Мақолалар

Кейинги йилларда, афсуски, экстремизм чуқур илдиз отаётган мудҳиш иллат сифатида дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Жаҳоннинг турли бурчакларида экстремистик ўчоқлар ва ташкилотлар пайдо бўлиб, мутаассиб аъзолари томонидан ақл бовар қилмас жиноятлар содир этилмоқда.

Экстремистларнинг асосий мақсади бирор-бир давлатда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариб, амалдаги тузумни ўзгартириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш, миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғатиш, маънавиятини емириш, моддий бойликларини талаш, қурол-яроғ ва наркотиклар савдосини кучайтиришдир.

“Экстремизм” тушунчаси Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда қайта-қайта келган “ғулув”, “туғён”, “ҳаддан ошиш” каби сўзлар билан ҳамоҳанг бўлиб, динимиз таълимоти­да уларнинг барчаси қаттиқ қораланган. Масалан, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини ғу­лувдан қайтариб, бундай огоҳлантиради: «Эй аҳ­ли китоблар! (Исони ило­­ҳий­­лаш­тириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ (гап)ни айтин­гиз!..» (Нисо сураси, 171-оят). Бошқа ояти карима­да: “Эй аҳ­ли ки­тоб­лар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдин­дан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!” (Моида сураси, 77-оят), деб амр қилинган.

Муқаддас динимизда як­каю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилиб, бирдам­ликка чақирилади. Дин­да ғулувга кетиш, ҳад­дан ошиш ихтилофга, гуруҳ­бозликка, ақиданинг бузилишига олиб келади. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж, мўътазила ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши, асосан, динда ғулувга кетиш­нинг оқибатидир. Ғу­лув машаққат бўлгани боис одамлар тўғри йўлдан озиб, диндан нафратланиб, бе­зиб қоладилар. Охир-оқибат шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига ма­шаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиши ва динни машақ­қатдан иборат қилиб кўр­сатишга сабаб бўладилар. Бу эса Ислом ди­нининг мўъ­та­диллик ва енгилликка ча­­қи­рувчи, машаққат ва қи­йинчиликларни бартараф этишга асосланган таъли­мот­ларига зиддир. Зеро, ен­гил­лик бериш Исломнинг асо­сий шиор­­ларидан биридир.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Осонлаштиринг, асло қийинлаштирманг. Башорат беринг, ҳеч ҳам нафратлантирманг”, де­йилган.

Ислом дини фасодга қар­­ши курашиб, ошкора ва бо­­тиний фитналардан қай­тарган. Аъроф сурасининг 56-оятида: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қил­мангиз!» деб амр этилган.

Муфассирлар ушбу оят тафсирида “арз”, яъни “ер” сў­зи, араб қоидаларига кўра, алиф-лом билан келгани учун муайян бир жойга – Мадина шаҳрига далолат қилади, де­йишади. Шунда оятнинг мазмуни: “Мадина шаҳри ислоҳ қилинганидан кейин у ерда фасод ишларни қилманг”, бў­лади. Мадина – Ер юзидаги кичкина шаҳар. Мана шу жой­да ҳам фасод қилмаслик­ка буюриляпти. Модомики, кичик шаҳарда фасодга чек қў­йилмас экан, худди учқун бутун бошли ўрмоннинг кулини кўкка совурганидек, фасод ишлар – экстремизм, терроризм ҳам Ер юзини вайрон қилади.

Ҳозирги кунда айрим дав­латларда ғулувга кетган, қў­ли қонга ботган бир қанча экстремистик гуруҳлар фао­лият олиб бораётгани сир эмас. Ғарб мамлакатлари­нинг баъ­зи оммавий ахборот восита­лари ушбу экстремис­тик гу­руҳларнинг қўпорувчилик ҳаракатларини Ислом дини билан боғлашга уринмоқ­далар. Ваҳоланки, Ислом дини экстремизмни, терроризмни қаттиқ қоралайди, лаънатлайди. Динимиз экстремизмга қарши курашни ўн беш аср олдин бошлаган. Исломнинг мўътадил дин эка­ни унинг ҳар қандай экстре­мизмга, хунрезликка қарши­лигининг яққол исботидир.

Турли экстремистик оқим­­лар таъсирига тушиб қол­ган кимсаларнинг гумроҳли­­ги шундаки, кўр кўрни қорон­ғида топибди деганидай, улар фақат ўзларига ўхшаш кишиларнинг гапларига ишо­нишади. Самимий на­сиҳат қилиб, тўғри йўлни кўр­сат­ган олимлар у ёқда турсин, баъзан айримлари ота-она­си, акасини ҳам тан олмайди. Булар ҳақида Қуръони каримда: «Парвар­дигори­нинг оятлари би­лан насиҳат қилингани­дан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан кўра ким ҳам золимроқ­дир?! Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз» (Сажда сураси, 22-оят), деб марҳамат қилинган.

Шукрки, бағрикенг юртда яшаяпмиз. Мамлакатимизда шонли саналар, байрамлар муносабати билан адашиб турли экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиб, озодликдан маҳрум этилган, айни пайтда қил­мишига чин пушаймон бў­либ, бутунлай тузалиш йўли­га ўтган фуқароларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари эълон қилиняпти. Оиласи бағрига қайтаётган бундай фуқаролар билан кайвонилар, ҳожи оталар иштирокида суҳбатлар ўтказиб, уларга динимизнинг асл мо­ҳиятини тушунтиришга ҳа­ракат қиляпмиз.

Ибн Аббос розияллоҳу ан­ҳумо муаззам Каъба девори­га суяниб бундай деганлар: “Эй Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг баланд. Лекин агар сени етти марта бузиб вайрон қилганимда ҳам бир мусулмонга озор берганим­чалик ёмон иш қилмаган бў­лар эдим”.

Видолашув ҳажида Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, қонин­гиз, молингиз ва обрўйингиз бир-биринизга худди бугунги кундай, шу шаҳардай ва шу ойдай ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти), деб огоҳ­лантир­ганлар. .

Ибн Ҳажар Асқалоний ушбу ҳадис шарҳида: “Пайғам­бар соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам мусулмонларни қад­ри, улуғлиги, азизлиги, ҳур­мати аён бўлган нарсалар: Қурбон ҳайити, Макка шаҳри ва муҳаррам ойи каби ўзаро молларини, жонларини ва обрўларни ҳурмат қилишга даъват қилдилар”, деб таъ­кидлайди. .

Имом Шотибий “Муваф­фақот” китобида ёзишича, барча самовий динлар каби Ислом ҳам беш нарсани – нафс, жон, мол, ақл ва нас­лу насабни ҳимоясига олган. Экстремист ва уларнинг ҳо­мийлари эса гуруҳлар шу нарсаларнинг ҳаммасига қарши уруш эълон қилиб, ақидани ҳам, иқтисодни ҳам, жамиятдаги ижтимоий муносабатларни, тинчлик-тотувлик, ҳам­жиҳатликни ҳам бузиш па­йида бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, биз ёшларнинг онгу шуури­ни ҳар қандай зарарли мафкуралардан, ғоялардан ҳимоя қила олсак, одамларга бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишни ўртага олсак, дунёнинг айрим минтақаларида кузатилаётган урушлар, қон­ли тўқнашувлар, вайронагарчиликлар, дин ниқоби остида содир этилаётган ваҳшиёна ҳаракатлардан огоҳ эта олсак, динимизни, юртимизни турли бузғунчи кучлар адоватидан сақлаган бўламиз. Зеро, зарарни даф этиш фойдани жалб қилишдан муқаддамдир.

 

Азизхўжа ИНОЯТОВ,

Бухоро вилоятидаги «Чор-Бакр» жоме масжиди имом-хатиби

Read 1807 times

Мақолалар

Top