Мақолалар

Касбларнинг энг афзали

Динимизда зироатчилик билан шуғулланиш улуғ амаллардан ҳисобанади. Чунки деҳқонлардан ҳамма манфаат олади. Аллоҳ таоло бу касб эгаларини жуда кўп жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис Ислом уламолари наздида деҳқончилик касбларнинг ичидаги энг афзал касб саналади. Қиёматда жаннатилар жаннат эшиклари олдида тўпланганда “Ким биринчи киради?”, дейилганда «Деҳқонлар», деб айтилар экан.
Ҳадиси шарифларда деҳқончилик ва чорвачиик билан шуғулланган одамларга кўплаб савоб ва ажрлар борлиги айтилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Қайси бир мусулмон бирор экин экса-ю, ундан ейилгани, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақа бўлади. Йиртқичлари егани ҳам унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир». Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон киши бир экин экса-ю, ўшандан инсонми, жонворми, қушми, еса, албатта, қиёмат кунигача унинг учун садақа бўлади», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Саҳобаларнинг бир қанчалари деҳқончилик билан шуғилланганлар. Жумладан, Ислом тарихида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра, тажрибали қўмондон, моҳир мерган Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумлар деҳқончилик сир-асрорларидан воқиф бўлиб, мўл ҳосил олиш йўлини яхши билганлар.
Ҳар бир киши ўз меҳнати билан касб қилиб, ризқ-рўз талаб қилиши катта фазилат ҳисобланади. Миқдом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Ҳеч ким, ҳеч қачон ўз қўли (меҳнати) билан топган таомидан яхшироқ таом еган эмас” (Имом Бухорий ривояти).
Баҳор фаслида Аллоҳ таоло ердан унумли фойдаланиб, унга турли хил экинларни қадаш, улардан ҳосил олиб, ўзимиз ва бошқаларнинг ризқли бўлишига ҳаракат қилишимиз бандалик бурчимиздир. Зеро, Аллоҳ таоло ерни инсоният учун буйсундириб, унда тирикчилик, деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа касбу кор учун восита – неъмат қилиб берган.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “У сизларга ерни буйсундириб қўйган Зотдир” («Мулк» сураси, 15-оят), “Батаҳқиқки, Биз сизларни ер юзида имконли қилдик ва унда сизларга маишат (воситалари) қилдик. Жуда оз шукр қиласизлар” («Аъроф» сураси, 10-оят).
Афсуски, ўзидаги имкониятлардан фойдаланмаётган кишиларнинг борлиги ачинарлидир. Ахир, ўз томорқасида деҳқончилик қилса, ўзи ва бошқаларга ҳалол ризқ, ўзгаларга манфаат бергани учун садақа савобига эга бўлишадику!? Алҳамдулиллаҳ, заминимиз қуёшли, ерларимиз серунум. Нима экмайлик, албатта, униб, мўл ҳосил беради.
Қадимда бир маддоҳ бўлган экан. Ўзининг маза-бемаза қофияли шеърлари билан барчанинг жонига тегибди. Атрофидагиларнинг бетакаллуфлигидан норози бўлган маддоҳ бир ҳафта мобайнида подшоҳга атаб қирқ байт мадҳ битибди. Алқисса, подшоҳ ҳузурига кирган маддоҳ ўз мадҳини ўқий бошлабди. У ўқиган сайин подшоҳнинг юзи тундлашиб бораверибди. «Ашъор»и яримламай туриб подшоҳ мулозимларига «Шоирнинг ҳар бир мисраси учун бир даррадан урилсин. Туманидан тўрт таноб ер ажратилиб, бундан буёнига деҳқончилик билан шуғуллансин. Ёнидаги деҳқонлардан кам ҳосил олса, зиндонбанд қилинсин», дея амр этибди. Жазодан қўрққан маддоҳ бор меҳрини бериб, меҳнат қилибди. Натижада мўл ҳосилга эга бўлиб, дастлабки ҳосилидан саройга олиб келибди. Унинг меҳнати самарасини кўрган подшоҳ қирқ тилло билан сийлаб, «раҳмат сизга бобо деҳқон!» дея тасаннолар айтган экан. Қиссадан хулоса чиқариш ўзимизга боғлиқ.
Меҳнат инсонни улуғлайди, ризқнинг кенг бўлишига сабаб бўлади. Агар меҳнат ерга сингдирилса, нафи бир неча карра бўлиши, шубҳасиз.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом-хатиби

Read 2398 times

Мақолалар

Top