуддин Абулфаллаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ад-Дамашқий. Шазарот аз-Заҳаб фи ахбор ман заҳаб. – Байрут: Дор ибн Касир, 1986. – Ж. III. – Б. 327.

[12] Мулла Нуруддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад Қорий Ҳаравий Маккий. Жамъу-л-васоил фи шарҳ аш-шамоил. – Миср: (нашриёти ва йили кўрсатилмаган). – Ж. I. – Б. 6.; Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 272.

[13] Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон. Вафият ал-аъён. – Байрут: Дор Содир, 1978. – Ж. IV. – Б. 278.

[14] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[15] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. II. – Б. 27.

[16] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. III. – Б. 44-45.

[17] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. II. – Б. 26.

[18] Ушбу қишлоқ номи Ёқут Ҳамавий “Рухшайуз” шаклида берган. Қаранг. Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. III. – Б. 38.

[19] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. II. – Б. 334-335.; – Ж. VI. – Б. 98.; – Ж. VII. – Б. 470.; – Ж. VIII. – Б. 57.

[20] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. I. – Б. 508.

[21] Изоҳ. “Фарсах” узунлик ўлчов бирилиги бўлиб, 5760 метрга тенг.

[22] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. II. – Б. 334-335.; – Ж. III. – Б. 46.

[23] Шиҳобиддин Абу Абдуллоҳ Ёқут ибн Абдуллоҳ Ҳамавий. Мўъжам ал-булдон. – Байрут: Дор Cодир, 1977. – Ж. I. – Б. 510.

[24] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[25] Мулла Нуруддин Абу-л-Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад Қорий Ҳаравий Маккий. Жамъу-л-васоил фи шарҳ аш-шамоил. – Миср: (нашриёти ва йили кўрсатилмаган). – Ж. I. – Б. 6-7.

[26] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 272.

[27] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 273.

[28] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[29] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.

[30] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.

[31] Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад аз-Заҳабий. Китоб Тазкират ал-ҳуффоз. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1998. – Б. 635.

[32] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[33] Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон. Вафият ал-аъён. – Байрут: Дор Содир, 1978. – Ж. IV. – Б. 278.

[34] Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур ат-Тамимий ас-Самъаний. Ал-Ансоб. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1980. – Ж. III. – Б. 46.

[35] Мустафо ибн Абдуллоҳ. Кашф аз-зунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос ал-арабий, 2004. – Ж. I. – Б. 320.

[36] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Мизон ал-иътидол фи нақд ар-рижол. – Байрут: Дор ал-маърифа, 1975. – Ж. III. – Б. 678.

[37] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[38] Хайруддин аз-Зириклий. Ал-Аълом. – Байрут: Дор ал-илм ли-л-мулойин, 2002. – Ж. VI. – Б. 322.

[39] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХIII. – Б. 273.

[40] Шиҳабуддин Абу Ҳафс Умар ибн Касир ибн Давъин ибн Касир ал-Қураший. Ал-Бидая ва-н-ниҳая. – Байрут: Дор ал-маориф, 1990. – Ж. XI. – Б. 67.

[41] Қаранг. Нуруддин Иътр. Ал-Имом ат-Термизий ва ал-Мувазанат байна жамиъҳ ва байна ас-саҳиҳайн. – Қоҳира: Матбаа лажнат ат-таълиф ва ат-таржамат ва ан-нашр, 1970. – 526 б.

[42] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XIII. – Б. 61-63.

[43] Абдулазиз Валийуллоҳ ад-Деҳлавий. Бустон ал-муҳаддисин. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2002. – Б. 84.

[44] Шамсуддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Халликон. Алвафият ал-аъён. – Байрут: Дор Содир, 1978. – Ж. IV. – Б. 278.

[45] Солаҳуддин Халил ибн Ойбек ас-Сафдий. Накт ал-ҳимян фи нукат ал-ъумён. Миср: ал-Матбаа ал-жамолия, 1911. – Б. 264.

[46] Абдулазиз Валийуллоҳ ад-Деҳлавий. Бустон ал-муҳаддисин. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 2002. – Б. 84.

[47] Абу Исо Термизий. Сунан. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1996. – Ж. VI. – Б. 229.

[48] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 669.

[49] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. IV. – Б. 496.

[50] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. VIII. – Б. 166.

[51] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XIII. – Б. 61-63; Солаҳуддин Халил ибн Ойбек ас-Сафдий. Накт ал-ҳимян фи нукат ал-ъумён. Миср: ал-Матбаа ал-жамолия, 1911. – Б. 264.

[52] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 148.

[53] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. III. – Б. 514-515.

[54] Шиҳобуддин Абулфазл Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Таҳзиб ат-таҳзиб. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. IV. – Б. 148.

[55] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 163.

[56] Ал-Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад ат-Тамимий ал-Бустий. Китоб ас-Сиқот. – Ҳайдаробод: Доирот ал-маърифа ли Умания, 1973. – Ж. IХ. – Б. 245.

[57] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХI. – Б. 13-24.

[58] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[59] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХII. – Б. 144-149.

[60] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[61] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХII. – Б. 223-224.

[62] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХI. – Б. 265-266.

[63] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХI. – Б. 483-484.

[64] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[65] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[66] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXXII. – Б. 639-642.

[67] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХI. – Б. 394-398.

[68] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[69] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХI. – Б. 507-513.

[70] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[71] Шиҳобуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон аз-Заҳабий. Сияр аълом ан-нубало. – Байрут: Муассасат ар-рисола, 1996. – Ж. ХII. – Б. 235-238.

[72] Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғаний. Китаб ат-тақйид. – Ҳайдаробод: Матбаа мажлис ад-доират ал-усмония, 1983. – Ж. I. – Б. 92.

[73] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 250.

[74] Жамолуддин Абулҳажжож Юсуф ал-Миззий. Таҳзиб ал-Камол. – Байрут: Муассасат ар-рисала, 1996. – Ж. XXVI. – Б. 251-252.

 

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институти  "Ҳадис ва ислом тарихи фанлари" кафедраси ўқитувчиси Ф.Хомидов

Мақолалар

Top