Мақолалар

Карантин: Тафаккур қилиш вақти. Тафакур ўзи нима?

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Қоқилмагунча ҳалийм бўлмас. Тажриба кўрмагунча ҳакийм бўлмас»

Яна бир ҳадиси шариф мазмунига кўра, “ҳикматли сўз мўмин йўқотган инжу, бинобарин, уни излашга, қаердан топса – олишга ҳақли. Чунки у ўз ганжи ҳисобланади”. Салафлардан қолган пурмаъно сўзларни, донишмандларнинг ўгит-насиҳатларини одамийлик сабоқлари, ахлоқий тарбия бобида муҳим дастурил амал десак, янглишмаймиз. Қуйидаги ҳикматлар донолар бисотидан сараланган намуналардир.

 

  • Турли-туман тарбиявий ҳикоятлар ва ҳикматли сўзларни тўплаш тенгсиз давлат, уларга амал қилиш эса чексиз бойликдир (Шарқ мутаффаккирлари).
  • Инсоннинг маънавий қиёфаси ҳақида ҳукм чиқарганда унинг айрим жонбозликларини эмас, кундалик ҳаётини ҳисобга олиш даркор (Б.Паскаль).
  • Одамлар ҳеч қачон мислсиз яхши ёки ҳаддан ташқари ёмон бўлмайдилар (Ларошфуко)
  • Ўзи ҳақида ҳукм чиқаришга ўрганмаган одам бошқалар ҳақида ҳукм чиқаролмайди (Гёте).
  • Аввалбош одам яшашни ўрганиб олмоғи, кейингина ўзгаларни айбламоғи керак! (Ф.Достоевский)
  • Ўзингни бахтли ва ҳурсанд қилишнинг энг яхши йўли – кимнингдир кўнглини кўтариш ва уларга бахт улашишдир (А.Навоий).
  • Шундай одамлар борки, уларга одамдай муомала қилсанг, махлуққа айланиб кетадилар (Ключевский).
  • Кунлари бир хил ўтаётган инсон бахтсиздир (ҳадисдан).
  • Эрталаб ўрнингдан туриб ўзингдан: “Нима иш қилишим керак?”, кечқурун ётишингдан олдин эса: “Нима иш қилдим ?” – дея сўра (уламолар бисотидан).
  • Ҳеч қандай ишга дабдаба билан киришмаслик керак: тантанаворлик иш тугаганда ярашади (Гёте).
  • Кимки майда ишни эплолмаса, каттаси ҳам қўлидан келмайди (Ломоносов).
  • Инсонларга фойда берадиган севимли ишинг борми? Демак сен энг бахтли одамсан (Саййид Аброр).
  • Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди.
  • Шундай одамлар борки, улар сувга тушган хасдек ҳеч бир мақсадсиз дунёдан ўтиб кетадилар; улар сузишмайди, оқим уларни олиб юради (Сенека).
  • Гуноҳ ва маъсиятни кўра туриб жим туриш ўша гуноҳни қилиш билан баробардир (Уламолар бисотидан).
  • Лоқайд одам жазонинг энг оғирига ҳақлидир.
  • Доно одамнинг хислати уч нарсада намоён бўлади:
  1. Бошқаларга берган маслаҳатига ўзи ҳам амал қилади;
  2. Ҳеч қачон ҳақиқатга қарши бормайди;
  3. Ўз атрофидаги одамларнинг нуқсонларига сабр-тоқат билан чидайди.

                                                                                            Лев Толстой

  • Оддий нарсада мўъжизавий сифатни кўра олиш лаёқати, шаксиз, донолик аломатидир
  • Мақтаниб гапириш – заифликнинг биринчи аломати, кимки зўр ишларга лаёқатли экан, у тилини тийган бўлади (Цицерон).
  • Ожизликдан келиб чиқадиган камтарлик фазилат эмас (Уламолар бисотидан).
  • Гўзал одоб ёрдамида истеъдод ва ҳатто, куч билан эришиш мумкин бўлмаган ғалабага эришиш мумкин.
  • Куч ва қудрат сўкиниш ва ҳақорат қилишга муҳтож эмас.
  • Шовқин-сурон учун майда одамларни – ноғорачиларни танлайдилар (Лихтенберг).
  • Кўрнамакка илтифот кўрсатиш – у қадар бахтсизлик эмас, аммо қабиҳ одамдан ёрдам сўраш катта бахтсизликдир (Ларошфуко).
  • Нафратимизга учраган кишиларнинг ёрдамига муҳтож бўлиш оғир мусибатдир (Қобус).

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Read 3007 times

Мақолалар

Top